Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашрга тайёрланган янги китоб ва рисолалар тақдимоти ўтказилди

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Жорий йилнинг 1 февраль куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашрга тайёрланган янги китоб ва рисолалар тақдимоти ўтказилди.
Тақдимот халқимиз, айниқса ёшлар орасида Имом Бухорий ва бошқа аллома аждодларимиз илмий меросини кенг тарғиб этиш, моддий ва маънавий қадриятларни мустаҳкамловчи маърифатдан баҳраманд қилиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўлинмаси масъул ходими Жасур Нажмиддинов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин Ҳамроқулов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғофуров, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Фирдавс Ҳалимов, ҳамкор ташкилотлар ва илмий доиралар вакиллари ҳамда Марказ илмий ходимлари иштирок этди.
Тақдимотда Марказ томонидан 2023 йил давомида нашрга тайёрланган Имом Бухорийнинг “Ат-Тарихус сағир”, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Хотим Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий”, Абу Азабанинг “Ар-Равзатул баҳийя фийма байнал ашоъира вал мотуридийя”, Имом Доримийнинг “Сунани Доримий”, Алоуддин Косонийнинг “Косоний ақидаси”, Саййид Абдулможид Ғаврийнинг “Ҳадис илми истилоҳлари энциклопедияси” асарлари, шунингдек, “Ислом динида тинчлик” ва “Ғулувнинг хатарлари” номли рисолалар тақдим этилди.
Тақдимотнинг очилишида сўзга чиққанлар Имом Бухорий ва аллома аждодларимиз меросини ўрганишнинг аҳамияти, тақдим этилаётган китобларнинг бугунги кундаги илмий қиймати, мутафаккирлар асарларини тадқиқ этишнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболдаги вазифалари, шунингдек, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталди.
Ўтган давр давомида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида жами 1400 га яқин маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда диний мазмундаги 442 та материал таҳлил қилинди ва 124 та видеоролик шаклида раддия тайёрланиб, шундан 114 таси YouTube'га жойланди. “Ҳадис маърифати” рукнида 65 та видеодарс, “Бухорийга эҳтиром” рукни остида 40 та видеоинфографика, “Нодир ёзма манбалар” рукни остида 11 та видеолавҳа тайёрланди.
2017-2023 йиллар мобайнида аждодларимиз илмий меросига оид 22 номдаги ноёб манбалар таржимаси (шундан 9 таси 2023 йилда) амалга оширилди.
“Алломаларимиз ҳақида 10 ҳақиқат” туркумидаги кўргазмали воситалар ёшларни умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш мақсадида, 20 мингдан ортиқ муассаса ва ташкилотга, шунингдек, нашр этилган янги асарлар жаҳон илмий ҳамжамиятини буюк аждодларимиз мероси билан яқиндан таништириш мақсадида Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари мажмуаси, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) ва бошқа турдош халқаро ҳамкор ташкилотларга етказилди.
Тадбирда Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари мажмуаси Бош котиби, Доктор Муҳаммад Назир Айяд ҳамда Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) Бош директори, профессор Маҳмуд Эрол Қилич видео шаклида табрик йўллади. Тақдим этилаётган янги нашрларга Марказ илмий фаолиятининг ёрқин натижаси сифатида юксак баҳо бериб, Марказ ҳамда барча ҳамкор муассасаларни, бутун ўзбек халқини ушбу муҳим воқеа билан муборакбод этди. Ходимлар олиб бораётган тадқиқот ва таржималар аллома аждодларимиз меросини тиклашга, замондошларимизни улар қолдирган бой маънавий хазинадан кўпроқ, тўлиқроқ баҳраманд этишга ва пировардида ислом имларини янада тараққий топтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Маросимнинг асосий маърузачилари буюк аждодларимизнинг ислом илмлари соҳасидаги илмий мероси айни кунгача дунё мусулмонлари ҳаётида муҳим аҳамият касб этиб келаётганини, хусусан, юртимиздан чиққан алломаларининг ислом илмлари ривожига муносиб ҳисса қўшганини алоҳида эътироф этдилар.
Дарҳақиқат, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашрга тайёрланган янги китоб ва рисолалар исломнинг асл қадрият ва тамойилларини ҳамда инсонпарварлик ғояларини тараннум этишда, замонлар оша юксак қадр-қийматга эга бўлиб бораётган асарларнинг туб моҳиятини очиб беришда муҳим дастуруламалдир.
Тақдимот иштирокчилари марказ ходимлари меҳнатининг мазкур самараларини йирик илмий натижа сифатида баҳолаб, нашрга тайёрланган янги китобларнинг халқимиз маърифатини янада ошириш ҳамда алломаларимиз қолдирган бой илмий-маънавий мерос моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишдаги аҳамияти, хусусан, исломнинг асл қадриятларини кенг тарғиб қилишдаги ўрни юзасидан ижобий фикр-мулоҳазаларини баён қилди.
Ўзбек тилида тақдим қилинган мазкур асарлар мутафаккирларимиз илмий қарашлари маъносини янада яхшироқ англашга, улар таълимотини чуқурроқ тушунишга асос бўлиб хизмат қилади.
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг