Иситиш мавсумида 1 миллион сўм миқдоридаги бир марталик ёрдам кимларга берилади?

12:34 11 Сентябр 2025 Жамият
125 0

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги 1 миллион сўм миқдоридаги бир марталик моддий ёрдам пулини кимлар олиши мумкинлиги тўғрисида маълумот берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 134-қарорига мувофиқ 2025/2026 йилги иситиш мавсумида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўшимча моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг ноябрь ойида қуйидаги тоифадаги эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратилади.

Ушбу бир марталик моддий ёрдам пуллари қуйидаги оилаларга берилади:

  • «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи оилалар;
  • «Камбағал оилалар реестри»га киритилган оилалар;
  • «маҳалла еттилиги» томонидан шакллантирилган қўшимча рўйхатдаги оилалар.

«Маҳалла еттилиги» томонидан қўшимча рўйхат шакллантирилишида биринчи навбатда қуйидаги тоифага кирувчи оилалар инобатга олинади:

  • боқувчисини йўқотган оилалар;
  • оила аъзоларида I ёки II гуруҳ ногирони бўлган шахслардан иборат бўлган оилалар;
  • ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган оилалар;
  • газ таъминоти мавжуд бўлмаган ва марказлаштирилган иситиш тизими йўқ бўлган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар;
  • бир хонадонда 3 ва ундан ортиқ оила биргаликда яшовчи оилалар;
  • узоқ муддатли даволанишни талаб этувчи оғир касалликка чалинган шахслар яшайдиган оилалар;
  • ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи шахслар ҳамда ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар.

«Агар Сиз ушбу тоифаларга мос келиб эҳтиёжманд оила бўлсангиз жорий йилнинг 25 сентябрга қадар «Маҳалла еттилиги»га мурожаат қилинг», — дейилади агентлик хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?