«Йиллар, йўллар ва зафарли кунлар»

10:20 13 Май 2025 Жамият
261 0

Раҳматжон БОБОЖОНОВ/«Халқ сўзи». Тошкент давлат аграр университетида Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Муҳаммад Али Саидовнинг 60 йиллиги муносабати билан «Йиллар, йўллар ва зафарли кунлар» мавзусидаги илмий-ижодий тадбир ҳамда муаллифнинг 35 номдаги китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда профессорлар, олим таълим муассасалари ўқитувчи-мураббийлари, олимнинг сафдошлари ва яқинлари, талабалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан олимнинг ҳаёт йўли илм ва устози йўлини танлаган шогирдлари, қолаверса, янги Ўзбекистоннинг ғайратли ёшлари учун намуна мактаби вазифасини ўтиши, у нафақат ўз олдига қўйган мақсадлари йўлида интилиб яшаётган таниқли иқтисодчи олим, балки ҳалол ва намунали меҳнат фаолиятини амалга ошираётган олий таълим соҳаси фидоийси экани, хусусан, унинг муаллифлигида чоп этилган ушбу 35 та китоб салмоғи ва берадиган сабоғи жиҳатдан улкан аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Тадбир доирасида университет ректори Н.Обломурадов Қишлоқ хўжалиги вазири И.Абдураҳмонов ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шариповнинг профессор Саидов Муҳаммад Али Ҳакимович таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан табрик сўзларини ўқиб эшиттирди.

— Муҳаммад Али Саидов мустақил Ўзбекистон олий таълим тизими ривожига улкан ҳисса қўшиб келаётган етук олим, баркамол педагог, замонавий билим ва кўникмаларни мустаҳкам илмий асосларда илгари сураётган фидойи мутахассислардан биридир, — дейилади Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов табригида. — Унинг бой ҳаётий ва илмий тажрибаси нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсда ҳам юқори баҳоланмоқда. Унинг муаллифлигида 500 дан ортиқ илмий ишлар, жумладан 50 та хорижий илмий журналларда, 15 та Сcопус базасига кирган мақолалар, 5 та дарслик, 15 та монография ва 25 дан зиёд услубий қўлланмалар нашр қилингани сўзимиз исботидир.

Дарҳақиқат, Муҳаммад Али Саидов босиб ўтган ҳаёт йўли, жумладан, бир қатор давлат ва таълим муассасаларида олиб борган фаолияти билан кўпларга ўрнак бўлади. Хусусан, 2016 йилдан бошлаб Тошкент давлат аграр университетида «Агроиқтисодиёт» кафедраси мудири лавозимида амалга ошираётган серқирра ва машаққатли, айни пайтда, мазмунли ҳамда шарафли меҳнат фаолияти ҳам бунга яққол мисол.

Илмий-ижодий кеча олим томонидан шу пайтгача нашр этилган ва кенг ўқувчилар қўлига етиб борган 35 номдаги тўплам тақдимотига уланди. Хусусан, «Олим таълим тизимида молиявий бошқарув», «Олим таълим менежменти ва иқтисодиёти», «Илмий ижод методологияси», «Олим таълим муассасаларини молиялаш» каби тўпламлар шулар жумласидан. Йиғилганларга аввало ушбу китобларнинг аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Ўқувчилар китобларни исталган жойдан махсус QR кодни сканерлаш орқали мутолаа қилишлар мумкин.

Тадбир якунида олимнинг ўзи ҳам сўзга чиқиб, илмий ва ҳаётий тажрибалари борасида фикр-мулоҳазаларини билдирди, хусусан, муаллифлигида чоп этилган китобларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, ушбу тўпламлар кўплаб илм ихлосмандлари ва навқирон авлод вакиллари учун қимматли манба бўла олишини қайд этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?