Испания 1984 йилги финал учун «қасос» оладими?

17:09 09 Июль 2024 Спорт
281 0

Иллюстратив фото

Бугун футбол бўйича Европа чемпионатининг биринчи ярим финали баҳси ўтказилади. Унда Испания ва Франция терма жамоалари ўзаро беллашади.

Ушбу жамоалар шу пайтгача 36 бор ўзаро тўқнашган. Ўзаро ўйинларнинг 26 тасида Испания терма жамоаси ғалаба қозонган. Уларнинг 26 таси ўртоқлик учрашувлари бўлиб, баҳсларнинг 14 тасида Испания, 7 тасида Франция ғалаба қозонган. Беш баҳсда ғолиб номи аниқланмаган. Тўплар нисбати 54/23 Испания фойдасида.

Мазкур жамоалар расмий мусобақаларда 10 бор тўқнаш келган. Жумладан, жамоалар тўрт марта Европа чемпионати финал босқичида, икки бор саралаш босқичда, бир марта жаҳон чемпионатида, бир марта жаҳон чемпионати саралашида ва бир бор УЕФА миллатлар лигаси мусобақаларида баҳслашган. Эътиборлиси, расмий ўйинларнинг иккитасида Испания ғалаба қозонган. Олти ўйинда эса французлар рақибларидан устун келган. Икки учрашувда ғолиб номи аниқланмаган.

Испания ва Франция Европа чемпионати финал босқичида илк бор — 1984 йилда ўтказилган мусобақанинг финалида бир-бирига қарши майдонга саф тортган. Ўйинда Мишель Платини ва Брюно Беллон томонидан киритилган голлар якунда французларни мусобақа ғолибига айлантирган эди.

1996 йилда ўтказилган Европа чемпионатининг гуруҳ босқичида Франция ва Испания дуранг ўйнаган — 1:1. Учрашувда Юрий Жоркаефф ва Хосе Луис Каминеро гол муаллифи бўлган.

2000 йилда ташкил этилган Европа чемпионатининг ҳам ¼ финалида Испания ва Франция ўзаро баҳслашган. Учрашувда французлар 2:1 ҳисобида ғалабага эришган. Ўйинда Зайниддин Зидан ва Юрий Жоркаефф томонидан киритилган голларга Гаиска Мендьета битта аниқ зарба билан жавоб берган.

2012 йилда ўтказилган қитъа биринчилигининг ¼ финалида эса Испания Хаби Алонсонинг икки голи эвазига Францияни мусобақадан чиқариб юборган эди.

Хўш, бугун Франция расмий ўйинлардаги устунлигини сақлаб қола оладими? Ёки Испания 1984 йилги финал учун «қасос» оладими?

Франция — Испания учрашув бугун, Тошкент вақти билан соат 00:00 да бошланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?