Келажак — билимли, баркамол ва соғлом фикрли ёшлар қўлида

16:05 29 Декабрь 2025 Сиёсат
252 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномаси мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичи учун қабул қилинган, мазмунан чуқур ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлган муҳим ҳужжат сифатида эътироф этилмоқда. Мазкур Мурожаатнома нафақат кириб келаётган 2026 йил учун белгиланган вазифаларни, балки Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган барча устувор йўналишларни яна бир бор аниқ ва равшан кўрсатиб берди. Шу боис Мурожаатномада илгари сурилган фикрлар жамиятимизнинг барча қатламлари, халқ хўжалигининг барча тармоқлари, хусусан, таълим тизими учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

Айниқса, ёшлар масаласи, таълим-тарбия сифати ҳамда илм-фан ривожига оид билдирилган фикр, ғоя ва ташаббуслар ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир ота-она, ҳар бир олий таълим муассасаси, ҳар бир педагог ва илм-фан фидойисининг зиммасига улкан масъулият юклайди. Унда таъкидланганидек, бугун олиб борилаётган ислоҳотлар ва қабул қилинаётган қарорлар эртанги авлод — фарзандларимизнинг келажак тақдирини белгилайди.

Шиддат билан ўзгараётган бугунги дунёда ҳар бир давлатнинг эртанги куни, аввало, унинг ёшлари қандай тарбия олаётгани, қандай билим ва дунёқараш билан вояга етаётгани билан белгиланади. Таъкидланганидек, истеъдодли ўғил-қизларимиз таълим, илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда юксак ютуқларни қўлга киритиб, Янги Ўзбекистонимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда. Ўзбекистон ёшлари билимли, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган авлод сифатида шаклланиб бораётганининг ёрқин ифодасидир. Улар эришаётган ютуқлар салмоқли, бироқ бундан қаноат ҳосил қилиб, шу ютуқлар билан чекланиб қолиш мумкин эмас. Ёшларимиз орасида турли йўналиш ва соҳаларда юксак иқтидорга эга бўлганларнинг сони ниҳоятда кўп. Мақсадимиз ана шу иқтидорли ёшларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ҳамда уларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқаришдан иборат.

Айни пайтда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар кўлами тобора кенгайиб бораётганини фахр билан таъкидлаш жоиз. Таълим олиш, спорт ва илм билан шуғулланиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этиш учун зарур ҳуқуқий ва моддий шарт-шароитлар яратилмоқда. Ёшларнинг билим ва истеъдодига таянмаган давлат ҳеч қачон узоққа бора олмайди. Тарих исботлаган ушбу ҳақиқатдан келиб чиқиб, мамлакатимиз истиқболини белгилашда Президентимиз ёшлар масаласини давлат сиёсатининг стратегик йўналишига айлантирди. Бугун ёшлар масаласи давлатнинг энг муҳим ва устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, олий таълим муассасалари олдида турган асосий вазифа ёшларни фақат билим билан қуроллантириш эмас, балки уларни кенг дунёқарашга эга, мустақил фикрлайдиган, ташаббускор, жамиятда ўз ўрни ва сўзига эга бўла оладиган шахс сифатида камол топтиришдан иборатдир. Бугунги талаба эртанги олим, муҳандис, педагог, раҳбар ва етакчи сифатида халқимизга хизмат қилади. Халққа хизмат қиладиган кадрлар билимли ва салоҳиятли бўлиши билан бирга, инсонларнинг дардига қулоқ тутадиган, уларнинг муаммоларига ечим топа оладиган шахслар бўлиши лозим. Шу маънода, мамлакатимиз раҳбарининг ҳар бир чиқишида алоҳида таъкидланадиган ёшлар билан ишлаш масаласи бевосита келажак билан ишлаш, порлоқ истиқболни келажак авлодга мерос қолдириш билан боғлиқ улкан масъулиятни англатади.

Мурожаатномада илм-фан ва инновациялар масаласи мамлакат тараққиётининг асосий драйвери сифатида баҳоланганини алоҳида таъкидламоқчиман. Ҳақиқатан ҳам илм-фан ривожланмаган жойда на иқтисодиёт, на жамият олдинга силжийди. Бу эса таълим-тарбия ва илм-фан соҳаси ходимлари зиммасига нақадар шарафли ва масъулиятли вазифалар юкланганини кўрсатади. Эндиликда соҳа ходимларидан ривожланган давлатларнинг олий таълим муассасалари ва илмий марказлари тажрибасидан самарали фойдаланиш, халқаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш талаб этилади. Олий таълим муассасалари илмий марказларга айланиб, фундаментал ва амалий тадқиқотлар реал натижаларга хизмат қила бошлайди. Илм-фан энди фақат назарий изланишлар билан чекланиб қолмасдан, ишлаб чиқариш, саноат ва ижтимоий соҳалар билан узвий боғлиқ ҳолда ривожланади.

Ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, илмий грантлар, халқаро ҳамкорлик доирасидаги тадқиқотлар ҳамда нуфузли илмий журналларда мақолалар чоп этиш имкониятларини кенгайтириш илм-фан соҳаси олдида турган долзарб вазифалардан биридир. Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари учун қулай илмий муҳит яратиш, уларнинг изланишларини рағбатлантириш орқали мамлакат илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, илмий ютуқларни халқ хўжалигига татбиқ этиш орқали иқтисодиётни юксалтириш мумкинлиги Германия, Финляндия, Япония, Жанубий Корея ва Хитой каби ривожланган давлатлар тажрибасида ўз исботини топган.

Мурожаатномада келтирилган рақамлар дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган ҳар бир инсонни қувонтиради ва айни пайтда шижоати ҳамда масъулиятини оширади. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Ўқувчи ва талабаларимиз жорий йилда халқаро фан олимпиадаларида 51 та олтин, 101 та кумуш ва 126 та бронза медалини қўлга киритди”, деган эътирофи таълим тизимимиз тўғри йўлдан бораётганини яққол тасдиқлайди.

Ҳамма замонларда ҳам таълим тизими давр билан ҳамнафас, ҳатто ундан бир қадам олдинда бўлиши лозимлиги талаб этилган. Бундан бир аср муқаддам жадид боболаримиз ҳам халқнинг озод ва фаровон ҳаёт кечириши маърифат ҳамда илм-фан билан боғлиқ эканини таъкидлашган. Бугунги глобаллашув шароитида рақамли технологиялар, сунъий интеллект, замонавий муҳандислик ва инновацион ёндашувлар таълим жараёнининг ажралмас қисмига айланмоқда. Президентимиз томонидан бу борада олиб борилаётган чуқур ислоҳотларнинг нақадар долзарб эканини бугун яққол ҳис этмоқдамиз.

Шу билан бирга, таълим ва тарбия масаласи бир-биридан ажралмас жараён сифатида Мурожаатномада алоҳида талқин этилганини қайд этиш лозим. Давлатимиз раҳбари педагог-ўқитувчилар олдига муҳим вазифа қўйдилар: фақат билим бериш билангина чекланмасдан, ёш авлодга муносиб тарбия ҳам бериш керак. Акс ҳолда жамиятда мувозанат бузилиши муқаррар. Эндиликда маънавий тарбиянинг аҳамиятига алоҳида ва чуқур эътибор қаратилади. Олий ўқув юртлари нафақат билим маскани, балки соғлом фикр, маънавий муҳит ва ижтимоий масъулият мактабига айланиши зарур. Талабаларда ватанпарварлик, ҳалоллик, масъулият, меҳнатсеварлик ва коррупцияга қарши иммунитетни шакллантириш бугунги таълим муассасалари олдидаги энг муҳим вазифадир.

Давлатимиз раҳбарининг ёшлар орасида китобхонликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари ҳам ўз самарасини бермоқда. Энг яхши китобхон ёшларни рағбатлантириш, ғолибларни автомобил билан тақдирлаш каби тажрибалар дунёнинг бошқа мамлакатларида учрамайди. Мурожаатномада мактаб кутубхоналарини ҳар йили 10 миллион дона бадиий адабиёт билан таъминлаш ташаббуси илгари сурилди. Бу соғлом тан ва соғлом фикр уйғунлигини шакллантиришга хизмат қилади. Зеро, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар доим самарали бўлган.

Соғлом турмуш тарзига амал қилиш масаласи ҳам алоҳида таъкидланди. Хусусан, маҳаллаларда аҳолини, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни спортга кенг жалб этишга қаратилган уч йиллик дастур қабул қилиниб, бунга 1 триллион сўм маблағ ажратилиши муҳим ташаббус бўлди. Спорт — саломатлик гарови. Унинг жамият ҳаётида кенг оммалашуви нафақат аҳоли саломатлиги, балки давлат иқтисодиёти ва халқ фаровонлиги учун ҳам муҳимдир.

Бугун илм-фан ва технология инсоният ҳаётини тубдан ўзгартирмоқда. Президент Мурожаатномасида ИТ, финтех ва сунъий интеллект соҳаларига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. ИТ хизматлари экспортининг 1 миллиард долларга етгани мамлакатимиз рақамли иқтисодиёт сари дадил қадам ташлаётганини кўрсатади. Келгуси йилда дата-марказлар, суперкомпьютерлар ҳамда олий таълим муассасаларида сунъий интеллект лабораторияларини ташкил этиш ташаббуслари таълим соҳаси зиммасига катта масъулият юклайди.

Касбий таълимни ривожлантириш, техникумлар ва дуал таълим тизимини такомиллаштириш масалалари ҳам эътибор марказида бўлди. Бугун ёшларни жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар сифатида тайёрлаш давр талаби эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Самарқанд давлат чет тиллар институти жамоаси ҳам Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида самарали фаолият юритмоқда. Хорижий тилларни мукаммал эгаллаган, халқаро майдонда эркин мулоқот қила оладиган кадрлар тайёрлаш асосий вазифамиздир. Бугун тил билиш оддий кўникма эмас, балки тараққиёт калити ҳисобланади. Спорт, китобхонлик ва маънавий-маърифий ишларни таълим жараёнининг ажралмас қисмига айлантириш йўлида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Мурожаатнома якунида Президентимиз томонидан айтилган: “Мирзо Улуғбек бобомиз юлдузлар харитасини яратган бўлса, бугун биз келажак авлодларимиз учун бахтли ҳаётга элтувчи йўл харитасини яратишимиз лозим”, деган фикр бугунги авлод зиммасидаги тарихий масъулиятни теран ифодалайди. Ана шу масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, янги марраларни забт этиш йўлида олдимизга улкан мақсадларни қўйганмиз.

Баҳодир ХОЛИҚОВ, Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?