Кабутарлар – тинчлик элчиси
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Дунёда ҳар бир инсонни янги орзу-умидлар сари рағбатлантирувчи ҳаётбахш куч бор. Унинг номи – тинчлик. Бу неъматсиз ҳаётнинг завқи йўқ. Инсон тақдири, юрт тақдири йўқлик, мавҳумлик домига тушади. Шу боис бугун тинчлик неъмати сайёрамизда энг бебаҳо бойлик сифатида эъзозланмоқда.
Бугун дунёда кечаётган турфа жараёнларга тийрак назар солган ҳар бир юртдошимиз мамлакатимиздаги бугунги янгиланиш ва ўзгариш жараёнлари, эртанги кун истиқболи унинг ҳам зиммасида эканини билади. Яхши ният билан экилаётган ҳар бир дарахт, муҳташам иморат пойдеворига қўйилаётган ҳар қайси ғишт, билим-маърифат йўлида ўтилаётган дарс, дуога қўл очиб сўралаётган ният шу она-Ватанимизга файз, барака бахш этишини чин дилдан англаб етади.
Йилнинг тўрт фаслида ҳам юртимизнинг табиати дилбар. Ҳар кўклам тинчлик, ҳаловат ва фароғатли ҳаёт рамзи қалдирғочлар уй айвонларида зариф қўшиқларини куйлаб, полапонларини учирма қилади. Ризқ-насиба топиб, болаларини улғайтиради. Одатда қиш фаслида иссиқ ўлкаларга учиб кетувчи лайлаклар қаҳратонда ҳам суюкли масканда қолмоқда. Далаю даштлар, зиёратгоҳлардаги кўкка бўй чўзган азим дарахтларни макон тутган бу беозор қушлар оиласидаги аҳил-иноқлик ҳавасимизни келтиради.
Марғилон шаҳридаги энг катта маҳалларнинг бирида Йўрмадўзда Пир Сиддиқ мажмуаси бор. Шу ҳудудда умргузаронлик қилувчи аҳоли тилида ушбу муборак маскан – Каптарлимозор дейилади. Йилнинг исталган фаслида ушбу маҳаллага йўлингиз тушса, муқаддас гўшанинг табаррук кабутарлари рақси, хонишлари нақадар ёқимли эканини ҳис этасиз.
Йўрмадузликларнинг айтишича, бу кабутарлар бир неча асрдан буён мазкур зиёратгоҳда қўним топган. Бу кабутарлар ҳақида йўрмадўзликлар орасида авлоддан авлодга ўтиб келаётган бир ривоят юради. Бундан ўн уч аср муқаддам афсонавий Семурғ қуши бир қанотида кабутарлар, иккинчи қанотида Макка тупроғини олиб келиб, айнан, шу жойда тўхтаган. Шу тарзда маҳалла нуронийлари юрт тинчлиги, қут-барака, ризқ-рўзни таъминлашда рамзий маънода бўлса-да, куч-қувват манбаига эга бўлган ушбу кабутарларнинг бир пайтлар Семурғ қуш қанотида учиб келганига астойдил ишонади.
Афсуски, собиқ тузум даврида зиёратгоҳ ташландиқ ҳолда эди. Марғилон шаҳрининг қутлуғ 2000 йиллиги арафасида Улуғ мозор, Саид Аҳмад хўжа, Жаҳон отин Увайсий сингари кўплаб тарихий ёдгорликлар қаторида Пир Сиддиқ мажмуаси ҳам мукаммал таъмирланди. Ҳозирда бу ерга деярли ҳар куни мамлакатимизнинг турли ҳудудлари, узоқ-яқин хориж давлатларидан сайёҳлар келади.
Айни пайтда мажмуада минглаб кабутарлар доимий равишда яшайди. Турли хил кўринишга эга кабутарларнинг табиий равишда кўпайиши учун махсус жойлар ҳозирланган.
— Ота-боболаримиз кабутарлар бахт келтирувчи хислатли қушлар деб ардоқлаган, — дейди меҳнат фахрийси Адҳамжон Умаров. — Ҳар тонг Пир Сиддиқ мажмуаси пештоқларида бир-биридан чиройли, кўрган кўзни қувнатадиган кабутарлар умбалоқ ошиб ўйнаганда, бу манзарани томоша қилиш нақадар ёқимли. Бу юртимиздаги тинчлик, хотиржам ва осойишта ҳаёт рамзи бўлса, не ажаб. Зеро, кабутарлар бутун дунёда тинчлик элчиси ҳисобланади.
Йил сарҳисоби пайтида бундай оромбахш туйғулар қалбимизга ўзгача ҳузур-ҳаловат бахш этади. Хотиржамлик кайфияти руҳиятимиз, турмуш тарзимизга ижобий таъсир кўрсатади. Янги кун – янги йилга қатъий ишонч, катта орзу-умидлар билан пешвоз чиқишга ундайди. Юртимиз тинчлигига асло кўз тегмасин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг