Иқлимга мос боғлар, барқарор ҳосил экспорт гарови

19:53 23 Декабрь 2025 Жамият
426 0

Ўзбек хонадонларида ҳовли яшаш манзили бўлибгина қолмай меҳнат, барака ва ризқ ўчоғи бўлиб келган. Ҳовлида экилган тут, ўрик ёки ток нафақат оила эҳтиёжини қондирган, балки қўшни ҳамда қариндошларга улашиш, меҳнатга ҳурмат, табиатга яқинлик каби миллий қадриятларни шакллантирган. Бугун эса ана шу анъанавий боғдорчилик замонавий илм, инновация ва бозор талаблари билан уйғунлашиб, бутун мамлакат иқтисодиётига хизмат қилаётган стратегик соҳага айланмоқда. Замон тезлашди, иқлим ўзгармоқда, бозорлар рақобатли бўлиб бормоқда. Шу шароитда Ўзбекистон боғдорчилиги янги босқичга кўтарилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида ташкил этилганига салкам бир йил бўлаётган Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ўз фаолиятининг илк даврлариданоқ соҳада илмий ёндашув ва инновацион ғояларни тизимли равишда жорий этишга киришди. Интенсив боғдорчилик, замонавий пайвандтаглар, селекция ютуқлари, ер унумдорлигини ошириш ва иқлимга мос навларни жойлаштириш каби масалалар агентлик фаолияти марказида турибди. Бу ёндашув натижасида соҳада нафақат ҳосилдорлик, балки иқтисодий самарадорлик ҳам сезиларли ошмоқда.

Шу маънода «Боғдорчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида агентлик раҳбарияти, ОАВ ва блогерлар иштирокида ана шу жараёнлар очиқ муҳокама қилинди. Анжуманда таъкидланганидек, йил бошидаёқ мамлакатда сифатли мева маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш, қир-адир, тоғ олди, лалми ерлар ҳамда самарасиз боғ ва токзорлар ўрнида саноатлашган интенсив боғлар барпо этиш бўйича аниқ режалар белгилаб олинган эди. Ана шу режалар бугун натижа бера бошлади.

Тадбирда сўз олган агентлик директорининг маслаҳатчиси, агроном Мансур Йўлдошев охирги ўн йилликда Ўзбекистон боғдорчилиги иқлим масаласида катта сабоқ олганини таъкидлади:

— «Биз йиллар давомида мева турларини ва навларни жойлаштиришда хатоларга йўл қўйдик. Данакли мевалар — ўрик, шафтоли, гилос каби экинлар иқлим жиҳатидан эрта пишиши ва экспортда қиммат баҳоланиши билан катта устунликка эга. Аммо уларни қиши совуқ ёки эрта баҳорда совуқ уриб кетадиган ҳудудларга экиш катта йўқотишларга олиб келди. Энди эса илм ва халқаро тажриба асосида аниқ ихтисослашув сиёсати юритилмоқда. Бу мева турлари асосан Фарғона водийси ва Сурхондарё каби иқлими мос ҳудудларга жойлаштириляпти. Келгусида хатоларни кескин камайтиради».

Бу фикр иқтисодий жиҳатдан ҳам муҳим. Чунки тўғри жойлаштирилган боғ —барқарор ҳосил ва юқори экспорт даромади демакдир. Иқлимга мос ихтисослашув маҳсулот таннархини пасайтиради, рақобатбардошликни оширади.

Шу йил учун жами 29,2 минг гектар майдонда саноатлашган интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш режалаштирилган бўлиб, баҳор мавсумида 17,3 минг гектар, кузда эса 11,9 минг гектарни ташкил этиши кўзда тутилган эди. Амалда эса жорий йил баҳорида 19,2 минг гектар майдонда боғ ва токзорлар барпо этилди. Бу баҳорги режанинг 111 фоиз бажарилганини англатади. Ушбу майдонларнинг 14,2 минг гектари боғ, 5 минг гектари токзор бўлиб, катта қисми тоғ олди, қир-адир ва аввал самарасиз ҳисобланган ерларда жойлаштирилди.

— «Куз мавсумида ҳам суръатни пасайтирмадик. Жорий йил кузида 11,7 минг гектардан ортиқ майдонда янги боғ ва токзорлар яратишга киришилди, — агентлик директорининг ўринбосари Хайрулла Солиев. — Бунинг 4,5 минг гектари тоғ олди ва қир-адир ҳудудларда, 7,2 минг гектари эса самарасиз боғ ва токзорлар ўрнида ташкил этилади. Бу эса ер ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг ёрқин намунаси. Иқтисодий нуқтаи назардан, мана шундай ёндашув икки томонлама фойда беради. Биринчидан, аввал унумсиз бўлган ерлар иқтисодий айланмага киритилади, иккинчидан, янги боғлар орқали иш ўринлари яратилади ҳамда маҳаллий аҳолининг даромади ошади».

Январ–сентябрь ойларида республика бўйича қиймати 1,5 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 1 миллион 600 минг тонна мева маҳсулотлари дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилинди. Бу кўрсаткич Ўзбекистон боғдорчилигининг халқаро бозордаги ўрни мустаҳкамланаётганидан далолат беради. Янги барпо этилган боғлар 2–3 йилда ҳосилга киришини ҳисобга олганда, яқин 3–5 йил ичида экспорт ҳажмини камида 30 фоизга ошириш имконияти мавжуд.

Бугун Ўзбекистон ўрик етиштириш бўйича дунёда Туркиядан кейин иккинчи, ўрик экспортида эса Италиядан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Гилос, узум ва шафтоли экспорти бўйича ҳам мамлакат етакчи давлатлар сафидан жой олган. Натижалар тасодифий эмас — улар давлатимиз томонидан яратилган имтиёзлар, молиявий қўллаб-қувватлаш ва илғор ташаббуслар самарасидир.

Боғдорчилик Ўзбекистон учун фақат қишлоқ хўжалиги тармоғи эмас, балки миллий анъана, ижтимоий барқарорлик ва экспорт салоҳиятини белгилаб берувчи муҳим иқтисодий омилдир. Агросаноатни ривожлантириш агентлиги томонидан олиб борилаётган илмий асосланган, инновацияга таянадиган фаолият соҳани янги босқичга олиб чиқмоқда. Илм, иқлим ва бозор талабларининг уйғунлиги орқали Ўзбекистон яқин йилларда жаҳон мева бозорида янада мустаҳкам ўрин эгаллаши шубҳасиз.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?