Интернет тармоғида гиёҳвандлик воситалари ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатганлик, реклама қилганлик ҳамда намойиш этганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланади

12:27 21 Июнь 2024 Сиёсат
125 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига гиёҳвандлик воситаларининг, улар аналогларининг ёки психотроп моддаларнинг, шунингдек кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда гиёҳвандлик воситаларининг, улар аналогларининг ва психотроп моддаларнинг, шунингдек кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашиш бўйича тизимли чоралар амалга оширилмоқда.

Маълумки, бугунги кунда вояга етмаганларни жалб қилган ҳолда ҳамда телекоммуникация тармоқларидан ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш орқали гиёҳвандлик воситаларининг, улар аналогларининг
ва психотроп моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи ортиб бораётганлиги муносабати билан ушбу ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқиш талаб этилмоқда.

Шу билан бирга гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни, шунингдек кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда тарғиб қилувчи материалларни тарқатганлик ёки реклама қилганлик учун одиллик принципига мувофиқ жазо чораларини қўллаш мақсадида мазкур турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш зарурияти юзага келмоқда.

Ушбу ҳужжат билан гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни телекоммуникация тармоқларидан ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш орқали қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик, ушбу жиноятларни вояга етмаганларни жалб қилган ҳолда содир этганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда, шунингдек гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда олганлик, сақлаганлик, ташиганлик ёки жўнатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Сенаторлар таъкидлашича, мазкур Қонун гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни, шунингдек кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларни тарғиб ёки реклама қилишнинг ҳамда уларнинг қонунга хилоф муомаласининг олдини олишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?