Инсон саломатлиги йўлида

15:46 03 Июнь 2022 Иқтисодиёт
220 0

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

Жорий йил 31 май куни “Dori-Darmon” АК матбуот хизмати томонидан «Наманган Dori-Darmon” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари учун «Инсон саломатлиги йўлида» мавзусида матбуот анжумани ва Пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур аввалида ташкил этилган матбуот анжуманида «Наманган Dori-Darmon” АЖ фаолият йўналишлари, 2021 йил якунлари ҳамда 2022 йил биринчи чораги давомида эришган натижалари ҳақида маълумотлар берилди.

Наманган Dori-Darmon” АЖ таркибида 9 та дорихона ва уларга қарашли 150 та дорихона шохобчаси мавжуд. Тизимда 138 нафар фармацевт, 46 нафар провизор, жами 184 мутахассис ишлайди.

Жамият томонидан 2021 йил давомида 55 млрд. 124 млн. сўмлик, 2022 йил биринчи чораги давомида 8 млрд. 513 млн. сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари олиб келинди.

2021 йил давомида аҳоли ва даволаш профилактика муассасаларига 54 млрд. 398 млн. 620 минг сўмлик, 2022 йил биринчи чорагида эса 4 млрд. 832 млн. сўмлик дори-дармон ва тиббиёт буюмлари етказиб берилди.


Жамиятда махсус жиҳозланган «Исузу» ва «Дамас» русумли автомашиналарда 10 та кўчма дорихона шохобчалари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар ёрдамида вилоятнинг чекка ҳудудларидаги аҳолига керакли дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлар етказиб берилмоқда. 2021 йилда кўчма дорихона ва шохобчалари орқали чекка ҳудудлардаги аҳолига 219 млн. сўмлик, 2022 йил биринчи чорак мобайнида 60 млн. сўмдан зиёд дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари етказиб берилди.

Матбуот анжуманидан сўнг Пресс-тур ташкил этилди. Дастлаб журналистлар марказий дорихонанинг рецептура ишлаб чиқариш бўлими фаолияти билан танишишди.

Рецепт асосида индивидуал дори тайёрлашнинг афзалликлари, бугунги кунда талаб кўп бўлган дори воситалари ҳақида маълумот олишди.

Кейинги манзил Уйчи туманидаги 10-сонли ижтимоий дорихона бўлди.

Вилоятнинг ҳар бир туманида ана шундай ижтимоий дорихоналар ташкил этилган бўлиб, туман аҳолиси бошқа дори воситалари, тиббиёт буюмлари билан бир қаторда, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дори воситаларини имтиёзли асосда олмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги 204-сонли қарори билан амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминлаш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифалари рўйхати тасдиқланган бўлиб, бу тоифаларга кирувчи беморларга жамият тизимидаги дорихоналардан 2021 йил давомида 904 млн. 35 минг сўмлик, жорий йилнинг биринчи чорагида 178 млн. 600 минг сўмлик дори воситалари бепул берилган.

Кейинги йилларда республикамизда доривор гиёҳлар етиштириш, фитобарлар ташкил этишга ҳукумат томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. ОАВ ходимлари ташриф буюрган 10-сонли ижтимоий дорихонага фитобар ташкил этилганига 10 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида доривор гиёҳлардан дамлама тайёрлаб, мижозлар саломатлиги учун ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Пресс-турнинг сўнгги манзили «Наманган Dori-Darmon” АЖ омборхонаси бўлди. Иштирокчилар дори воситалари ва тиббиёт буюмларини қабул қилиш, сақлаш қоидалари билан танишишди. Жамиятнинг омборхона ва дорихоналарида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини (1,5 мингга яқин номдаги) арзон нархларда доимий мавжудлиги аҳоли ва соғлиқни сақлаш бошқармаси даволаш профилактика муассасалари учун муҳим аҳамиятга эга.

«Наманган Dori-Darmon” АЖнинг 2021 йил давомида жами товар айланмаси 54 млрд. 398 млн. сўм, шундан улгуржи товар айланмаси 38 млрд. 977 млн. сўмни, чакана товар айланмаси 15 млрд. 421 млн. сўмни, 2022 йилнинг биринчи чораги давомида жами товар айланмаси 4 млрд. 832 млн. сўм, шундан улгуржи товар айланмаси 1 млрд. 33 млн. сўмни, чакана товар айланмаси 3 млрд. 799 млн. сўмни ташкил этди. Жамият 2021 йилни 389 млн. 942 минг сўм фойда билан якунлади.

«Наманган Дори-Дармон» АЖ тизимида «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб номланган 2022 йилнинг биринчи чораги давомида Тўрақўрғон туман Исвахон МФЙда 6-сонли дорихона ва Мингбулоқ туман Маданият МФЙ Ўзгариш ҚВПда 32-сонли дорихона филиали ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилди.

Пресс-тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича мутахассислардан интервьюлар олишди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер