Камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудуд

13:59 11 Февраль 2025 Жамият
180 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бувайда Фарғона вилоятининг қадимий ҳудудларидан биридир. Олис ўтмишда Буюк ипак йўлининг қўналғасида жойлашган бўлиб, қадимдан ҳунармандчилик, маданий алоқаларнинг уйғунлашувида муҳим ўрин тутган. Қорахонийлар, Амир Темур ва темурийлар даврида ҳам Бувайда стратегик ҳудуд ҳисобланган.

Бувайдалик ишбилармонларнинг бир пайтлар ўз хонадони, маҳалласи ёки ижарада бошлаган тадбиркорлиги бугун йирик саноат зоналарига кўчайотгани қувонарлидир. Кейинги йилларда янги саноат корхоналари сони қарийб 650 тага етди. Биргина 2017 йили туманда аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 7,8 млн. сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб ушбу кўрсаткич салмоғи 27,3 миллион сўмдан ошди. Бу туманда қишлоқ хўжалиги тармоқлари билан бирга, тўқимачилик, озиқ-овқат, мебелчилик, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш сон ва сифат жиҳатдан яхшиланиб бораётганидан далолатдир.

Мазкур туманнинг «Араб» МФЙда истиқомат қилувчи Бобуржон Акрамзода яқин йилларгача ўз хонадонида ишлайдиган кичик тадбиркор эди. Ўтган йили унга маҳаллада ташкил этилган «Қўштепа» кичик саноат зонасидан 1 гектар ер ажратиб берилди. Натижада унинг раҳбарлигидаги «Ал-Темур электро» МЧЖ томонидан қиймати 1,5 миллион долларлик замонавий ускуналар ва драбилка ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди. 50 та янги иш ўрни яратилган корхонада қишлоқ хўжалиги техникалари, чорва учун озуқа маҳсулотларини қайта ишловчи ускуналар ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Эътиборлиси, маҳсулотларнинг салмоқли қисми корхона бренди остида қўшни республикаларга экспорт қилинмоқда.

— Президентимиз томонидан тадбиркорлар қўллаб-қувватланиб, уларга ҳар жиҳатдан амалий кўмак кўрсатилмоқда, — дейди ёш тадбиркор Бобуржон Акрамзода. — Шу яқин йилларда бир неча давлатларда бўлиб, тадбиркорлар фаолияти билан танишдик. Ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйдик. Очиғи, Хитойда кичик бир контейнерда ишлаб, хорижга миллион-миллион долларлик маҳсулот экспорт қилаётган тадбиркорларнинг фаолиятидан ҳайратландик. Биз ҳам кичик корхоналарда катта ишларни амалга оширишга киришдик.

Яқинда ташаббускор тадбиркорга саноат зонасидан яна ер ажратиб берилди. Бобуржон ҳозирда бу ерда замонавий лойиҳа асосида 3 қаватли ишлаб чиқариш биноси қуриш ҳаракатини бошлаган. Бугунги кунга қадар мамлакатимизнинг 12 та вилоятида савдо уйларини очган тадбиркор жорий йилда қўшни Тожикистон ва Қирғизистонда савдо тармоқларини очиш ниятида.

Тадбиркор Абдурашид Улиқов мамлакатимизда биринчилардан бўлиб қурилишда треватин маҳсулотини ташқи безак сифатида амалиётга жорий қилганди. Бу янгилик тез орада урфга кириб, маҳсулотга талаб ортди. Натижада ижарада ишлаб юрган тадбиркор фаолиятини замонавий мезонлар асосида кенгайтиришга катта эҳтиёж сезилди.

— «Бостонбува» кичик саноат зонасидан «Мовий омад файз» МЧЖга қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун 50 сотих ер берилди. Шу тариқа 3 млн. доллар инвестиция киритиб, бир йилда 35 минг тонна 20 турдан ортиқ қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси бунёд этилди, — дейди Абдурашид Улиқов. — Натижада 35 нафардан зиёд маҳаллий ёшларнинг доимий бандлиги таъминланди. Жорий йилда 50 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, 300 минг доллардан кўпроқ экспортни амалга оширишни мақсад қилганмиз.

— Туманнинг «Тепалик» маҳалла фуқаролар йиғинида 950 га яқин оилада 4 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Кичик ва хусусий бизнес маҳалланинг драйвери сифатида белгиланган, — дейди маҳалла раиси Абдуманнон Имомов. — Маҳалламизда Ғиёсиддин Каримов ўз хонадонида 40 нафар маҳалла хотин-қизларини доимий иш билан таъминлаб, эркаклар кийим-кечакларини тикиш фаолиятини йўлга қўйган. Ҳозирда хонадонининг бўш ер майдонида янги бино қуряпти. Бу яна қўшимча 40 та тикув машинаси ўрнатиш, 40 та янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Орифжон Сатторов ўз томорқасида 5 сотихда интенсив технологиялар ёрдамида иссиқхона барпо этиб, Жанубий Корея, Италия тажрибаси бўйича қулупнай етиштиради. Миришкор томорқачи жорий йилда қулупнайдан 300 млн. сўмдан кўпроқ даромад олишни кўзламоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан туманда янги саноат зоналари ташкил этиш учун 58,6 гектар ер майдони ажратиб берилиб, дастлабки босқичда қарийб 153,3 млн. долларлик 15 та лойиҳа бўйича манзилли ишлар ижросига киришилди. Айни жараёнда Хитойнинг «Zhengzhou Rong Yan Rong Yu Mascot Culture Communication Co., Ltd.» уюшмаси билан ташкил этилаётган махсус саноат зонасининг 40 гектарида «Хитой-Ўзбек саноат зонаси»ни барпо этиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланди. Лойиҳанинг биринчи босқичида умумий қиймати 150 миллион долларлик 30 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Водийда Бувайдани Фарғонанинг «Хитой»и дейишади. Чунки туманнинг ҳар бир маҳалласи тадбиркорлик, ҳунармандчилик ёки деҳқончиликнинг бирор тури билан шуғулланади. Ўз-ўзини банд қилиш орқали аҳолини камбағалликдан чиқариб, фаровонликка эришиш йўлида Бувайда тажрибаси ўз самарасини бермоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер