Истанбул — ҳайратларга кўмилган қадимий шаҳар

11:49 31 Март 2021 Дунё
23345 0

Foto - "Xasan Paydo"

Истанбул — наинки турк дунёсига донғи кетган, балки жаҳонга машҳур бўлган қадимий мажмуалар жойлашган, миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб қилган шаҳардир.  Бу шаҳар гарчи ҳозир давлатнинг марказий пойтахти (Туркия пойтахти Анқара) ҳисобланмаса-да, қадимдан то бугунги кунгача туркияликларнинг асосий саноат, савдо ва маданий маркази ҳисобланади.

Географик жойлашувига, иқлим шароитига кўра, бу худуд хусусиятида дунёнинг ҳеч бир минтақасида учрамайдиган гўзал табиати бор. Негаки, Осиё ва Европани қитъасини бирлаштирган Босфор бўғози айнан шу қадимий шаҳарда жойлашган.

Тақсим майдони

Дунё мамлакатларининг асосий майдонлари сингари Туркиянинг ҳам халқ бирлашадиган, бирлигини шу майдонда кўрадиган бир мажмуаси бор. Бу Тақсим майдонидир. Истанбулнинг марказий қисмида жойлашган майдон доимо маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар билан гавжум.

Тақсим майдонининг энг машҳур, томошабоп монументи 1928 йилда Петро Каноник томонидан ишланган «Республика» ҳайкалидир. Мустафо Камол Отатурк шарафига ўрнатилган ушбу санъат намунасида халқ етакчисининг қаҳрамонлик тимсоли тасвирланган. Унинг халқни, мамлакатни қандай ёғийлардан қутқаргани, Ватанни қандай асраб қолгани акс этган.

Истиқлол кўчаси

АҚШнинг Нью-Йоркидаги Таймс-сквер майдони қанчалик машҳур бўлса Туркиянинг Истанбулидаги Истиқлол кўчаси ҳам машҳурликда ундан кам эмас. Бу Истиқлол сайргоҳини айланиб сайр қилганлар турк халқининг бор бўй бастини шу кўчалардан топади.

Галата минораси — Истанбул рамзи

Истанбулнинг рамзларидан бири бўлган Галата минораси қадимда қалъаларни асрашда муҳим ахборотларни олувчи, ҳудудни кузатувчи, денгизчи ва савдо аҳли учун ўзига хос белги берувчи бўлиб хизмат қилган.

Ҳозир эса бу минора шаҳарнинг ўтмишини бугунги авлод ёдига солувчи, минорага чиқиб баланддан қарасангиз қадим ва бугунги Истанбул гўзаллигини сизга тақдим этувчи беназир мажмуа ҳам ҳисобланади. Бу ердан туриб сиз Истанбулнинг ҳақиқий манзарасини, турк оламининг киноларига, сериалларига сиғмаган гўзаллигини ўз нигоҳингиз билан кўришингиз мумкин.

Мармар денгизи соҳиллари

Истанбулнинг одамларни ўзига маҳлиё қиладиган оҳангробаси бу табиат ином этган денгизидир. Мармар денгизи соҳилларини айланиб сайр қилган ҳар бир сайёҳ қалбига бир умр унутилмас хотиралар муҳрланади.

Ўзбекистонлик журналистларнинг Туркия бўйлаб саёҳати давом этмоқда.

 

Нажмиддин Абдулазизов,
журналист
Фотолар муаллифи Ҳасан Пайдоев

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?