Иқтисодий етишмовчилик ҳам хасталикларга йўл очади

Саломатлик бўлмаса, инсонга ҳеч нарса татимайди. Бахтга қарши дард кўпинча қўққисдан келиб, беморнинг ҳамён ва ижтимоий аҳволи билан ҳисоблашмайди. Кўзига дунё тор кўринган киши эса биргина малҳамга бор бисотини алишишга тайёр. Қўли калталар-чи?
Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги тиббиёт марказларида вилоят ҳокими ташаббуси билан “Камбағал оилалар реестри”га киритилган фуқароларни даволатиш, жарроҳлик амалиётига муҳтожларини бепул операция қилиш ишлари тизими йўлга қўйилди.
Яқинда мазкур реестрдаги беморлардан 66 нафари давлат тиббиёт муассасалари ҳамда хусусий шифохоналарда даво муолажаларини қабул қилиш учун йўналтирилди.
— Ушбу фуқаролардан 25 нафари вилоят марказида даво муолажаларини стационар тартибда қабул қилмоқда, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Нурали Сафоев. — 14 нафарига эса Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида даволаниш учун электрон имтиёзли йўлланмалар ажратилди.
“Камбағал оилалар реестри”га киритилган фуқароларнинг 3 нафарида эндопротезлаш юқори технологик, 3 нафарида эса отолорингология йўналишида ҳамда 2 нафарида кўз касалликлари бўйича жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
Шунингдек, буйрак трансплантацияси жарроҳлик амалиётига муҳтож уч нафар фуқаро донорлари билан биргаликда бирламчи тиббий текширувлардан ўтказилган ва натижасига асосан жарроҳлик амалиёти амалга оширилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, 2 нафар бемор буйрак трансплантацияси амалга ошириш учун зарур бўлган генетик текширувлардан ўтиш учун Республика тиббиёт марказларига йўналтирилди.
Таъкидлаш жоиз, тиббиёт беморга ташхис қўяркан, касалликнинг асоратларини даволайди. Шунинг учун ҳам шифокорлар хасталикни даволагандан кўра унинг олдини олишни маъқул ҳисоблашади. Модомики, профилактика ҳақида сўз кетаркан, иқтисодий етишмовчилик ҳам кўплаб хасталикларга йўл очади. Вилоятда камбағалликни бартараф этиш чоралари кўрилаётган экан, бу хасталиклар чекинишида ҳам самара бериши шубҳасиз.
Темур ЭШБОЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг