Ишончни оқламаган «ишонч телефони»

17:33 02 Август 2025 Жамият
840 0

Фото: Иллюстратив фото

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар қандай мамлакат тараққиёти соғлом ва билимли авлодга боғлиқлигини, ҳар томонлама кенг дунёқарашга эга ватанпарвар ёшларни тарбиялаш учун барча шароитни яратиш зарурлигини бот-бот таъкидлаб келади. Шу йил 15 май куни давлат раҳбари раислигида мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бунга яна бир бор алоҳида эътибор қаратилди.

Чиндан ҳам, сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳада бўлгани каби таълим соҳасини ислоҳ қилиш ва уни жаҳон андозалари талабларига мослаштириш, ёшларнинг сифатли таълим олиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, тизимнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, мактабгача ва мактаб таълими учун ажратиладиган маблағлар 7 карра оширилиб, жорий йилда 60 трлн. сўмни ташкил қилди.

Лекин фарзандларимиз таълим-тарбиясига маблағларни аямаётган бўлсакда, мактабларни таъмирлашда ота-оналардан пул йиғиш ҳолатлари билан боғлиқ норозилик чиқишлари ижтимоий тармоқларда кўзга ташланиб турибди. Ҳолбуки, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мактабларда ота-оналардан пул йиғиш ноқонуний экани, бундай ҳолатга дуч келинса, вазирлик «Ишонч телефони» ва бошқа манбаларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб келади.

Хўш, нега ота-оналар «Ишонч телефони» қолиб, ўз шикоятларини ижтимоий тармоқларга жойламоқда? Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида вазирликнинг 71-202-09-09 рақамли «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилдик. Дастлаб «оператор жавобини кутиш» учун 20-бўлиб навбатга қўйилдик. «Сизнинг қўнғироғингиз биз учун муҳим» деган таъкиддан сўнг ёқимли мусиқа янграй бошлади. Ва ўз навбатимизни сабр-тоқат билан кута бошладик.

...Ёқимли мусиқалар орасида навбатимиз 18, 16, 13, 8-ўринда экани эслатиб турилди. Ва... роппа-роса 27 дақиқадан кейин «Биз билан мулоқотда бўлганингиздан хурсандмиз. Хайр, саломат бўлинг» деган овоз эшитилди ва алоқа узилди. Қарийб ярим соат мусиқа тинглаганимиз қолди... Бу кулгили, лекин аслида жуда ачинарли ҳолат.

Шундан кейин вазирликнинг Ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собированинг телеграм каналига уланиб, унга мақсадни тушунтирдим. Буни қарангки, кўп куттириб қўймасдан, тегишли маълумотни тақдим қилишди. «Ишонч телефони»га шунча вақтимиз бекор кетганига ачиндик.

Мактаб таъмири кимнинг зиммасида?

Вазирликдан берилган маълумотда келтирилишича, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва тарбияланувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли пул маблағларини йиғиш тақиқланади ва бу масала вазирликда алоҳида назоратга олинган.

Бундан ташқари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тизим ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари ва масъул ходимлари, таълим ташкилотлари мутасаддилари, педагоглар ўқувчилар ёки уларнинг ота-оналаридан (таъмирлаш ишлари, турли тадбирлар ва байрамлар учун) пул йиғиш ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича доимий огоҳлантириб келинади. Тизимдаги коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқий-назорат тузилмалари томонидан барча мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида доимий профилактика тадбирлари ташкил этиб келинмоқда. Мактабларда ота-оналардан ҳар хил баҳоналар билан пул йиғиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича тарғибот тадбирлари кучайтирилган. Таълим муассасаларининг кириш эшикларига коррупцияга қарши курашиш бўйича турли кўринишдаги огоҳлантириш баннерлари жойлаштирилган.

Вазирликнинг Ахборот хизмати томонидан берилган маълумотларга кўра «Ишонч телефони»га ота-оналардан келиб тушган мурожаатлар сони жорий йилнинг 1 августигача 669 тани ташкил қилган. Ушбу мурожаатлар вазирликнинг тегишли бўлинмалари томонидан назоратга олинган ҳамда ҳудудий масъул ходимлар томонидан манзилли ўрганиляпти.

Умумий таълим муассасаси харажатларини қоплаш учун ота-оналардан пул йиғиб олиш амалиётининг қонуний ёки қонуний эмаслигини муҳокама қилишда шуни эътиборга олиш керакки, Президентнинг 2022 йил 11 майдаги «Мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг 13-банди билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига ҳудуддаги мактабгача ва мактаб таълими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг инфратузилмасини яхшилаш, қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш, уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани (тротуарлар, йўллар ва бошқалар) зарур ҳолатда сақлаш бўйича буюртмачи функциясини амалга ошириш, ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига ўз вақтида ва самарали тайёрлаш тадбирларини амалга ошириш ва бошқа қатор зарур вазифалар юклатилган. Зотан, мактабни таъмирлаш учун ота-она эмас, ҳокимлар масъул.

Бироқ масаланинг бошқа томони бор. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим тўғрисидаги Низомнинг 73-бандига асосан давлат умумтаълим муассасалари фаолиятини молиялаштириш жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун билан тақиқланмаган ҳомийлик хайриялари ҳисобидан ҳам амалга оширилади.

Хўш, бу нима дегани?

Мазкур Низомнинг ВИ бўлимида мактабнинг молиявий маблағи Давлат бюджети ва мактабнинг бошқа манбалардан ташкил топувчи ўз маблағлари ҳисобига шаклланиши кўрсатилган. Бошқа манбалар эса мактабнинг хўжалик фаолиятидан, кўрсатилган пуллик хизматлардан, бино ва жиҳозларни ижарага беришдан олинган даромадлар, ташкилотлар, ота-оналар ва бошқа фуқароларнинг ихтиёрий бадаллари, банк кредити ва бошқа тушумлардан иборат. Мактаб кам таъминланган оилаларнинг болаларига умумий таълим фонди, мактаб фонди маблағлари ҳисобидан дарсликлар, ўқув-ёзув қуроллари, кийим-бош, оёқ кийимлари сотиб олишда ва текин ёки имтиёзли овқатланишни ташкил этишда моддий ёрдам кўрсатади. Бунда ота-оналар, ҳомийлар ва бошқалар мактаб фондига мажбурий эмас, балки ихтиёрий равишда молиявий кўмак бериши мумкин!

Кўпчилик ота-оналарга маълумки, баъзи мактабларда синф фонди учун ҳар ой фалон минг сўмдан, мактаб фонди учун эса яна алоҳида пул йиғилади. Шунингдек, синфни таъмирлашдан ташқари, турли байрам тадбирларини ўтказиш, ўқитувчиларга совға бериш ва ҳоказо учун ҳам пул йиғиш ҳолатлари учрайди. Хўш, бундай ҳолатда ота-оналардан пул йиғиб олиниши ихтиёрийликка кирадими ёки мажбурийликками? Ижтимоий тармоқлардаги норозиликлардан келиб чиқиладиган бўлса, бу пулларни ҳамма ота-оналар ҳам ихтиёрий бераётгани йўқ. Албатта, мактабга ҳомийлик ёрдами кўрсатиш шарафли иш. Лекин беш қўл баробар эмас — баъзи оилаларнинг бунга қурби етмаслиги мумкин. Айниқса, мактабда ўқийдиган фарзандлари кўп бўлса!

Ана шундай шароитда баъзи таълим муассасаларида ҳали ҳам ота-оналардан турли йўллар билан пул ундириш ҳолатлари учраб туриши, афсуски, бор гап. Педагог пул бермаган болани бошқа ўқувчилар олдида мулзам қилади. Ота-она фарзанди бошқа тенгдошлари олдида ўксимаслиги учун айтилган суммани қарз олиб бўлса ҳам тўлайди.

Ҳозир мактабларда ота-оналардан пул йиғишнинг янги-янги усуллари шаклланиб боряпти. Масалан, биринчи синфга борадиган ўқувчини мактабга қабул қилишда ота-она зиммасига очиқдан-очиқ мактаб фонди учун пул ўтказиш ёки бошқа хизматларни амалга ошириш мажбурияти юклаб қўйилади. Бундай имконияти бўлмаган ота-оналар фарзандларини ушбу мактабларга электрон навбат орқали киритишга уриниб кўради, лекин бу йўл билан мақсадга эришиш амримаҳол.

Қаерда шундай бўляпти, манзилини аниқ кўрсатингчи дерсиз? Афсуски, бу жараённи кўрсатиб ҳам, исботлаб ҳам бўлмайди! Исботланган тақдирда ҳам, фарзандининг мактабдаги тақдирини ўйлаган ота-она ўз хоҳиши билан моддий ёрдам берганини, бунинг ёмон жойи йўқлигини айтиб тураверади.

Модомики, ота-она ихтиёрий равишда мактаб фаолиятига молиявий кўмак бераётган экан, бу жараённинг шаффофлиги таъминланиши — маблағ мактаб банк ҳисобига ўтказилиши, у қаерга ва қанча ишлатилгани, қанча қолганиғ ҳужжатлаштирилиши лозим. Мактаб раҳбарияти эса ҳомийларга (ота-оналарга) тушган маблағ қандай сарфлангани ҳақида ҳисобот бериши керак.

Мактаб маъмуриятига ота-оналар томонидан нақд пул тўланган тақдирда тилхат орқали расмийлаштирилиши ва икки томонлама имзоланиши керак. Акс ҳолда бу маблағларнинг қаерга ишлатилгани, қандай мақсадларга йўналтирилгани номаълум бўлиб қолади. Бу ҳужжатларнинг назорат қилинмаслиги муассасада коррупция ҳолатларини келтириб чиқаради, жамоада муҳит бузилади.

«Ташаббусли бюджет» машмашалари

Март ойининг ўрталари эди. Ишдан кейин метронинг «Дўстлик» бекатидан чиқаверишда 5-6 нафар мактаб ёшидаги бола «Овоз йиғамиз, 15 минг сўмга овоз йиғамиз» деб жар соляпти. Бунга аҳамият бермасдан ўтиб кетдик. Эртаси куни Қўйлиқ мавзесида яна шундай ҳолатга дуч келдик. «Овоз йиғамиз, 20 мингга овоз йиғамиз», дея тинмай қичқирарди болалар. Икки кундан кейин битта овоз 40 минг сўмга чиқиб кетди. Тушуниб етганимиз шу бўлдики, «Ташаббусли бюджет» бошланибди, етарли овоз олган мактабга бюджетдан маблағ ажратилармиш.

Яқинда эса ижтимоий тармоқларда шу масала бўйича берилган эълонга кўра бундай «овоз»ни қўлга киритишни истаганларга, «соққа»сини тўлайдиганларга мингтагача овоз йиғиб берилармиш, «ўринлар чекланган» эмиш. Э, ҳайф-э! Қўпол бўлса ҳам айтиш жоизки, бу очиқдан-очиқ чайқовчилик, кўзбўямачилик, ўқитувчининг қадрини, таълим муассасаси обрўсини ерга уришдан бошқа нарса эмас. Аслида мактаб — муқаддас даргоҳ. Уни таъмирлашга маблағ керак бўлса, у ҳеч қанақа овоз беришларсиз ажратилиши керак.

Яна бир ҳолат. Яқинда неварамни биринчи синфга бериш учун маълум фанлардан чуқурлаштирилган таълим берадиган мактабга бордим. Ҳудуди жуда ораста, биноларга дид билан ишлов берилган. Ўқув хоналари, фан кабинетлари тўла жиҳозланган, одамнинг ҳаваси келади. Бу мактабнинг рейтинги жуда баланд бўлиб, битирувчиларнинг ярмидан кўпи ҳар йили олий ўқув юртларига юқори баллар асосида қабул қилинаётган экан.

— Ўқувчилар сони кўплигидан бу йил яна синф хоналарини кўпайтиряпмиз, — деди мактаб директори фахр билан. — Шу атрофда бешта мактаб бор. Лекин ота-оналар фарзандларини бизнинг мактабга бергиси келади. Чунки бизда ўқитувчилар ўз устида тинимсиз ишлайди, ўқувчиларга сабоқ беришнинг энг замонавий усулларини қўллаймиз. Хуллас, барча шарт-шароит ўқувчиларимиз келажаги учун хизмат қилмоқда.

Мактаб ўтган йиллар ичида етти маротаба «Ташаббусли бюджет» ғолиби бўлибди. «Бунга қандай қилиб эришилди?» деган саволимизга очиқчасига, «Ота-оналар овоз йиғиб беришди» деган жавобни эшитдик...

Юзаки қараганда, рисоладагидай хулоса. Аммо бу ажабланарли эмасми?

Тан олиш керакки, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги педагоглар ва ота-оналарни «Ташаббусли бюджет» доирасида овоз йиғишга мажбурлаш ва улардан пул йиғиш ноқонуний эканини таъкидлаб келади. Агар педагоглар шундай ҳолатларга дуч келса, вазирликка мурожаат қилишлари мумкин деган таклифлар ҳам берилгани рост гап. Сўнгги йилларда бу борада мурожаатлар сони камайган бўлсада, кўпчилик таълим муассасалари раҳбарларига кўрилаётган кескин чоралар, огоҳлантиришлар ва қонуний тақиқлар бошқаларга сабоқ бўлмаяпти. Бу ҳолатда ўқитувчиларга ҳам қийин, тўғриси. Мактабимизга овоз беринг, деб ялинишга мажбур. Дардини кимга айтишни билмайди. «Ишонч телефони»нинг «ишончлили»ги эса ҳаммага маълум...

Нуруллоҳ ОСТОНОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?