Ижтимоий тадбиркорлик — мамлакатимизда нодавлат ижтимоий ҳимоя сиёсатини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам

17:14 17 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
278 0

Мамлакатимизда аҳолининг заиф қатламини ижтимоий ҳимоялаш масаласи доим давлатимиз диққат марказида бўлиб келган ва бугунги кунда ҳам бу долзарб масалага катта аҳамият қаратилмоқда. Аммо бугунги давр ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларни ҳал этишда янгича ёндашувларни, халқаро тажрибаларни қўллаган ҳолда нодавлат ижтимоий ҳимоя сиёсатини ривожлантиришни яъни ижтимоий тадбиркорликни жорий этишни тақозо этмоқда.

Хўш, энди савол туғилиши мумкин, ижтимоий тадбиркорлик нима ўзи? Бу юридик шахслар ёхуд якка тартибдаги тадбиркорларнинг аҳолини муайян ижтимоий муаммолари ва уларнинг оқибатларини енгиллаштириш ёки ҳал қилишга қаратилган фаолиятдир. Ёки буни нодавлат ижтимоий ҳимоя воситаси деб атасак, янада тушунарлироқ бўлади.

Бунда ижтимоий тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятида жамият манфаатини устувор ҳисоблайди. Имкон қадар аҳолининг заиф қатламларини иш билан таъминлаш, ногиронлиги бор ва кекса кишилар учун махсус маҳсулотлар ишлаб чиқариш ёки уларга кўмак бериш, турмуш даражасини яхшилашда фаоллик кўрсатади.

Партиямиз фракциясининг навбатдаги йиғилишида айнан шу масала – «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатларимиз томонидан қизғин муҳокама қилинди. Тўғри, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун иш ўринлари яратиш, ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳсулот ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарадиган корхоналар учун солиқ ва бошқа турдаги имтиёзлар белгиланган. Аммо амалдаги қонунчиликда «Ижтимоий тадбиркорлик»нинг ҳуқуқий тушунчаси ва ижтимоий тадбиркорликка оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш механизмлари аниқ белгиланмаган.

Фракциямиз аъзолари томонидан муҳокама қилинган мазкур қонун лойиҳасида «ижтимоий тадбиркорлик», «ижтимоий корхона», «ижтимоий корхоналарнинг реестри», «аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари», «ижтимоий лойиҳа», «ижтимоий товар», «ижтимоий хизматлар», «ижтимоий соҳадаги фаолият» ва «фавқулодда ҳолатлар» каби тушунчалар белгиланмоқда ва бу тушунчаларнинг аниқ таърифи амалдаги қонунчиликда ўз ифодасини топмаган.

Энди қандай корхоналар ижтимоий тадбиркорлик субъекти ҳисобланади, деган саволга ҳам жавоб бериб кетай. Агар ходимларнинг умумий сонида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига мансуб шахслар камида 70 фоизни ташкил этадиган ҳамда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига мансуб шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди меҳнатга ҳақ тўлаш умумий фондининг камида 70 фоизини ташкил этадиган тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, ишлаб чиқарадиган товарларини ёки кўрсатадиган хизматларини сотишдан тушган тушум умумий ҳажмининг камида 50 фоизи ижтимоий товарларни сотишдан ёки ижтимоий хизматлар кўрсатишдан тушган тушум ташкил этадиган тадбиркорлик субъектлари ваколатли орган томонидан юритиладиган реестрига киритилади.

Энг муҳими, ижтимоий корхоналар давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватланади. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан кредитлар ажратилади, кредитлар бўйича кафиллик берилади ва фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар тўланади.

Қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган бу қонун лойиҳаси фракция аъзолар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Аминманки, «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси амалдаги қонунчилигимизни янада такомиллаштиришда ва тадбиркорликнинг ижтимоий соҳадаги ўрни ва нуфузини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Мавлуда ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

OʼzLiDeP фракцияси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?