Интилувчан йигит қай тариқа ниятига етди?

13:07 31 Январь 2025 Жамият
126 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Вобкентдаги касб-ҳунар коллежини тугатган Абдураҳмон Аҳмедов зарурат юзасидан савдо дўконларига кирар экан, пештахталар хорижий маҳсулотлар билан тўлалигини кўриб, ўз-ўзига “Наҳотки, болалар ўйинчоқлари, қўйингки, оддий пайпоқни ҳам ўзимизда ишлаб чиқариш имкони бўлмаса?” дея савол берарди.

Унда шу тариқа қишлоқда пайпоқ ишлаб чиқарадиган чоғроқ корхона очиш нияти туғилди. Мақсад-ку яхши. Аммо уни рўёбга чиқариш анойи иш эмас. Аниқ режа, сармоя керак. Бизнесга пул тикиш учун чўнтак бақувват бўлиши зарур. Абдураҳмон анча вақт ана шундай ўйлар гирдобида юрди. Ниҳоят, ўзи истиқомат қилаётган “Халач” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчисига учрашди.

— Ўзаро маслаҳатлашгач, ҳоким ёрдамчисининг йўл-йўриғи билан ишга киришдим, — дейди А. Аҳмедов. — Пухта бизнес-режа туздим. Молиявий муассасалар у билан танишиб, қўллаб-қувватлайдиган бўлишди. Ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида “Бизнесни ривожлантириш банки” акциядорлик тижорат банки ҳамда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурлари доирасида жами 194 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олдим.

Интилувчан йигит бу маблағ ҳисобидан пайпоқ ишлаб чиқарувчи 22 та ускуна харид қилди. Маҳалладаги ишсиз 12 фуқаронинг бандлигини таъминлади. Муҳими, бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот рақобатбардошлиги боис қисқа муддат ичида ўз бозорини топди. “Энди навбат – экспортга” дейишмоқда аёлларбоп иш ўринлари яратилганидан хурсанд халачликлар. Айтмоқчи, корхонада яқинда ички кийимлар ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?