Ижод сеҳри ва меҳри билан яшаш — улкан саодат

08:01 04 Март 2025 Жамият
184 0

Санъат — биргина сўз, аммо унинг замирида дунё гўзалликларидан баҳра олиш, инсон қалбини эзгуликларга ошно этиш, меҳр-муҳаббат, одамийлик, яхшилик каби бугунги давр учун муҳим бўлган фазилатларни улуғлаш, асраш ва авлодларга етказиш каби қатор маънолар мужассам. Бежиз “Санъатни тушунган ва севган одамдан ёмонлик чиқмайди”, дейишмайди. Ахир санъат чин маънода яхшилик жарчиси ва у бунга доим қодир бўлган.

Ўзбек санъатининг гултожи — қўшиқчиликдир, десак, адашмаймиз. Бу санъат тури не-не асрлик шонли ўтмишга эга. Мазкур йўналишда қанчадан-қанча устазода хонандалар ижод қилган. Улар ижросидаги ашулалар аллақачон халқимизнинг маънавий хазинасига айланган, оғиздан-оғизга, пластинкаю кассеталардан замонавий флеш-карталарига ўтиб, юртдошларимизга завқу шавқ улашиб келмоқда.

Умрим бевосита санъат, қўшиқ билан боғланганидан ҳам қувонаман, ҳам дилдан фахр туяман. Булар мен учун бутун борлиғимни қамраб олган мўъжиза ва уларнинг сеҳри мени ҳамиша яратиш ҳамда яшаш ишқига ҳамоҳанг қилади. Лўнда айтганда, ижод сеҳри ва меҳри билан яшаш — улкан саодат.

Ўтган 60 йил давомида қизғин ижодий жараёнда яшадим. Санъатга илк бор меҳрим тушиб, биринчи марта қўлимга мусиқа асбобини олган чоғдан бошлаб бир мақсад ва ният — мухлисларимизга манзур келадиган асарлар яратиш билан яшадим ва яна шундай давом этиш ниятидаман. Ҳар куни шодиёна ва тўйларга уланаётган мамлакатда санъаткор бўлиш катта бахт.

Она Ўзбекистонимиз — чин маънода санъатни, унинг гўзаллигига улуш қўшаётган ижодкорларни улуғлаб, бошига кўтариб, ардоқлаб келган жаннатмонанд диёр. Бугун ана шундай эъзоз ва эҳтиромдаги ижодкорлар орасидан камина ҳам яна бир бор ўрин эгалладим — давлатимиз раҳбари Фармонига мувофиқ “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотландим. Шукрона кунимга бу қутлуғ совға бўлди. Президентимизга, халқимизга катта раҳмат!

Албатта, бу ҳурмат ва ғамхўрликка муносиб бўлишга астойдил интиламан. Бунинг учун, юқорида таъкидлаганимдек, юртдошларимизга санъатни севиш, меҳр қўйиш ва асрашни ўргатиш, кўнглию чеҳраси илиқ инсонларимиз тафтидан тафт олиб ижод қилиш, халқимизнинг яхши кунлари, байраму тўйларида “лаббай” деб хизматда бўлиш асосий вазифам ва бурчимдир. Зеро, халқ ва она Ватани билан якдил бўлган, уни эъзозлаган ҳамда мадҳ этган санъаткорнинг умр китоби ўзгача маъно-мазмун, гўзал ижро билан безалади.

Ғуломжон ЁҚУБОВ,

Ўзбекистон халқ артисти,

«Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?