Иқлим ўзгаришини олдини олишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди
Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”
Сенатнинг қирқ саккизинчи ялпи мажлисида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг иқлим ўзгаришини олдини олишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ҳамда ҳудудларни яшиллаштириш бўйича олиб борилаётган фаолият юзасидан ахбороти эшитилди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда иқлим ўзгаришига қарши курашиш, унинг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш масалалари иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш стратегиялари, шунингдек, Барқарор ривожланишнинг миллий мақсадлари ва вазифаларига киритилган.

Париж битими доирасида 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ташламаларини 35 фоизга камайтириш чоралари кўрилмоқда.
Таъкидланганидек, иқлим ўзгаришини олдини олишга қаратилган дастурлар доирасида атмосфера ҳавосига таъсир хавфи юқори бўлган 44 та саноат корхонасининг ифлослантириш манбаларидан намуна олиш ва таҳлил қилиш бўйича 69 та автомат станцияси ҳамда уларга туташ ҳудудларда 27 та кўчмас кузатиш пунктлари ўрнатилган.

Жорий йилда 147 та ишлаб чиқариш ва саноат корхоналаридаги 716 та чанг-газларни тутиб қолиш ускуналарини таъмирлаш ва янгилаш натижасида атмосфера ҳавосига 10 минг тоннадан ортиқ зарарли ташламалар чиқарилиши олди олинган.
“Замин” халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида атмосферадаги РМ10–РМ2,5 майда зарраларни ўлчовчи 2 та станция ўрнатилган.

Фаолият олиб бораётган 14 та саноат корхонасида самарадорлиги 95 фоиздан кам бўлмаган ҳамда 12 та янги ташкил этилган корхонада эса 99,5 фоиздан кам бўлмаган 32 та чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилган.
“Тоза ҳаво” тадбирлари доирасида 2 914 та автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик тўхтатилиши натижасида атмосфера ҳавосига 209,232 тонна ифлослантирувчи моддалар чиқарилиши олди олинган.

Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йилда 217 млн туп кўчат экилган. Атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган 189 та саноат корхоналари атрофида 1 млн 730 минг туп кўчат экилиб “яшил белбоғ”лар, шунингдек, 196 та чиқинди полигонлари атрофида 135 минг туп дарахтлар экилиб иҳота дарахтзорлар барпо қилинган.
Ҳудудлар иқлимига мос, кам сув талаб этадиган 650 гектар майдонда кўчатхоналар ташкил этилган. Кўчатларни сув билан таъминлаш мақсадида 893 та қудуқ қазилиб, 1 058,7 км узунликда суғориш тизимлари ўрнатилган.
Таъкидланганидек, амалга оширилган ишлар билан соҳада айрим муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда.
Жумладан, атмосферага ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорини камайтириш ишлари етарли даражада олиб борилмагани натижасида ташламалар миқдори ҳозирда қарийб 2 200 минг тоннага етган.
Корхоналардаги мавжуд 6 мингдан ортиқ чанг-газ тозалаш ускуналарининг 60 фоизи тозалаш самарадорлиги ўртача 86,5 фоизни ташкил этмоқда.
Баҳорги мавсумда экилган 1 млн 800 минг кўчатларни парваришлашга масъуллар бириктирилмаган. Суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга 7,3 млн туп кўчат экилганлиги, дарахтларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш ишлари етарли даражада ташкил этилмаганлиги танқид остига олинди.
Муҳокамалар якунида республикамизнинг барча ҳудудларида атмосфера ҳавоси ифлосланиши даражасини рухсат этилган меъёрларгача тушириш, халқаро келишувлар ва мажбуриятлар доирасида 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан иссиқхона газлари ташламаларини 35 фоизга камайтириш ҳамда атмосферага метан газини ташлашни 30 фоизга қисқартириш чораларни кўриш, шаҳарлар ва саноати ривожланган шаҳарларда майда дисперсли РМ10 – РМ2,5 зарраларни автоматик ўлчовчи асбоб-ускуналар ўрнатиш зарурлиги таъкидланди. Қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи ва саноат корхоналарнинг чанг-газ тозалаш ускуналари самарадорлигини 99,5 фоизга етказиш чораларини кўриш лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, дарахтларнинг электрон харитасини яратиш, яшил ҳудудларни кегайтириш бўйича ишларни жадаллашририш, мораторий талабларини бузган қурилиш-пудрат ташкилотларини “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги даражасини пасайтириш бўйича тегишли ишларни ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Транспорт воситаларини экологик тоза энергия манбаларига ўтказиш, экологик тоза транспорт воситаларини кўпайтириш, “Тоза ҳаво” тадбирлари самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиш бўйича кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Муҳокама якунида мазкур масалаларни қамраб олган Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг