Камола Маҳмудова 48 ёшида вафот этди

11:02 27 Сентябр 2024 Жамият
605 0

Фото: Камола Махмудова / Facebook

Лондонда яшаб, фаолият юритаётган асли ўзбекистонлик мутахассис, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг Озарбайжондаги вакиллиги раҳбари Камола Маҳмудова узоқ давом этган хасталикдан сўнг 48 ёшида вафот этди.

Камола Маҳмудова 1976 йил Тошкентда туғилган. У Ўзбекистонда кўплаб лойиҳаларни амалга оширган, «Khan Academy», Эзгу Амал, Яшил Бухоро кабилар шулар жумласидан. Маҳмудова, шунингдек, бир қатор хайрия ташкилотлари, хусусий университет, Буюк Британиядаги Халқаро мувофиқлик ассоциацияси ва ACAMSʼнинг Евросиёдаги бўлими асосчиси бўлган.

У 2020 йилда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан «Дўстлик» ордени билан тақдирлаган.

Президентнинг собиқ давлат маслаҳатчиси, ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари ва ўринбосари, Ўзбекистоннинг Бельгия, Буюк Британия ва бошқа мамлакатлардаги элчиси, профессор Алишер Файзуллаев шундай таъкидлади:

«Ишониш қийин, бу шок, бу бутун ўзбеклар ва ўзбекистонликлар учун катта йўқотиш. У ўзининг қисқа умри давомида жуда кўп ютуқларга эришди, Ўзбекистон учун, ўзбек маданиятининг Буюк Британия ва бутун дунёда кенг тарғиб қилиниши учун кўп ишлар қилди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банкида катта лавозимларда ишлади ва доим Ўзбекистонга ва ўзбекистонликларга ёрдам берди. Лондонда Ўзбекистон маданияти кунларини уюштирган асосий шаҳлардан бири эди… У жуда ёрқин, кўп қиррали, ғайратли, кўнгли очиқ ва камтарин шахс эди. Узоқ масофага югуриш, йога ва қадимги Шарқ фалсафасига қизиқарди. Унда ҳар доим қизиқ ғоялар, режалар ва лойиҳалар кўп бўларди. У ҳаётимда учратган энг ёрқин шахслардан бири эди».

Марҳума Камола Маҳмудованинг дафн маросими бугун, 27 сентябрь куни Лондонда бўлиб ўтади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?