Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 ноябрь куни камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, ўтган даврда бу йўналишдаги ишларни қуйида тўғри ташкил қилиш, маҳаллама-маҳалла юриб, янги ташаббусларни топиб, одамлар ҳаётини яхшилашга масъул бўлган вилоят, туман ҳокимлари ва улар ходимларининг моддий ва техник имкониятлари тубдан яхшиланди.
Жорий йил бошидан ишсизлик 4,9 фоизга тушди (ўтган йили 5,5 фоиз бўлган). Айниқса, Бухоро, Когон, Навоий, Зарафшон, Ғозғон, Самарқанд, Ширин шаҳарларида ишсизлик 4 фоиздан пасайиб, илк бор “табиий ишсизлик” даражасига яқинлашди.
Эҳтиёжманд 302 минг оила камбағалликдан чиқди. Йил якунигача камбағаллик даражаси 6 фоизгача камайиши кутилмоқда (ўтган йили 8,9 фоиз бўлган).
Шароити оғир бўлган Ховос, Мирзаобод, Оқолтин, Дўстлик, Пахтакор, Фориш, Бўстон, Вобкент, Миришкор, Мингбулоқ, Узун ва Пискентда камбағал оилаларнинг сони 4,5 баробаргача камайди. Илгари қийин аҳволда бўлган 105 минг оила даромад кўришни бошлади.
Жорий йилда илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланди.
Шу билан бирга, айрим туманларнинг ҳокимлари катта ресурси ва маблағи бўла туриб, ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани, одамларга имкониятига яраша тайёр лойиҳа бермагани танқид қилинди.
Шу боис, Денов тумани ҳокими ва унинг биринчи ўринбосари, Чироқчи тумани ҳокими ва унинг биринчи ўринбосари ишдан олиниши, яна 20 та туман ҳокимига ўрнатилган тартибда тегишли чора кўрилиши белгиланди.
Умуман, камбағалликни қисқартириш ва бандлик режаларини бажаришдаги масъулиятсизлик учун йил бошидан 261 нафар масъул ишдан олингани, яна 492 нафарига интизомий жазо берилгани маълум қилинди.
Келгуси йилда камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоиздан камайтириш мутасаддиларнинг асосий вазифаси бўлиши қайд этилди. Бунинг учун келгуси йилда иқтисодиётга 450 триллион сўм кредит ажратилиши, 140 триллион сўми маҳалладаги кичик ва ўрта лойиҳалар учун берилиши белгиланди.
Давлатимиз раҳбари бу борадаги ишларни ташкил қилишнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.
Биринчиси – қурилиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш.
Келгуси йилда мамлакатимизда 675 триллион сўмлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Шундан 380 триллион сўми қурилиш ишларига тўғри келади. 140 минг хонадонли кўп қаватли уй-жой қуриш мақсад қилинган.
Ҳар бир ҳоким бундан самарали фойдаланиб, қурилиш соҳасининг ўзидан камида 20-25 минг, яратилган инфратузилма орқали 10 минг кишини бандлигини таъминлаши мумкинлиги қайд этилди.
Энг катта янгилик – 2026 йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм вилоятларнинг ўзига берилади.
Иккинчи йўналиш – сервис лойиҳаларини кўпайтириб, аҳоли бандлигини таъминлаш.
Мамлакатимизда энг юқори ўсиш суръатини таъминлаётган соҳа хизматлар соҳаси экани таъкидланди. Лекин вилоят, туман ҳокимлари хизматлар соҳасига катта суръат бераётган туризмни ривожлантириш орқали иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадини кўпайтириш имкониятларини тўлиқ ишга солмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Туризм салоҳияти юқори 150 та маҳалланинг инфратузилмаси яхшиланса, бу ерларда хизматлар ҳажмини 10 триллион сўмга етказиш, 45 минг нафар одамни савдо ва сервисда банд қилиш мумкин.
Шу боис, келаси йилда 150 та маҳалланинг ҳар бирига инфратузилма учун 3-5 миллиард сўмдан берилади. Туман банклари бу жойларда меҳмон уйларини барпо этиш учун 150 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратишни йўлга қўяди.
Чегара ва анклав ҳудудлардаги маҳаллаларга олиб борувчи йўлларни таъмирлаб, у ерда меҳмон уйлари, дам олиш маскани, савдо-сервис объектлари ташкил қилиш орқали оилаларнинг даромадини кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди. Ушбу маҳаллаларда дам олиш ва сервис объектларини қуриш лойиҳалари учун 1 триллион сўм ресурс ажратиш топширилди.
Бундан ташқари, соҳил ва йўл бўйида сервисни ривожлантириш бўйича 500 та маҳалла танлаб олинган. Туман банклари бу жойларда камида 5 та доимий иш ўрни яратадиган лойиҳаларга 1 миллиард сўмгача кредит беришни йўлга қўяди.
Шу йилнинг ўзида 255 та туну кун ишлайдиган кўча ишга тушди. Уларда 11 минг хизмат кўрсатиш объектлари иш бошлади, 27 мингга яқин аҳолининг бандлиги таъминланди. Келгуси йилда бунга қўшимча яна 200 та шундай кўчани ташкил қилиш режалаштирилган.
Бир ойда аниқ “йўл харитаси”ни тузиб, ишни бошлаб юборган ҳокимларга ҳар бир кўча инфратузилмаси учун 4 миллиард сўмгача маблағ ажратилиши белгиланди.
Овқатланиш, савдо ва сервис соҳасида ўзининг брендини яратган корхоналар бутун республика бўйлаб 100-150 тадан филиалини очиш ниятида.
Бу борада вилоят ҳокимликларига миллий брендларга кўмаклашиш топширилди. Агар брендлар янги очиладиган филиал учун ходимларни ўзим ўқитаман, деса, бунинг харажати Бандлик жамғармасидан қоплаб берилади. Филиалини кўпайтириш истагидаги брендлар учун янги молиявий инструментлар жорий қилиниб, 2026 йилда бунга 500 миллиард сўм йўналтирилади.
Учинчи йўналиш – саноат лойиҳалари орқали доимий иш ўринларини кўпайтириш.
Келгуси йилда ҳудудлардаги корхоналарда 52 миллиард долларлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш режа қилинган. Мутасаддилар маҳаллий саноат тармоқларида 22 миллиард долларлик 3,5 мингта лойиҳани ишга тушириб, 130 минг доимий иш ўрни ташкил қилиши зарурлиги қайд этилди.
Ҳозирда 400 та маҳалла мебелчилик, ҳунармандчилик ва тикувчиликка ихтисослашган. Тадбиркорларнинг жойи кенгайтириб берилса, ҳар бири яна 5-10 кишини ишга олишга тайёр.
Шу муносабат билан туман ҳокимларига келаси йилда саноатга ихтисослашган бундай маҳаллаларда 50 та “микро саноат маркази”ни ишга тушириб, 10 минг нафар одамни ишли қилиш топширилди. Бу марказларнинг инфратузилмаси учун 200 миллиард сўм ажратилади.
Тўртинчи йўналиш – қишлоқ хўжалиги ҳисобидан аҳоли даромадларини ошириш.
Камбағалликни қисқартиришда аҳолига 232 минг гектар ер бўлиб берилгани натижасида 770 минг одам даромад манбаига эга бўлди. Лекин тажрибаси етишмагани, сифатли уруғ, маҳсулотига бозор топишга қийналгани учун уларнинг учдан бирида даромад камлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан Термиз туманидаги Томорқа мактаби тажрибасини барча ҳудудларда жорий қилиш, ҳар бир вилоятда камида 5 тадан бундай мактабларни ташкил қилиб, ижарага ер олган одамларни сердаромад экин экишга ўргатиш топширилди. Деҳқонлар ижарага олган ерида етиштирган маҳсулотни кафолатли сотиши учун “Экспортчи кооперативлари” ташкил қилинади.
Бешинчи йўналиш – эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш.
Янги йилдан “Тенг имкон – инклюзив бандлик” лойиҳасини жорий этиб, ногиронлиги бўлган 40 минг одамни ишли қилиш муҳим экани таъкидланди. Бандлик жамғармасидан уларга 30 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш йўлга қўйилади.
Камбағалликка қайта тушиш хавфи мавжуд оилаларга ижтимоий ёрдам ва имтиёзлар сақлаб қолинади. Уларга 6 ой мобайнида моддий ёрдам ва болалар нафақаси тўланиши давом эттирилади, боғча ва тўгарак харажатини қоплаш, даволаниш ордери каби 110 та ижтимоий хизмат ва ёрдамдан 12 ой давомида қўшимча фойдаланиш имкони берилади.
Бундан ташқари, оғир ҳаётий вазият сабабли камбағалликка тушиб қолиши хавфи юқори бўлган оилаларни олдиндан аниқлаб, уларга манзилли ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилади.
Иш ўринларини “соядан чиқариш” масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
– Улкан мақсадларни маблағи билан бошлаяпмиз. Вазирлар, уларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари, вилоят ва туман ҳокимлари, энг асосийси, “маҳалла еттилиги” ишга қаттиқ киришмаса, ўзгариш бўлмайди, – деди давлатимиз раҳбари.
Бош вазирга айтилган топшириқларни вазир ва ҳокимларга 2026 йил учун самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) сифатида белгилаб бериш топширилди.
Йиғилишда ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларининг ҳисоботлари, тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг