Ишонч кўприклари ёхуд Нурафшондаги кушхона атрофидаги ўйлар

11:38 20 Февраль 2025 Жамият
129 0

Отабек ИСРОИЛОВ/«Халқ сўзи». Нурафшон шаҳридаги «Обод турмуш» маҳалласи ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг яқинида жойлашган хонадонда эшак гўшти сотилаётгани тахмин қилиниб, Нурафшон шаҳри Ички ишлар бўлимида текширув ўтказилди. Афсуски, тахмин ҳақиқат бўлиб чиқди. Эшак гўшти таъми, гарчанд, номаълум бўлсада, ҳақиқат аччиқдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати эшак гўшти ҳақида йўлланган ушбу саволга мухтасар жавоб берган.

«Эшак гўшти ҳақида маълумот берсангиз. Уни ҳаром деб эшитганмиз, лекин ҳозирги кунда баъзи жойларда сотиляпти экан. Шу мумкинми?

Жавоб: Бу мутлақо мумкин эмас. Чунки шариатда «истеъмоли ножоиз бўлган нарсанинг савдоси ҳам ножоиз», деган қоида бор.

Демак, эшак гўшти – ҳаром. Якдил тўхтам шу. Тошкент вилоятида эшак гўшти билан ҳодиса дастлаб Оққўрғонда бошланди. Шу йилнинг январида ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда Оққўрғонда ўн уч бош эшакнинг ичак ва суяклари дарё яқинига ташлаб кетилган тасвирлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг матбуот котиби Бобур Тўлаганов расмий муносабат билдириб, ушбу ишга алоқадорликда гумонланган ҳолда уч нафар шахс устидан терговга қадар текширув олиб борилаётганини маълум қилди.

ИИББ Карантин тадбирларини ташкил қилиш бўлинмаси ходимлари томонидан ҳамкорликда ташкилотлар билан давом эттирилган ҳаракатлар давомида жиноят изи Оҳангаронга бориб тақалган. Ҳудудда дезинфекциялаш ишлари олиб борилган. Жумладан, Оҳангарон тумани «Ғаллақудуқ» маҳалласидаги собиқ фермер хўжалиги ҳовлиси холислар иштирокида кўздан кечирилган. Тезкор тадбир давомида фермада қонунчилик ва санитария қоидаларига зид равишда эшак гўшти ва суяклари сақланаётгани аниқланган. Шунингдек, ушбу фермада йигирма беш бош тирик эшак боқилаётгани ҳам маълум бўлган.

Ҳолат бўйича 1965 йилда туғилган шахс ва унинг икки нафар ўғли терговга қадар текширув ҳаракатларига жалб қилинган.

Аҳолини хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича назорат тадбирлари оққўрғонлик аҳоли мурожаатларидан сўнг бошланган. Жараёнда Оҳангарон тумани ва Нурафшон шаҳрида ҳам ноқонуний фаолият фош этилган.

Юздан парда кетса,

Дилдан диёнат,

Меҳр ришталари зимдан узилса;

Юракларни босса шубҳа, хиёнат,

Ишонч кўприклари бузилса...

Ҳа, ишонч кўприклари қулаган жойда ўзганинг ҳақига бўлган қўрқув ҳисси йўқолади. Майда сўқмоқлар йўлларга айланиб, ғазналарга қўллар чўзилади. Ишонч кўприклари бузилган жойга қирғинга ҳожат қолмайди.

1986 йилда Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ёзган ушбу шеър бугунги кун одамларини айни ҳолатдан огоҳлантираётгандек. Афсус. Нурафшон шаҳрида бир неча бош эшак эмас, одамларнинг ишончи нобуд бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?