Катта еттилик ташқи ишлар вазирлари Италияда жам бўлишади. Улар Ғазо, Ливан ва Украинадаги вазият бўйича муҳокама қилиши кутилмоқда

13:01 25 Ноябрь 2024 Дунё
135 0

Италияда G7 мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари икки кун давомида Ғазо, Ливан ва Украинадаги можароларни муҳокама қилиш учун йиғилишмоқда. Бу ҳақда France 24 хабар бермоқда.

Рим яқинида бўлиб ўтаётган тадбирда, асосан, Яқин Шарқдаги тинчлик музокараларини ривожлантириш ҳамда Ғазо ва Ливандаги отишмаларни тўхтатиш бўйича ечимлар қидирилади. Шунингдек, Украинага ёрдамни давом эттириш ва унинг қайта тикланиш режалари ҳам кун тартибида бўлади.

Маълум қилинишича, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва бошқа G7 давлатлари вазирлари, жумладан, Канада, Германия, Франция, Британия ва Япониянинг етакчилари Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таянининг мезбонлигида учрашувда иштирок этиши кутилмоқда.

Душанба куни бўлиб ўтган дастлабки сессияда Ғазо ва Ливан муаммолари, шунингдек, Қизил денгиз минтақасидаги вазият ўрганилади. Музокараларда Саудия Арабистони, Миср, Иордания, Қатар ва БАА вазирлари ҳам қатнашаётгани маълум қилинган.

Сешанба куни бўлиб ўтадиган йиғилишда Украинадаги уруш ҳам муҳокама қилинади. Учрашувда Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига иштирок этиб, мамлакатининг келажаги ва қайта тикланиш режалари ҳақида сўз юритади. Шу куни Брюсселда НАТО мамлакатлари вакиллари Россиянинг гипертовушли ракеталар синови масаласини кўриб чиқиши ҳам айтилмоқда.

Бундан ташқари, G7 йиғилишида Осиё-Тинч океани минтақасидаги кескинликлар, жумладан, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Индонезия ва Филиппин билан бўлган алоқалар ҳам муҳокама қилинади. Шунингдек, Судан ва Гаити инқирозлари, Венесуэладаги сиёсий вазият ҳам кун тартибидан ўрин олган. Бу масалалар бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши режалаштириляпти.

Халқаро жиноят суди томонидан Исроил Бош вазири Нетаньяху Нетаняьху ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлант, шунингдек, ҲАМАС етакчиси Муҳаммад Дайфга қарши чиқарилган ордерлар йиғилишнинг муҳим мавзуларидан бири бўлиши кутилмоқда.

Қайд этиш керакки, ушбу қарор Исроил ва унинг иттифоқчилари томонидан қораланган, бироқ Туркия ва ҳуқуқ ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланганди. Айрим давлатлар ушбу ордерларни бажаришга тайёрлигини билдирган, бошқалари эса ўз қарорларини кўриб чиқмоқда.

Йиғилишнинг якуний натижалари минтақавий муаммоларни ҳал қилишда янги имкониятлар яратиши ва халқаро ҳамкорликни кучайтириши кутиляпти. Ушбу музокаралар минтақалараро барқарорликка эришишда муҳим қадам бўлиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?