Йўллар равон бўлса, манзил яқинлашади

18:01 29 Январь 2025 Жамият
249 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Йўллар ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг умумий ривожи, аҳоли фаровонлигининг кўзгуси ва ҳар бир ҳудуд инвестициявий жозибадорлиги ҳисобланади.

Шу боис сўнгги йилларда республикамизда вилоят ва туманлар марказларини боғловчи кенг тармоқли транспорт алоқалари ҳамда давлатлараро йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга иқтисодиётимиз равнақининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур омиллар Навоий вилоятида ҳам ҳудуднинг барча тоифадаги автомобиль ва минтақавий таснифдаги(ички кўча) йўлларнинг йўл қопламалари ҳолатини замон талабига мослаштириш, эксплуатация қилиш хусусиятларини ошириш орқали йўл-транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, айниқса, қишлоқ жойларида ҳаракат учун қулай шарт-шароитлар яратиш вазифаларини тақозо этади.

Шуларга кўра ўтган йили вилоятда барча дастурлар доирасида 704,1 км (581,5 км асфальт, 122,6 км шағал қопламали) автомобиль йўллари таъмирланиб, уларда жойлашган 17 дона сунъий (кўприк) иншоотлари тикланди.

— Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 20,8 км автомобиль йўллари реконструкция қилинди ва таъмирланди, — дейди Навоий вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Алишер Ҳалимов. — Хусусан, умумий фойдаланишдаги йўлларни реконструкция қилиш бўйича 8 км йўллар реконструкция қилинди ва 85 погонометрлик кўприк мукаммал таъмирланиб, 4Р57 “Қизилқум ҳалқа” автомобиль йўлининг 0-8 км қисми реконструкция қилинди ҳамда Зарафшон дарёси устидан ўтувчи А379 “Навоий — Учқудуқ (Зарафшон шаҳри орқали)” автомобиль йўлининг 2,4 кмда жойлашган 85 погонометрлик кўприк мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Йўллар ҳар бир ҳудуд сайёҳлик жозибадорлигининг гарови ҳамдир. Шу жиҳатдан мазкур йўналишдаги йўлларнинг реконструкция қилиниб, хавфсизлигининг таъминланиши Нурота ва Хатирчи туманларига сайёҳлик оқимининг ошишига хизмат қилмоқда.

— Ўтган йили туризм объектларига олиб борувчи 12,8 км автомобиль йўллари ва 1 дона кўприк таъмирланди, — дея давом этади А. Ҳалимов. — Бундан ташқари, табиий офат оқибатларини бартараф этиш дастури доирасида 7 та объектда 2024 йил ажратилган лимит маблағлар бўйича таъмирлаш ишлари бажарилди ва 3,0 км автомобиль йўллари ҳамда 1 дона кўприк фойдаланишга топширилди.

Аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган муаммолардан ҳисобланган ички йўлларни қуриш-таъмирлаш борасида 287,9 км узунликдаги йўллар таъмирланиб, “Ташаббусли бюджет” дастурининг мавсумларида жами 46 та объектда 98,3 км ички йўллар тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Бундан ташқари, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 40,2 км ички йўллар таъмирланиб, маҳаллий бюджет ҳисобидан дизель ёқилғи маҳсулотларини ажратган ва йўл корхоналарининг махсус техникаларидан унумли фойдаланилган ҳолда ҳудудлардаги 122,6 кмдан ортиқ тупроқ йўллар шағал қопламага ўтказилди.

Йўл равон бўлса, манзил яқинлашади. Кенг маънода мамлакатимиз тараққиёт йўлини танлаган экан, йўлларимизнинг замон талабларига мослиги кўзлаган марраларга эришишнинг муҳим омилидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?