Камбағалликка қарши курашишда Янги Ўзбекистон тажрибаси

Ўзбекистон сўнгги йилларда қашшоқликни қисқартиришда янги моделни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этди. Бу энг аввало манзилли ижтимоий дафтарлар, маҳаллабай ишлаш тизими, эҳтиёжманд аҳолини даромад манбалари билан таъминлаш каби чора-тадбирларда кўзга ташланмоқда. Натижада 7,5 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, 2024 йилда камбағаллик даражаси 8,9 фоизга туширилди. Йил якунигача бу кўрсаткични 6 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. Бу рақамлар форум иштирокчилари учун муҳим тажриба сифатида хизмат қилади, чунки камбағалликни қисқартиришнинг барқарор механизмлари дунё мамлакатлари учун ҳам долзарб ҳисобланади.
Шу билан бирга, иқтисодиётнинг икки баробар ўсиши, аҳоли жон бошига даромаднинг 3,5 минг долларгача етиши ижтимоий сиёсат самарадорлигини кўрсатмоқда. Мазкур натижалар нафақат иқтисодий барқарорликни, балки аҳоли турмуш сифати ошишига хизмат қилмоқда. Наманганда ўтказилган халқаро форумда бу жараённинг асосий йўналишлари ва истиқболлари кенг муҳокама этилди.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” III халқаро форуми нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақа учун долзарб воқеа бўлди. Форум очилишида Президентимиз иштирок этиб, дунёдаги глобал беқарорлик, иқтисодий инқирозлар ва иқлим ўзгаришлари ортида юзага келаётган қашшоқлик муаммосига эътибор қаратди. Бугун камбағаллик масаласи давлатлар учун стратегик вазифага айлангани, уни ҳал қилишда ҳар бир мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсати синовдан ўтаётгани таъкидланди. Шу маънода мазкур форумнинг аҳамияти жуда катта, чунки у нафақат миллий ислоҳотларни, балки жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликдаги ташаббусларни ҳам ўз ичига олмоқда.
III халқаро форумнинг аҳамияти шундаки, у камбағалликка қарши курашда комплекс ёндашувни муҳокама қилиш учун глобал майдон яратиб берди. Форум доирасида Президентимиз таъкидлаган еттита устувор йўналиш – барқарор иш ўринлари яратиш, сифатли таълим, хотин-қизлар фаоллигини ошириш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, инфратузилмани ривожлантириш ва давлат харажатларини самарали йўналтириш долзарб мавзулар сифатида қайд этилди.
Айниқса, камбағал оилалар фарзандларини таълим ва касбга йўналтириш, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, аҳолини тиббий хизмат билан қоплаш каби масалалар инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилгани билан муҳим. Форумда 200 га яқин халқаро эксперт иштирок этиб, ислом молияси имкониятлари, бизнес инклюзивлиги ва молиявий архитектура каби масалалар муҳокама қилинди. Бу глобал ечимларни излашда Ўзбекистоннинг тажрибаси ва ташаббуслари дунё миқёсида қўлланилиши мумкинлигини кўрсатди.
Форумнинг яна бир долзарб жиҳати – халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлари билан ҳамкорлик масалалари бўлди. Ўзбекистоннинг 2026 йилда Хивада халқаро конференция ўтказиш ташаббуси қашшоқликка қарши курашда янги молиявий архитектура яратишда муҳим босқич ҳисобланади. Бу билан мамлакатимиз нафақат ички сиёсатда, балки глобал иқтисодий муносабатларда ҳам фаол иштирокчи сифатида намоён бўлмоқда.
Шунингдек, инфратузилма ривожланиши, маҳаллаларни обод қилиш, иш ўринлари ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш каби йўналишлар аҳолининг кундалик турмуш сифатига бевосита таъсир кўрсатади. Халқаро экспертлар бу йўналишларнинг амалий натижалари билан қизиқиши, Ўзбекистон моделини ўрганишга интилиши форумнинг аҳамиятини янада оширди.
Мазкур халқаро форум бугунги глобал иқтисодий муаммолар фонида беқиёс аҳамиятга эга. Унда қашшоқликни қисқартириш бўйича миллий тажрибалар, глобал ечимлар ва истиқболлар муҳокама қилинди. Ўзбекистоннинг камбағалликка қарши олиб бораётган изчил сиёсати халқаро майдонда алоҳида эътироф этилди.
Бу форум нафақат мамлакатимиз, балки бутун жаҳон ҳамжамияти учун қашшоқлик муаммосига инновацион ёндашувларни ишлаб чиқишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилди. Шубҳасиз, мазкур тадбирнинг натижалари узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини мустаҳкамлаш, дунё мамлакатлари билан тажриба алмашиш ва камбағалликка барҳам беришда муҳим қадам бўлиб қолади.
Равшан Фозилов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси аъзоси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг