«Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида» Республика танлови ўтказилмоқда

13:34 01 Март 2023 Жамият
980 0

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев маълум қилди.

Женева шаҳрида ўз ишини бошлаган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 52-сессияси доирасида ўтказиладиган Юқори даражадаги сегмент ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори раҳбарлигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этмоқда.

Бу – 20-28 февраль кунлари мамлакатимизда бўлиб ўтган «Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги» бўйича Дастурдаги тадбирлардан биридир. Айни ташриф якунлари бўйича тез орада батафсил ахборот берамиз.

Ҳафталик давомида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида давра суҳбатлари, илмий-амалий конференциялар, ўқув курслари, китоблар тақдимоти каби барча тадбирлар Дастурда белгиланган вақтда ва тўлиқ ўтказилди.

«Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги» Олий Мажлис Қонунчилик палатасида айни мавзуда ташкил этилган давра суҳбати билан бошланди. Тошкентда «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда Парламент ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни»га бағишланган халқаро давра суҳбати ҳамда «Ўзбекистонда ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш мақсадида муносиб меҳнатни тарғиб қилиш» мавзусида, Самарқандда эса «Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ишончли ҳимояси борасида ўзаро ҳамкорлик» мавзусида халқаро конференциялар бўлиб ўтди.

Мамлакатимизнинг туман, шаҳар ва маҳаллаларида «Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият» мавзусида «Прокурор ва ёшлар», «Судья ва ёшлар», «Адлия раҳбари ва ёшлар», «Ички ишлар бошқармаси раҳбари ва ёшлар», «Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари ва ёшлар» каби учрашувлар ташкил этилди.

Юртимиз суд тизими намояндалари алоҳида фаоллик кўрсатган бундай учрашувларда жами 8 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масалалари ҳақида зарур маълумотларга эга бўлди.

Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан #Инсон_ҳуқуқлари_олий_қадрият хештеги ташкил этилди. Унда 4 мингга яқин ёшлар қатнашди. Шунингдек, ўзаро ҳамкорликда «Инсон ҳуқуқлари билимдони» викторинаси ўтказилди.

Таълим муассасаларининг «Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги» доирасида амалга оширган чора-тадбирлари борасида Жамоат хавфсизлиги университети, айниқса, пешқадамлик қилди. Мазкур университет профессор-ўқитувчилари томонидан биргина Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги маҳаллаларда 62 та учрашув ташкил этилди.

Бу соҳада Давлат ва ҳуқуқ институти, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси ва Малака ошириш институти, Тошкент давлат юридик университети ҳам фаоллик кўрсатди.

Фуқаролик жамияти институтлари бу жараёндан четда тургани йўқ. Хусусан, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари ассоциацияси, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, «Мадад», Барқарор ривожланиш маркази фаоллари иштирокида кўплаб маърифий анжуманлар ўтказилди.

Ҳафталик йил бўйи давом этадиган бир қанча тадбирларнинг бошланишига ҳам туртки берди. Хусусан, Миллий марказ томонидан:

Биринчидан, «Тонг юлдузи», «Класс» газеталари таҳририятлари билан ҳамкорликда «Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида» Республика танлови эълон қилинди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ҳамда Ўзбекистон Конституциясининг 31 йиллигига бағишланган ушбу танловнинг дастлабки босқичи 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида якунланса, иккинчи босқич ғолиблари эса 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни аниқ бўлади.

Иккинчидан, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Фарғона шаҳрида тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун «Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба» мавзусида ўқув курси ташкил этилди.

Бу ўқув курси Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида йил давомида ўтказилади. Машғулотларнинг жами сони 14 тани ташкил этади ва ўқув курсларида 700 нафар тингловчи таҳсил олиши таъминланади.

Учинчидан, ҳудудлардаги ахборот-кутубхона марказларига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётларни тақдим этиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳозирга қадар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Сирдарё вилоят ахборот-кутубхона маркази, Фарғона вилояти, Риштон тумани, Зоҳидон қишлоғидаги 3-ўрта таълим мактаби ҳамда қатор олий таълим муассасалари кутубхоналарига – жами 1 минг 200 та китоб тақдим этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?