«Йўлдаги ноқонуний тўсиқлар, давлат органлари устидан судга шикоят ва маҳкумларнинг видео-учрашув ҳуқуқи»: 17 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинган муҳим масалалар нималардан иборат?
Бугун, 17 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида йўлларда хавфсизликни таъминлаш, «Судлар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва маҳкумларга видео-учрашув ҳуқуқи бериш каби масалалар муҳокама қилинди.
Қуйида кўриб чиқилган қонун лойиҳаларининг қисқача мазмуни билан танишишингиз мумкин.
Маҳкумларга видео-учрашув ҳуқуқи
Парламент Қуйи палатаси депутатлари бугунги мажлисда озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг масофавий видео-учрашувга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.
Қонун лойиҳаси билан Жиноят-ижроия кодексининг тегишли моддаларига Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги барча жазони ижро этиш муассасаларида жаза муддатини ўтаётган маҳкумларга масофадан видео-учрашув ҳуқуқини бериш орқали ўз яқинлари билан онлайн учрашиш имкониятини яратишни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бунда масофавий видео-учрашув сони жазони ўташ тартиботига қараб белгиланади.
«Судлар тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонун лойиҳаси
Қонун лойиҳаси билан «Судлар тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг нормалари янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилмоқда.
«Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонунда Судьялар олий кенгаши таркиби, хусусан, Кенгаш раиси, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан сайланиши, шунингдек, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Судьялар олий кенгашининг раиси ёки раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, шахсларнинг нафақат давлат органлари, балки бошқа ташкилотларнинг ҳам қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда. Айбсизлик презумпцияси ва «Ҳабеас корпус» институтини янада қарор топтиришга оид қоидалар акс этмоқда.
Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси
Мажлисда йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан тротуарлар, пиёда ва велосипед йўлкалари ҳамда уларга туташ ҳудудларда барпо этилган яшил майдонларда автотранспорт воситаларини юргизишнинг (бундан махсус автотранспорт воситалари мустасно) олдини олишга қаратилган нормалар белгиланмоқда.
Шунингдек, аҳоли томонидан йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатига тўсқинлик қилувчи ноқонуний тўсиқларни ва бошқа қурилмаларни ўрнатиш ҳолатларига чек қўйиш учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг