IT: келажак ва эртанги кун истиқболи

12:30 24 Февраль 2026 Жамият
213 0

Баҳромжон Жалилов фарғоналик минглаб йигит-қизларни IT соҳасига қизиқтираётган, бу борадаги орзу-мақсадлари ижобат бўлиши учун руҳлантираётган етук мутахассис. У бир неча йиллар мобайнида вилоятдаги олий таълим муассасаларида ушбу йўналиш бўйича талабаларга сабоқ берди, IT-Parkнинг Фарғона вилояти бўлимини бошқарди. Айни пайтда Фарғона вилояти ҳокимининг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси. У масъулиятли вазифага бежизга тайинлангани йўқ.

Бу мутахассиснинг эътироф этишича, 2027 йили меҳнат бозорида 40 та, 2030 йилга бориб эса 100 тагача касбга жиддий эҳтиёж қолмаслиги мумкин. Албатта, талаб ва таклиф тобора янгиланиб бораётган бугунги даврда замонавий ахборот технологиялари ҳамда сунъий интеллект ривожи ана шундай эҳтимолни юзага келтираётгани ҳеч кимга сир эмас.

Шу сабабли бугунги кунда жаҳон миқёсида келажак касблари хусусида сўз кетганда, IT соҳаси бу борада эртанги кун истиқболини таъминловчи муҳим йўналиш сифатида таъкидланмоқда. Айни жиҳатларни инобатга олиб, Фарғона вилоятида ушбу жараёнда изчил саъй-ҳаракатлар олиб бориш устувор вазифалар сирасига киритилган.

—Биргина ўтган йилнинг ўзида вилоятда 47 та янги IT компания ўз фаолиятини бошлади,—дейди Баҳромжон Жалилов.—Бу компанияларнинг 21 таси АҚШ, Ҳиндистон ва Россия каби хорижлик инвесторлар иштирокида ташкил этилгани эътиборга молик. Шу тарзда бугунги кунда вилоятда IT-Park резидентлари сони қарийб 140 тага етди.

Таъкидлаш жоизки, Фарғона вилоятида қулай муҳит ва инфратузилма шаклланиб бораётгани туфайли ўтган йили соҳада ихтисослашган компаниялар томонидан 2,8 триллион сўмлик IT хизматлар кўрсатилди. Бу йўналишда 22,8 миллион долларлик экспорт амалга оширилди. Натижада атиги бир йил олдингига қараганда 3,5 бараварга ўсиш таъминланди.

Бугун вилоятда хориж давлатларининг 10 га яқин нуфузли компаниялари ўз офисини очган. Хусусан, АҚШнинг 3та, Россиянинг 3 та ва Япониянинг 2 та компанияси филиали самарали фаолият кўрсатмоқда.

Ўз навбатида истиқболли соҳа ривожига қаратилган эътибор ва рағбат Фарғонада ўз келажагига катта ишонч кўраётган янги авлод мутахассислари шаклланишида муҳим омил бўлаётир.

—Ҳозирги кунда корхонамизда 400 нафардан зиёд дастурчи ёшлар фаолият кўрсатади,—дейди Фарғона шаҳридаги “Davr-RU” хусусий корхонаси раҳбари Шерзод Парпиев.—Бу йигит-қизларнинг ўртача ойлиги 30 миллион сўмни ташкил этади.

Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда IT хизматлари экспорти нафақат мамлакатимиз, бутун дунёда энг сердаромад бизнесга айланмоқда. Шу боис ёшларни ушбу тармоққа кенгроқ жалб этиш ҳамда жаҳон ҳамжамиятида рақобатбардош янги авлод мутахассислари тайёрлашга жиддий эътибор қаратилган. Буни юқоридаги битта корхона мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Корхонанинг шинам офисида ҳамиша иш қизғин. Ҳамкорлик кўлами эса бутун дунёни қамраб олган.

Фарғона вилоятида ахборот технологиялари соҳасидаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Хусусан, жорий йил вилоятда IT-Park резидентларини 200 тага ҳамда IT хизматлар экспортини 50 миллион долларга етказиш кўзда тутилган.

Натижада ушбу йўналишда юқори даромадли иш ўринлари сони 2,5 мингдан ортишига эришилади. Шунингдек, айни жараёнда фрилансерлар, яъни доимий офисда ишламайдиган, ўзига ўзи иш топиб, турли мижозлар учун мустақил равишда ишлаб даромад топадиганларни 6 минг 500 нафардан ошириш мақсад қилингани ҳам бежиз эмас. Чунки эндиликда мазкур йўналиш IT бозорида кичик, лекин қулай бизнес сифатида эътироф этилмоқда.

—IT соҳасида ҳозирги кунга қадар қарийб 30 та лойиҳам амалиётга жорий этилиб, бундан яхшигина даромад ҳам олдим,—дейди фрилансер Улуғбек Муҳаммаджонов.—Бу йўналиш бирор бир компанияда расмий ходим бўлмасдан ҳам интернет орқали ёки шартнома асосида бажариладиган иш учун улкан даромадга эга бўлиш имконини беради. Шу сабабли Фарғонада фрилансерлик қилиб яхши пул топаётган мустақил фаолият юритувчи ёшлар, талабалар, ҳатто мактаб ўқувчилари сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётгани эътиборга сазовордир.

Айни пайтда халқаро компаниялар учун махсус брендлар, сайт ва иловалар яратиш, ижтимоий тармоқларни юритиш, турли тақдимот ҳамда лойиҳалар тайёрлаш сингари йўналишларда бир нафар фрилансер ойига ўртача 1-5 минг долларгача маблағ топиш имконига эга.

Фарғона вилоятини юртимизда йирик IT марказга айлантириш учун жорий йилда ҳам бир қатор истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсад қилинган. Мисол учун, вилоят марказида жойлашган Экошаҳар ҳудудида Фарғона рақамли технологиялар ва сунъий интеллект маркази — “Fergana Digital Hub” бунёд этилмоқда. Марказда йилига 4 минг нафар ёшлар IT ва сунъий интеллект йўналишида ўқитилади.

Шунингдек, Epam, Cisco, Microsoft, Huawei каби дунё брендлари бўлган IT мактаблари билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилиб, ҳар йили халқаро стандартлар асосида 500 нафар малакали мутахассис тайёрлаш кўзда тутилмоқда. Эзгу ташаббуслар доирасида йилига 800 нафар битирувчи маҳаллий ва халқаро меҳнат бозорида ишга жойлаштирилиши режалаштирилган.

Марғилон шаҳрида Тошкентдаги Инха университети кампуси, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект лабораторияси ташкил этилади. Жаҳон андозалари даражасида фаолият кўрсатувчи кампусда ахборот технологиялари, дастурий инжиниринг, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик йўналишида бакалавр таълим дастури бўйича мутахассислар тайёрланади. Сунъий интеллект асосида илмий-амалий ҳамда стартап лойиҳалар ишлаб чиқилади. Бу хорижий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш имконини бериши билан ҳам аҳамиятли.

Ҳозирги кунда вилоятнинг ҳар бир шаҳар-туманида “IT-шаҳарча”лар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Замонавий марказларда дастурлаш, киберхавфсизлик, ижтимоий тармоқларни юритиш каби ўнга яқин йўналишларда ўқув курслари ташкил этилаётир. Бу курслар орқали йилига 5 минг нафар янги авлод вакиллари келажак касбларига ўқитилади ва ўз бизнесини бошлашга рағбатлантирилади.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?