Халқ демократик партияси фракцияси ўзини парламентдаги мухолифат фракцияси дея эълон қилди

11:53 13 Май 2025 Сиёсат
184 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси ўзини парламентдаги мухолифат фракцияси, деб эълон қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг сайтида партиянинг расмий баёноти эълон қилинди.

“Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон ўзини суверен, демократик, ҳуқуқий ва дунёвий давлат билан бир қаторда ижтимоий давлат деб эълон қилди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, шу жумладан ижтимоий ҳуқуқларни таъминлаш борасида мутлақо янги механизмлар жорий этилди.

Партиямиз ижтимоий ҳимоя тизими кафолатларини Конституция даражасида мустаҳкамланишини тарихий ютуқ сифатида баҳолайди.

Бу шубҳасиз, Халқ демократик партиясининг мамлакатда ижтимоий адолат, тенглик ва ижтимоий бирдамлик мезонларига мос келадиган демократик ижтимоий давлат барпо этиш мақсадлари билан чамбарчас мувофиқ эканлигини эътироф этади.

Сўл қанот партия сифатида фаолиятимиз давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, аҳолини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича чоралар кўришда фаол қатнашиб келмоқдамиз.

Қонунчилик палатаси фаолиятини чуқур таҳлил қилиш, унинг ишини кузатиш ва холис баҳолаш ҳамда электорат фикрини инобатга олган ҳолда партия ўтган даврдаги фаолияти натижалари, сайловолди платформаси ва ҳукумат дастури йўналишлари таҳлили асосида ўз сиёсий позициясини шакллантирди.

Ўнг партиялар ўз дастурий мақсад ва вазифаларининг яқинлигидан келиб чиққан ҳолда парламентдаги кўпчилик – «Тараққиёт блоки»ни тузиш тўғрисида қарор қабул қилдилар. Биз мазкур блокнинг тузилишига эътироз билдирмаган ҳолда унинг устувор вазифалари, шунингдек ҳукумат дастури ва фаолиятининг айрим йўналишларига қўшила олмаймиз.

Хусусан:

– иқтисодиётда давлат иштироки, стратегик аҳамиятга эга компаниялар устидан давлат назоратини сақлаб қолишга эътиборнинг камлиги, уларни хусусийлаштириш қонун даражасида тақиқланмаганлиги;

– рақобатбардош ва бозор механизмлари орқали бошқариладиган пенсия тизимига ўтиш заруриятининг мавжудлиги

– коммунал тўловлари (газ, электр ва бошқалар) масаласида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашнинг истиқболга мўлжалланган аниқ стратегияси ишлаб чиқилмаганлиги;

– улушдорлик асосида уй-жой қуриш бўйича фуқаролар улушларини ҳимоя қилиш ва кафолатлаш тизимининг ҳанузга қадар яратилмаганлиги;

– аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизими жорий этилмаганлиги (кўп маблағ топган, кўп тўлаши лозим тамойилини қўллаш лозим), шу жумладан қимматбаҳо мол-мулк учун солиқнинг (ҳашамат солиғи) жорий этилмаганлиги;

– фармацевтика соҳасида давлат назорати сустлиги, маҳаллий ва хорижий дори воситалари учун энг юқори чекланган нархлар белгиланмаганлиги, шу жумладан дори воситаларининг рекламаси тақиқланмаганлиги каби бир қатор масалалар партиямиз электорати манфаатларига зид деб ҳисоблаймиз.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида бошқа сўл партиялар, социал-демократия ғоялари тарафдорлари билан биргаликда ташаббус қилинган парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Мазкур қонун ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракцияси учун кенгайтирилаётган ҳуқуқ ва имкониятлардан тўлақонли фойдаланишни кафолатлайди.

Қонунчиликка мувофиқ ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган сиёсий партиялар фракциялари ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкин.

Шу боис, партиямиз электорати овозини парламент ва ҳукуматга етказиш, уларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, мамлакатда кучли ижтимоий сиёсат юритишни давом эттириш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси ўзини парламентдаги мухолифат фракцияси, деб эълон қилади.

Парламентдаги мухолифат фракцияси сифатида қуйидаги вазифаларни амалга оширишни муҳим деб ҳисоблаймиз:

– қонун лойиҳалари ва парламент муҳокамасидаги долзарб масалалар бўйича ўз сайловолди дастуримиз мақсадларидан келиб чиққан ҳолда қатъий сиёсий позициямизни билдириб бориш;

– ҳукумат ва парламентдаги кўпчиликнинг таклиф ҳамда ташаббусларини танқидий кўриб бориш, улар юзасидан ўз муносабатларимизни билдириб бориш;

– ҳукумат ва парламентдаги кўпчилик томонидан парламентга киритилган қонун лойиҳалари бўйича зарур деб кўрилган ҳолда муқобил қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва киритиб бориш;

– иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ҳукумат ҳаракат дастури ижросини танқидий баҳолаш ва ўз нуқтаи назаримизни билдириш;

– парламент назорати воситаларидан самарали фойдаланиш, шу жумладан қабул қилинган қонунларнинг ҳукумат томонидан сўзсиз ижро этилиши, қонун лойиҳаларини парламентга ўз вақтида ва сифатли киритилиши, қонунлар ижроси учун зарур бўлган қонун ости ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилинишини таъминлаш устидан таъсирчан назорат олиб бориш.

Биз, Халқ демократик партияси фракцияси ижтимоий ҳимоя, ижтимоий тенглик ва ижтимоий бирдамлик тамойилларини юзага чиқариш орқали Ўзбекистон ижтимоий давлат тамойилини амалга оширишда сайловчиларимиз манфаатларини биринчи ўринга қўямиз ва мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда аҳолимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида барча саъй-ҳаракатларимизни бундан буён ҳам сафарбар қилишда давом этамиз”, дейилади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг расмий баёнотида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер