“Йўлчиларга раҳмат айтиб қўйинг...”

14:01 28 Январь 2026 Жамият
173 0

Андижон туманидаги “Қум кўча” маҳалласи ўз номи билан қум кўча эди. Узоқ йиллар давомида асфальт ётқизилмаганлиги боис аҳоли шахсий маблағи ҳисобига шағал тўктирар, бироқ, бу бир мавсумдаёқ ўз кучини йўқотар эди. Ва ниҳоят давлат дастури асосида маҳалладаги асосий ва ички кўчаларга асфальт ётқизилди.

-Ҳамма нарсанинг салбий томонини кўришга ўрганиб қолганимизу,-дейди ҳазиларалаш табассум билан шу манзилда яшовчи Райимжон ака Хўжамбердиев. -Асфальт ётқизилиши бошланиши билан қўлимизга ўлчов мосламасини олиб, кўчага югурдик. Асфальтнинг қалинлигини ўлчаб кўрайлик, дедикда. Қарасак, мутахассисларнинг ўзлари ҳар бир қаричини, икки четини, ўртасини ўлчаб, назорат қилиб бораётган экан. Йўлнинг кенглини ҳам қатъий назоратга олишди. Ҳаёлимизга келган фикрлардан уялиб, нима қилишни билмай: “Бизга хизмат борми?” деб юбордигу!

-У ҳам майли,-суҳбатга қўшилади яна бир нуроний. – Аспалчиларга “Болам, бир арава аспал бер, уйимга керак эди, пулини бераман” десам, “Ота, сизга бир арава асфальт берсам кўчанинг қайсидир қисмига юпқароқ ётқизишим керак бўлади. Шунинг учун узр, бундай қилолмайман” деди. Баракалла!

Журналист бўлганим боис “Қачонлардир йўлчиларни идорасидаги катталарни кўриб қолсангиз, миннатдорчилигимизни етказиб қўйинг, зўр ишлашар экан”,-дейишди нуронийлар. Ва ўша кун келди. Куни кеча Андижон вилоят автомобил йўллари бош бошқармасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ана шу миннатдорчиликлар ўз эгаларига етказилди.

-Дарҳақиқат, сўнгги йилларда йўлларни асфальтлаш ишлари кўлами кенгайди,-дейди бошқарма бошлиғи Мирзоҳиджон Нурматов. -Биргина 2025 йилнинг ўзида 650 км.дан зиёд ички йўлларда таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, 636.9 млрд сўм маблағ ҳисобига 1355,8 км. автомобил йўлларида реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Тадбирда таъкидланишича, амалга оширилган бу каби хайрли ишлар натижасида 324 та маҳаллада истиқомат қилувчи 105 минг нафар аҳолига қулай шароит яратилган. Жорий йилда эса яна 178 та маҳаллада бунёдкорлик ишлари давом этади. Ишонамизки, бу ишлар ҳам юз минглаб ҳамюртларимизнинг дуосига сабаб бўлади.

Саминжон ҲУСАНОВ, ”Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер