Като Кюдзо — ўзбекларнинг япон олими
Ўзбекистоннинг япониялик фидойи дўсти ва жонкуяр олими — атоқли археолог, антрополог, тарихчи ва этнограф, машҳур ўзбекистоншунос олим Като Кюдзо ҳақиқий халқ дипломати, илм-фаннинг том маънодаги қомусий билимдони ва тарғиботчиси, моҳир таржимон ва публицист, 20 га яқин илмий тадқиқот, кўплаб китоб ва мақолалар муаллифи бўлган.
Япон олими Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон тарихи ва маданиятига доир кўплаб илмий асарлар яратган. Унинг “Ипак йўли чорраҳаларида”, “Евроосиё цивилизацияси бўйлаб саёҳат”, “Ўрта Осиёнинг буюк шахслари”, “Далварзинтепа шаҳристони” каби китоблари, “Ойхонум” монографияси шулар сирасига киради.
Айниқса, Като Кюдзонинг жаҳонга танилган ўзбекистонлик қадимшунос олимлар — академиклар Яҳё Ғуломов, Галина Пугаченкова, Эдвард Ртвеладзе ҳамда таниқли археологлар Шокир Пидаев ва Баҳодир Турғунов билан илмий ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этди. Кейинчалик улар ўртасида чин дўстлик муносабатларининг ўрнатилиши ўзбек-япон илмий алоқалари мустаҳкамланишида ўзига хос омил бўлди.
У Ўзбекистон олимлари қаламига мансуб “Қадимги Панжикент”, “Кўҳна Хоразм” сингари бир қатор китобларни, шунингдек, машҳур шарқшунос А.Якубовскийнинг Самарқанд тарихига бағишланган ҳамда Л. Альбаумнинг Афросиёбдаги тасвирий санъат намуналари тавсиф этилган асарларини япон тилига таржима қилган ва Японияда нашр этишга бош-қош бўлган.
Олимнинг илмий қизиқишлари кўлами ниҳоятда қамровдорлиги билан ажралиб туради.
Хусусан, Като Кюдзо бир пайтнинг ўзида:
- рус-япон муносабатлари ҳамда Узоқ Шарқ ва Сибирь тарихи;
- Ўрта Осиё археологияси;
- Қадимги ва Ўрта асрлар тарихшунослиги ва Ўзбекистон маданияти ёдгорликлари;
- географик кашфиётлар тарихи;
- тарихчилар, географлар ҳамда сайёҳларнинг ҳаёти ва фаолияти йўналишларида изчил илмий тадқиқотлар олиб борган.
Япон олими ХХ асрнинг 60-йилларида ўзбек археология мактаби асосчиларидан бири академик Галина Пугаченкова билан танишган. Натижада Марказий Осиё минтақасининг тарихий юраги ҳисобланган Ўзбекистон билан ўз ватани ўртасидаги тарихий-маданий ва маънавий-маърифий алоқалар илдизларини ўрганишга бўлган қизиқиши ортган.
Кюдзо Като, бир томондан, Япониянинг “Олтин нурли муқаддас хазина” ордени совриндори, Сока университети ҳамда Япония Миллий этнология музейи фахрий профессори бўлса, иккинчи томондан, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти — “Дўстлик” ордени соҳиби, Термиз шаҳрининг фахрий фуқароси, ЎзФА Санъатшунослик институтининг фахрий доктори ҳисобланади. Бу бежиз эмас.
Чунки атоқли япон профессори узоқ йиллар давомида юртимизда археологик қазишма ишлари билан шуғулланган. У Ўзбекистон тўғрисидаги кўплаб илмий ишлар муаллифи, мамлакатимизнинг ҳақиқий дўсти бўлган.
Бу ҳақда сўз юритганда, Като Кюдзо ўтган асрнинг 60-йилларида Ўзбекистонга илк бор ташриф буюрганини қайд этиш лозим. Ўшанда у ўз устози машҳур япон ёзувчиси Ясуси Иноуэ (1904-1991 йиллар) билан бирга Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби тарихий шаҳарларда бўлган. Ўша даврдан эътиборан у ўлкамизнинг қадимий бой тарихига катта қизиқиш билдириб, япон-ўзбек ҳамкорлигини фаоллаштириш тарғиботчисига айланган.
Като Кюдзо 40 йилга яқин вақт мобайнида Ўзбекистонда илмий тадқиқотлар ўтказган. Като Марказий Осиё тарихи ва маданиятига оид бир қанча асарларга муаллифлик қилган. Ўзбекистон Фанлар академияси ва мамлакатимизнинг бошқа бир қатор илмий институтлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борган.
Ўзбекларнинг япон олими ҳар хил илмий лойиҳаларда фаол қатнашган. Кўп йиллар давомида Далварзинтепа ва Қоратепа, Фаёзтепа ва Кампиртепа шаҳарлари харобаларидаги будда ёдгорликларини ўрганиш мақсадида уюштирилган халқаро ўзбек-япон археологик экспедициялари тадқиқотларига раҳбарлик қилган. Унинг тадқиқотлари натижалари Ўзбекистон тарихи бўйича мактаб дарсликларида ҳам ўз аксини топгани диққатга лойиқдир.
Япон олими она тилидан ташқари, ўзбек, рус, инглиз, француз, турктилларидаги китобларни бемалол мутолаа қилган. У ўзининг барча шогирдларидан ўзбек тилини мукаммал ўрганишларини талаб қилган экан. Бу талабини Като шундай изоҳлаган: “Ўзбек тилини билиш — бу барча тилларга калит топиш, туркий тилларни билиш эса, бу — демак Буюк Ипак йўли эшигини очиш билан баробар”.
Като аввалига истиқлолгача ва мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатимизга 100 мартадан кўпроқ сафар уюштирган. Охир-оқибат шу ерда яшаб қолган, юртимизнинг фахрий фуқаросига, ўз одамимиз, ўз олимимизга айланган.
Ўзбекистон қадимий шаҳарлари тарихини берилиб ўрганган, шунингдек, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги илмий алоқалар ривожига катта ҳисса қўшган япониялик машҳур олим Като Кюдзо ўзбек халқини севар эди. У ушбу заминни ўзининг иккинчи Ватани деб атарди ва шу замин бағрида мангу қўним топди.
Като Кюдзо 2016 йил 12 сентябрда, 95 ёшида Термиздаги қадимий ибодатхонада археология-қазишма ишларини олиб бораётганида вафот этган. У ўз васиятига кўра, Термизда дафн этилган. Халқимиз атоқли ва ардоқли япон олимини ҳеч қачон унутмайди. Мўътабар Като бобонинг хотираси доимо ёдимизда.
Хулоса қилиб айтганда, Като Кюдзо Ўзбекистон билан Япония давлатлари ва халқлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида ҳамиша шундай деб таъкидлашни хуш кўрган: “Мамлакатларимизнинг ўзаро ҳамкорлик имкониятлари ниҳоятда кенг, янада муҳими, худди шу ҳаётий воқелик келажагимизга ҳам дахлдордир. Модомики, китобларим халқларимизни яқинлаштиришга хизмат қилар экан, бундан бошим осмонга етади”.
Бугунги кунда Като Кюдзонинг ҳаёти тарихда қолди. Устознинг китоблари эса муаллифнинг эзгу ишларини давом эттирмоқда, яъни мамлакатларимиз ҳамкорлиги ривожига ва халқларимиз дўстлиги мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
Акмал САИДОВ,
академик.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
- МИБ директорига янги ўринбосар тайинланди
- Тошкент – Самарқанд пуллик йўли қурилиши 2 миллиард доллардан зиёдга баҳоланмоқда
- Тошкентда туннель девори ўпирилиб тушди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг