Касб байрамига болалар бағишлаган шодлик

22:31 25 Июнь 2025 Жамият
146 0

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Яқинлашиб келаётган 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Сирдарё вилояти телерадиоканали жамоаси аъзоларининг фарзандлари учун маданий ва спорт тадбирлари ташкил этилди.

Айтиш жоизки, бу каби байрам тантаналари анъанага айланган бўлиб, кўп йиллардан буён мунтазам ўтказиб келинмоқда.

— Бизда касб байрамимизни ҳар йили фарзандларимиз бошлаб беради. Бу эса айёмимизга ўзгача руҳ ва хурсандчилик бағишлайди, — дейди телерадиоканал мухбири, истеъдодли журналист Нилуфар Ҳайиталиева. — Бу йил ҳам болажонлар учун Гулистон шаҳридаги марказий истироҳат боғида сайр ҳамда турли спорт ва кўнгилочар ўйинлар уюштирилди. Шундан сўнг, яқинда фойдаланишга топширилган, замонавий талабларга жавоб берадиган янги телерадиоканал биносига экскурсия ташкил этилди. Болалар бу ерда ижодий ва техник жараёнлар билан танишиш имкониятига эга бўлишди.

Деярли 10 йилдан бери ўтказиб келинаётган мазкур тадбир фарзандларимизга қувонч улашиш билан бирга, журналистларга бўлаётган эҳтиром ва эътиборнинг яна бир ифодасидир.

Тадбирнинг бадиий қисмида эса Сирдарё вилояти мусиқали драма театри актёрлари иштирокида телеканал биносида қўғирчоқ спектакли намойиш этилди. Болалар мазкур томошадан катта таассуротларга эга бўлишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?