Исроил Ғазони босиб олиш учун ҳужум бошлади. Ҳудудга 20 дақиқа ичида 37 марта зарба берилди. Ҳозиргача нима маълум?

09:35 16 Сентябр 2025 Дунё
78 0

Фото: Reuters

Исроил мудофаа кучлари Ғазони босиб олиш мақсадида ҳужум бошлади. «Axios» порталининг ёзишича, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Исроил операциясини қўллаб-қувватлаган, бироқ уни имкон қадар тезроқ якунлашга чақирган.

Операциянинг илк 20 дақиқасида Ғазога 37 марта зарба берди. Зарбалар серийасида вертолётлар ҳам иштирок этди. Шаҳар аҳолисининг хабар беришича, Исроил ҳарбийлари портловчи моддалар билан тўлдирилган роботлардан фойдаланган. Бундан ташқари, «Apache» вертолётлари ҳавода айланиб, вақти-вақти билан ўқ узмоқда.

20 дақиқада олтмиш нафардан ортиқ одам ҳалок бўлди

Айни пайтда Исроил зарбалари оқибатида 60 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлгани маълум. Ғазодаги бир қанча турар-жой бинолари ва энг баланд минора ҳам зарар кўрган.

«Al-Jazira» телеканали хабарига кўра, Исроил ҳаво кучларининг шаҳар шимолидаги бинога уюштирган зарбаси оқибатида камида саккиз киши ҳалок бўлган.

Аввалроқ Исроил Яманга зарбалар берган эди. Пойтахт Сана ва Ал-Жавф вилоятига берилган зарбалар оқибатда камида 35 киши ҳалок бўлган.

Исроиллар ушбу операцияга қарши

Исроил мудофаа кучлари операциясига қарши намойишчилар Қуддусдаги Бош вазир Бенямин Нетаньяҳу қароргоҳи олдида чодирлар қурдилар. «Ynet» порталига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бош вазир қароргоҳидан 300 метр радиусдаги ҳудудни ўраб олишган. Айрим маълумотларга кўра, Нетаньяҳунинг ўзи бинода йўқ.

«Бош вазир оилаларнинг келаётганини эшитди ва қочиб кетди», — дейди намойишчилардан бири.

Шу йилнинг август ойида Тел-Авив ва Исроилнинг бошқа шаҳарларида ҳам Бош вазирнинг Ғазони босиб олиш режаларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганди.

«Times of Israel» нашрининг ёзишича, минглаб исроилликлар кўчаларга чиққан. Намойишчилар орасида Ғазода қолган гаровга олинганларнинг ота-оналари ҳам бор. Улар Нетаньяҳунинг операцияси яқинлари учун ўлим жазоси бўлишига ишонишади. Энг йирик норозилик намойиши Тел-Авивда бўлиб, унда камида 10 000 киши қатнашган эди.

Олдинроқ, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Кая Каллас Европа Иттифоқи Ғазода содир бўлаётган воқеаларни тўхтата олмаслигини, чунки Америка Қўшма Штатлари Исроил расмийларининг ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлашини айтганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?