Йирик зайтунзорга асос солинди

18:43 09 Апрель 2025 Жамият
219 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 5 март куни юртимизга расмий ташриф билан келган Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе бошчилигидаги делегацияни қабул қилиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган ва давлатларимиз ҳудудларини иқтисодий ҳамкорликка фаол жалб этиш юзасидан ўзаро мувофиқлашган чоралар кўриш муҳимлигини таъкидлаганди.

Маҳаллий ҳокимликлар бу борада икки томонлама алоқаларни ривожлантириш бўйича вазифаларни амалга ошириш учун амалий ҳаракатларни изчил давом эттирмоқда. Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманидаги Боғбонлар юрти маҳалласида Ўзбекистон — Грузия зайтун боғи ташкил этилаётгани ҳам бунга яққол мисол бўлади.

Академик М. Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Бандихон илмий станцияси, Халқаро зайтун кенгаши ҳамда Грузиянинг «Svanidze Olive Oil» компанияси ҳамкорлигида барпо қилинаётган ноёб боғ ўн гектар майдонни эгаллайди. Бу ерга Грузиядан келтирилган 4 минг 200 дона зайтун кўчати тажриба сифатида экилади.

«Svanidze Olive Oil» компанияси раҳбари, Халқаро зайтун кенгаши фахрий президенти Георгий Сванидзе бошчилигидаги делегациянинг Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов билан учрашувида Ўзбекистон – Грузия зайтун боғи ҳам мамлакатларимиз ўртасида йўлга қўйилаётган кўп қиррали ишончли ҳамкорлик муносабатлари самараси эканини алоҳида таъкидланди.

Грузиялик ишбилармонларга вилоятнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги имкониятлари, инвестицион салоҳияти тўғрисида маълумот берилди. Воҳада зайтун етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш муҳокама қилиниб, тегишли келишувга эришилди.

Шу куни меҳмонлар янги зайтунзорга кўчат экишни ҳам бошлаб берди.

— Ерга кўчат қадашда улуғ ниятлар қилишнинг ҳам ўзига хос фазилати бор, — дейди Георгий Сванидзе. — Қадимдан зайтун саломатлик, ҳаёт ва унумдорлик дарахти сифатида таърифланади. Келинг, бу ерда биргаликда барпо этаётган зайтунзоримиз ҳам минг йиллар ҳосил берсин. Меваси мўл, баракали бўлсин. Кўчат тўлиқ экиб бўлингач, тажрибали зироатшуносларимиз келиб, уни парваришлаш агротехнологиясини ўргатади. Ёшлардан етук мутахассислар тайёрлашга кўмаклашамиз. Бугун юртингизда илк йирик зайтунзорга асос солингани ва Ўзбекистоннинг Халқаро зайтун кенгаши аъзоси бўлгани билан қутлайман.

Академик М. Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Бандихон илмий станцияси директори Сирожиддин Абдушукуровнинг таъкидлашича, кўчатлар 4 йилда ҳосилга киради. Бир гектар майдондаги дарахтдан 15 тоннагача мева олиш мумкин. Унинг кўчатлари инвитро усули ва қаламчасидан кўпайтирилмоқда.

Институт далаларига етти хил совуққа чидамли зайтун кўчатлари жойлаштирилиши режалаштирилган. Бу навларнинг вилоят иқлимига мослашувчанлиги синовдан ўтказилади. Муваффақиятли натижалар қайд этилса, кенг майдонларда экиб, парваришлашга тавсия этилади. Зайтунзор ташкил этишнинг илк босқичида минг гектар боғ барпо этиш мўлжалланган. Мўътадил об-ҳаво шароитига эга воҳада ҳаётбахш зайтун дарахтлари ўз мевасини бериб, вилоятнинг табиатига янги нафас бағишлашига шубҳа йўқ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?