Имзо қўйган киму, кимлар кўз юмган

17:51 25 Ноябрь 2025 Жамият
336 0

Қўқон шаҳридаги “Туркистон” маҳалласида яқинда юз берган воқеа бугунги қурилиш соҳасидаги муаммолар қандай чуқурлашиб кетганини яна бир бор кўрсатди. Маҳрам кўчасидаги ноқонуний қурилишнинг олди маҳалла аҳли ташаббуси билан тўхтатилгани — одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашишни ўрганаётганининг, энг муҳими, бекинишга, сукут сақлашга кўникиб қолмаётганининг ёрқин далилидир.

Охирги йилларда “Туркистон” маҳалласининг бу ҳудудида 18 та кўп қаватли уй қад ростлаган. Қурувчи-тадбиркорлар эса шу билан чекланмай, уйларга туташ бўш ҳудудни аукцион орқали қўлга киритиб, яна бир бино солиш пайига тушишган. Нега бундай қурилишларга йўл қўйилди? Қайси мансабдор бунга кўз юмди? Кимнинг имзоси, кимнинг сукути бу можарога йўл очди? Демак, муаммо фақат тадбиркорда эмас, вақтинчалик манфаатларни умумий манфаатдан устун қўядиган, фақат фойдани кўрадиган, аммо одамлар ҳаёти, болалар хавфсизлигини инобатга олмайдиган мутасаддиларда. Аммо аҳоли энди бундай “сюрприз”ларга жим қараб турмайди. Улар Қўқон шаҳар ҳокимига мурожаат қилиб, ушбу иншоот қурилишини тўхтатишга муваффақ бўлишди. Бу эса бир нарсани кўрсатди: маҳалла фаол бўлса — ҳеч бир ноқонуний қурилиш “ўтиб кетмайди”.

— Ҳамма жой қурилиш майдонига айланиб, тоза ҳаво тўсилиши, дарахтлар кесилиши ва яшил ҳудудлар камайиб кетишини истамаймиз, — дейди “Туркистон” МФЙда яшовчи Зоҳиджон Ҳасанов. — Шу боис мазкур ерда байрам тадбирлари, тўй ва маъракаларни ўтказишга мўлжалланган маҳалла гузари бунёд этишни режалаштиряпмиз. Унинг атрофида кўкаламзорлаштирилган ҳудуд, анвойи гулзорлар ташкил этилади. Болалар майдончаси қуриб битказилиши ҳам кўзда тутилган.

Зоҳиджон Ҳасановнинг бу сўзлари — бугунги кундаги аҳволнинг жонли ҳаёт манзараси. Маҳалладаги одамлар ўз ҳудудларининг сайргоҳлари, болалар майдончалари учун курашмоқда, тадбиркорлар эса ҳар бир бўш ерни фойдага айлантириш пайида. Афсуски, сўнгги йилларда Фарғона шаҳридан тортиб, барча туман-шаҳарлар маркази, маҳаллаларда кўп қаватли уйлар, аҳоли яшаш хонадонлари атрофидаги бўш майдонларда пала-партиш қурилган турар-жойлар, тадбиркорлик қилиш мақсадидаги бино-иншоотлар кўпайиб кетди. Янги биноларнинг кўпчилиги болалар, спорт майдончалари ҳамда дам олиш ва ҳордиқ масканлари ўрнида қурилгани янада ачинарлидир...

Фарғона вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси мутахассислари томонидан биргина жорий йилнинг ўтган даврида қурилиш ишлари олиб борилаётган объектларда 23,5 минг маротаба мониторинглар ўтказилди. Натижада аниқланган камчиликлар бўйича 15,7 мингдан ортиқ бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилди. Эътибор беринг, 23,5 минг мониторинг — бу худди ҳар куни юзлаб камчилик очилаётгандек. 15,7 минг кўрсатма — бу деярли ҳар иккинчи объектда қонунга зид ишлар борлигини англатади. Бу камчиликлар фақат қоғозда ёзилган хато эмас — кимнингдир хавфсизлиги, болалар майдончасининг йўқолиши, уй фойдасини кўриб қурилган, аммо ишончсиз фундаментга эга уйлар дегани ҳам. Нега бу ҳолат йилдан йилга такрорланмоқда? Қачон қурилиш сифат, хавфсизлик ва жамоат манфаатини ҳисобга оладиган соҳасига айланади? Хўш, бунга ким масъул?

– Шу йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 99-моддасига кўра, қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлари учун жисмоний ва юридик шахсларга 664 та ҳолатда – 6 миллиард 439 миллион сўмлик маъмурий чоралар қўлланди, – дейди инспекциянинг қурилиш-монтаж ишларини назорат қилиш бўлими мутахассиси Умиджон Узоқов. – 171 та ҳолатда қурилиш тўлиқ буздирилгани, 284 та ҳолатда вақтинча тўхтатилгани, 184 та кўп квартирали уй судга чиқарилгани — буларнинг ҳар бири ортида инсон тақдири, молиявий йўқотишлар, узоқ йиллик орзу ва умидлар турибди. Лабораториялар 650 га яқин объектни текширганида 81 тасида салбий ҳолат аниқлангани ҳам аҳволнинг жиддийлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Айни йўналишда Фарғона вилоятида қурилиш соҳасида “Шаффоф қурилиш”, рақамлаштириш тамойилларини тўлиқ жорий этиш устувор вазифалар сирасига киритилган. Бу қурилиш жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳамда коррупциянинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Эндиликда қурилаётган ҳар бир объектга ҚР-кодли паспортларни ўрнатиш жорий этиш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар вилоятда 1212 та объектга ана шу каби кодли паспортлар ўрнатилиши таъминланди. QR-кодли паспортлар — яхши ташаббус, лекин савол туғилади: қонунбузарликлар ошиб бораётган бир шароитда кодлар қанчалик таъсирли бўла олади? Нега шунча чоралар кўрилаётган бир пайтда ҳам камчиликлар, ноқонуний қурилишлар ва сифатсиз ишлар шунчалик кўп? Одамлар давлатнинг энг муҳим соҳаси бўлган қурилишни ҳимояли соҳалар қаторида кўриши учун ҳар бир қурилишга жавобгар бўлган мансабдор, тадбиркор, назоратчи битта саволга жавоб бериши керак: “Мен қурган, мен рухсат берган, мен кўз юмиб ўтказган бинони ўз фарзандим яшаши учун маъқул кўрармидим?”Агар жавоб “йўқ” бўлса — демак, бу қурилиш бошланмаслиги керак. Қаерда жамоатчилик назорати кучли бўлса — ўша ерда қонун ҳам, адолат ҳам ишлайди. Одамлар ўз ҳудудига бефарқ бўлмаса, ноқонуний қурилишлар ҳам ўз-ўзидан йўл тополмайди. Шу боис ҳар бир қурилиш — катта ёки кичик бўлишидан қатъи назар — аҳоли иштирокида, очиқ-ошкора ва қонун доирасида баҳоланиши шарт. Чунки маҳалланинг келажагига дахл қиладиган қарорларда энг муҳим овоз — айнан ўша ерда яшовчиларники. Агар жамоатчилик назорати кучайса, қурилиш соҳаси ҳам ҳақиқатан бизга хизмат қиладиган тизимга айланади. Агар сукут ва бефарқлик устун бўлса, муаммолар ҳам давом этаверади. Танлов эса — ўзимизнинг қўлимизда.

Ботир МАДИЁРОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?