Имтиёзли нархдаги кўмирни сотаётган «уддабурон» масъуллар қўлга тушди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Пахтаобод тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Унда айтилишича, ўтказилган тезкор тадбир давомида «Кўмир таъминот» МЧЖнинг Пахтаобод кўмир омбори экспедитор-кассири муқаддам судланган фуқаро Ш.Т. куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига имтиёзли нархларда етказиб бериш учун ажратилган кўмирни омбордан олиб чиқиб, туманда фаолият юритувчи тадбиркорга 35,1 тонна кўмирни 35,1 миллион сўмга сотишга келишади.
Қонунбузар фуқаро ушбу пуллар ҳисобидан 2 минг 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Мутахассисларни жалб қилган ҳолда омборда ўтказилган хатловда 196,1 тонна кўмир камомади аниқланган.
Шу каби яна бир ҳолат, департаментнинг Қўрғонтепа тумани бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳам фош қилинган.
Унга кўра, «Кўмир таъминот» МЧЖнинг Қўрғонтепа кўмир омбори масъул шахслари куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига имтиёзли нархларда етказиб бериш учун ажратилган 153,6 тонна кўмирни кўмир савдоси билан шуғулланиб келган 7 нафар фуқаро ва тадбиркорга ҳар бир кг.ни 1 минг 200 сўмдан ҳисоблаб сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Омборда ўтказилган хатловда 183,9 тонна кўмир камомади аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг