Иқлим ва сув муаммоси

11:09 25 Июнь 2025 Жамият
104 0

Унга панжа ортидан қарашга ҳаққимиз йўқ

Марказий Осиё — бетакрор табиати, бой маданияти ва тарихи билан алоҳида ажралиб турувчи минтақа. Аммо сўнгги йилларда бу гўзал ва дунёда тенги йўқ ҳудуд иқлим ўзгаришларининг жиддий таъсирини ҳис қилмоқда. Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, сув танқислиги, чўлланиш ва табиий офатларнинг кўпайиши минтақа келажагига жиддий таҳдид солмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё — Хитой” иккинчи саммитида сўзлаган нутқида иштирокчилар эътиборини минтақамиздаги иқлим ўзгариши муаммоларига қаратгани ҳам бежиз эмас. Чунки мамлакатларимиз барқарор тараққиётига катта хавф туғдирувчи хатар, бу иқлим ўзгаришлари оқибатларидир. Хитойнинг илғор тажрибасини кенг жорий этиш орқали бундай хатарларни камайтириш мумкин. Шунингдек, Хитой тажрибаси “яшил” кун тартиби ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги чора-тадбирлар самарадорлигини сезиларли даражада ошириш имконини ҳам беради.

Бу жараёнда 2030 йилгача мўлжалланган “Яшил” ривожланиш дастурини қабул қилиш ва уни амалга оширишга имкон қадар тезроқ киришиш муҳим. Шу маънода, давлатимиз раҳбари чўлланишга қарши курашиш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш, қурғоқчил ва чўл ҳудудларда биоэкологик барқарорликни ошириш соҳасида мулоқот ва шериклик учун бизнинг форматда Экологик альянсни тузишни таклиф этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган “яшил” ривожланиш стратегияси мамлакатимизнинг барқарор келажагини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Хўш, Хитойнинг “яшил” ривожланишдаги муваффақият омиллари нимада?

Хитой сўнгги йилларда “яшил” ривожланиш соҳасида катта ютуқларга эришди. Хитой ҳукумати “яшил” ривожланишни миллий сиёсат даражасига кўтарди ва бу борада аниқ мақсад ҳамда вазифаларни белгилаб олди. “Осмон­ости мамлакати” “яшил” технологиялар, қайта тикланувчи энергия манбалари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасига катта миқдорда инвестиция киритмоқда. “Яшил” технологиялар соҳасида илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни қўллаб-қувватлаш орқали инновацияларни рағбатлантирилаётгани ҳам соҳада муваффақиятларга эришиш имконини беряпти. Шу билан бирга, расмий Пекин атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қонунчилик базасини такомиллаштирди ва экологик талабларни бузганлик учун жавобгарликни кучайтирди. “Яшил” ривожланиш соҳасида бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилинаётгани ҳам эътиборга молик.

Демак, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан чўлланишга қарши курашиш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш, қурғоқчил ва чўл ҳудудларда биоэкологик барқарорликни ошириш соҳасида мулоқот ва шериклик учун Экологик альянсни тузиш таклифи Ўзбекистоннинг “яшил” ривожланиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири, десак, сира муболаға эмас. Бундай альянс минтақа давлатларининг экологик муаммоларни ҳал этишдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга, илғор тажрибаларни алмашишга ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Аслида ҳам, бусиз минтақамиздаги иқлим ўзгариши ва сув етишмовчилиги билан боғлиқ муаммоларни ечиш мумкин эмас. Зеро, Марказий Осиёда ҳарорат йилдан-йилга кўтарилиб боряпти. Эътибор беринг, яна бир халқаро ташкилот ҳисоботида иқлим ўзгариши Марказий Осиё мамлакатлари ҳаётини қийинлаштиришидан огоҳлантирди, таҳдидга қарши барча амални самарали мувофиқлаштирган ҳолда курашиш зарурлигини таъкидлади.

Жаҳон метеорология ташкилоти “2025 — 2029 йиллар учун иқлим истиқболи” узоқ муддатли прогнозини эълон қилди. Ушбу ҳисоботга кўра, Марказий Осиёда дунёнинг бошқа жойларига солиштирганда ҳам ҳаво ҳарорати кучлироқ исиб бораётир. Минтақа мамлакатлари зудлик билан қурғоқчилик, музликларнинг шиддат билан эриши ва беқарор ёғингарчиликлар шароитига мослашишлари лозим, акс ҳолда сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги ва энергетика билан боғлиқ таҳдидлар янада кучаяди.

Жаҳон метеорология ташкилотига кўра, 2025 — 2029 йиллар давомида ҳар бир йил 1991 — 2020 йиллар нормасидан иссиқроқ бўлиши мумкин. Глобал ҳарорат баъзи йилларда саноатгача бўлган даврдагига нисбатан солиштирганда +1.5 даражадан кўтарилиб кетиш эҳтимоли бор. Ҳароратнинг ошиши Қирғизистон ва Тожикистондаги кўп асрлик музликларнинг янада тез эришига олиб келади. Минтақанинг икки йирик дарёси — Сирдарё ва Амударё асосий сувларини ана шу музликлардан олади, уларнинг тез эриши эса сув манбаларига хавф солади.

Тожикистон минтақадаги энг йирик музлик — Федченко музлигининг 40 фоизидан ва Қирғизистон ўзининг асрий музликларининг 30 фоизидан айрилган. Айни ҳолат Қирғизистон ва Тожикистон каби иқтисодиёти гидроэлектростанцияларга боғлиқ мамлакатлар учун катта муаммо. Одатда май — сентябрь ойларида минтақанинг аксар ҳудудида ёғингарчилик кузатилмайди, бундан буёғига эса Жаҳон метеорология ташкилоти ёз ойларидаги вазиятнинг нормадан юқори бўлиш эҳтимоли 82 фоизни ташкил этиши мумкинлигидан огоҳлантиряпти. Бу ёзда ёғингарчилик, кейин эса қурғоқчилик рўй беради, деганидир.

Ўтган йил тарихдаги энг иссиқ йил сифатида қайд этилди — ҳарорат +1.55° даражага кўтарилган. БМТ маълумотларига кўра, сув тақчиллиги Марказий Осиё иқтисодий ривожланишига тўсиқ бўляпти.

Шунингдек, шу йил март ойида Марказий Осиёни кутилмаган иссиқлик тўлқини қоплади. Иқлим ўзгариши ва экстремал об-ҳаво ҳодисаларини ўрганадиган олимлар иттифоқи “World Weather Attribution” тадқиқотига кўра, март ойи давомида ҳаво ҳарорати саноат давригача бўлган ўртача кўрсаткичдан 10 даража юқори бўлган. Гуруҳнинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши иссиқлик тўлқинини тахминан 4 даражага оширган. Бу эса минтақада аллақачон иқлим ўзгаришидан жиддий жабр кўраётган қишлоқ хўжалиги ва сув таъминотини хавф остига қўйиши мумкинлигидан огоҳлантириш билдирилган эди.

Марказий Осиё — иқлим ўзгаришининг таъсирини энг кўп ҳис қилаётган минтақалардан. Орол денгизининг қуриши, музликларнинг эриши, сув танқислиги, чўлланиш ва экстремал ҳаво ҳодисаларининг кўпайиши минтақанинг барқарор ривожланишига жиддий таҳдид солмоқда. Бу муаммолар иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва экологияга салбий таъсир кўрсатиб, минтақа давлатларидан зудлик билан чоралар кўришни талаб этади. Иқлим ўзгаришининг асосий муаммолари, аввало, сув танқислигида кўрилади. Марказий Осиё сув ресурсларига бой бўлмаган ҳудуд.

Иқлим ўзгариши музликларнинг эриши ва ёғингарчилик миқдорининг камайишига олиб келиб, сув танқислигини янада кучайтирмоқда. Бу қишлоқ хўжалиги, саноат ва аҳолининг сув билан таъминланишига жиддий таъсир кўрсатади. Чўлланиш ва ерларнинг деградацияси: иқлим ўзгариши ва ердан нотўғри фойдаланиш чўлланиш жараёнини тезлаштирмоқда. Бу қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳосилдорлигини пасайтириб, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланувчи аҳолининг ҳаётига салбий таъсир кўрсатади. Иқлим ўзгариши экстремал ҳаво ҳодисаларининг, жумладан, қурғоқчилик, сув тошқинлари, селлар ва кучли шамолларнинг кўпайишига олиб келмоқда. Бундай ҳодисалар иқтисодиётга катта зарар етказиб, аҳолининг ҳаёти ва саломатлигига хавф туғдиради. Экологик муаммолар: иқлим ўзгариши биохилмахилликнинг йўқолиши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг камайиши, ўрмонларнинг деградацияси ҳамда экологик мувозанатнинг бузилишига олиб келмоқда.

Марказий Осиё давлатлари иқлим ўзгаришининг таъсирини камайтириш ва барқарор ривожланишни таъминлаш учун қатор чораларни кўриши керак. Сувдан самарали фойдаланиш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, суғориш тизимларини модернизация қилиш ва сув хўжалигини бошқаришнинг инновацион усулларини қўллаш зарур. Шунингдек, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш бўйича минтақавий ҳамкорликни кучайтириш лозим.

Чўлланишга қарши курашиш учун дарахт экиш, ерларни тиклаш, ўрмонларни кўпайтириш ва ердан фойдаланишнинг барқарор усулларини жорий этиш мақсадга мувофиқ. Энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш орқали иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш мумкин. Бу қуёш, шамол, гидроэнергия ва биомассадан фойдаланишни рағбатлантиришни ўз ичига олади. Қишлоқ хўжалигида иқлимга мослашувчан усулларни қўллаш, кам сув талаб қиладиган экинларни етиштириш, ерларни муҳофаза қилиш ва органик деҳқончиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотишнинг самарали тизимларини яратишга эҳтиёж сезилмоқда.

Аҳолини иқлим ўзгаришининг оқибатларига тайёрлаш, экстремал ҳаво ҳодисаларига қарши курашиш, сув тошқинларидан ҳимояланиш ва қурғоқчиликка қарши чоралар кўришга чорлаш энг устувор вазифалардан ҳисобланади.

Дунё аҳолиси сонининг ўсиши, озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли ошаётгани, суғорма деҳқончилик, иқлим исиши ва иқтисодий ривожланиш биргаликда дунёда сув захиралари камайишига олиб келмоқда.

Жаҳондаги 400 та минтақа ёки ҳудудда ҳозир сув ўта тақчил. Бу борадаги тадқиқотларни эълон қилган Жаҳон захиралари институтига кўра, сув етишмаслиги сабаб миллионлаб одамлар бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлиши, урушлар ва сиёсий нотинчликлар юзага келиши мумкин.

Дунёда энг кўп чучук сув экинларни суғориш учун ишлатилади. Кейинги ўринда саноат туради. Бугун Яқин Шарқ, Ҳиндистон, Покистон, Ботсвана, Эритреяда сув жуда тақчил. Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистонда сув тақчиллиги сезилади. Чили ҳамда Туркиянинг қатор минтақаларида ҳам сув етишмайди. Хитой ва Россияда сув захиралари етарли, аммо бу икки мамлакат пойтахтлари — Пекин ҳамда Москвада сув кам. Европада эса Италия ва Испания бугун сув тақчиллиги муаммосига юз тутмоқда. Охирги ярим асрдан кўпроқ вақт ичида ёки 1961 — 2020 йиллар давомида дунёда сув истеъмоли 2 ярим баравар ошган. Айниқса, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун чучук сувнинг 67 фоизи сарфланади.

БМТнинг Саҳролашишга қарши конвенциясига кўра, чўл ва яримчўл минтақаларидаги аҳвол ҳозиргидек давом этса, 2030 йилга бориб, дунёда 24 миллиондан 700 миллионгача одам ўз уй-жойларини ташлаб, бошқа яшайдиган жой излашга мажбур бўлади.

Шу йил 20 июнь куни Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг 100 йиллигига бағишланган “Марказий Осиёнинг глобал экологик ва сув муаммоларини ҳал қилишда илмий ёндашувлар” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда 20 дан зиёд мамлакатлардан 300 дан ортиқ депутатлар, элчилар, вазирлар, олимлар, халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иқлим ва сув муаммолари бўйича амалга ошираётган ишларини юксак баҳолашди.

Иқлим ўзгариши ва сув муаммоси юзага келишига бир қатор омиллар сабаб бўлмоқда: масалан, иссиқхона газлари чиқиндилари. Кўмир, нефть ва газдан фойдаланиш натижасида атмосферага кўп миқдорда иссиқхона газлари чиқарилмоқда. Ўрмонлар иссиқхона газларини ютиб олади ва иқлимни мувозанатда сақлашга ёрдам беради. Ўрмонларнинг кесилиши эса иқлим ўзгаришини тезлаштирмоқда. Ердан нотўғри фойдаланиш, сувни исроф қилиш ҳамда кимёвий ўғитларни кўп ишлатиш тупроқнинг деградациясига ва иқлим ўзгаришига олиб келмоқда.

Булардан келиб чиқадиган хулоса шуки, биз табиатга бефарқ бўлолмаймиз. Бунга ҳаққимиз йўқ. Биз Президентимизнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаб, у кишининг раҳбарлигида жипслашишимиз лозим. Саноат корхоналарида, уй-жой коммунал хўжалигида ва транспорт соҳасида энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, суғориш тизимларини модернизация қилиш, сув тежовчи технологияларни қўллаш ва сув хўжалигини бошқаришнинг инновацион ҳамда ердан фойдаланишнинг барқарор усулларини жорий этиш, чўлланишга қарши курашиш, дарахт экиш, ерларни тиклаш, ўрмонларни кўпайтириш, бундан ташқари, экологик тоза транспортга ўтиш, жамоат транспортини ривожлантириш керак, деб ҳисоблаймиз.

Хитойнинг илғор тажрибасини кенг жорий этиш, 2030 йилгача мўлжалланган “Яшил” ривожланиш дастурини қабул қилиш ва уни амалга оширишга имкон қадар тезроқ киришиш, шунингдек, минтақавий Экологик альянсни шакллантириш Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бу йўлдаги саъй-ҳаракатлар мамлакатимизнинг иқтисодий ўсишини таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва атроф-муҳитни муҳофаза этишга хизмат қилади.

Шавкат ҲАМРОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?