Илтимос, Қибладан сал ўнгроққа ўтиринг! Ҳожатхоналардаги муаммоли «эслатма»лар ҳақида

Кимки бўлмасин, албатта, кунига бир неча марта кириб-чиқадиган жой бор. Оммавий ҳамда табиий талаб ва эҳтиёж баланд бу иморат – ҳожатхона. Уни аксарият «туалет» дейди, сўнгги пайтларда эса гоҳида санитар- гигиеник хона ҳам деб атаяпмиз. Халқ тилида «Ҳалажой» - холи жой деган номи ҳам мавжуд. Майли, нима деб аталсада, у бизга ҳар доим керак. Кундалик ҳаётимизнинг бир қисми бор, у ерда.
Айтишларича, японлар уй қурилишини аввало унинг ҳожатхонасидан бошлар экан. Бунинг маънисида ҳам ўша ўта зарур эҳтиёж туради, қолаверса бунёдкорлик тоза-покиза санитария-гигиена муҳитида олиб борилади. Очиғини айтганда, бизда яқингача ҳожатхоналарга деярли охирги даражадаги қурилиш объекти деб қараб келинди. Бу айниқса, якка тартибдаги ҳовлили уй (аксарият қишлоқларда), оммавий ҳожатхоналар қурилишида – бозорларда, йўлларда ва бошқа шу каби жойларда кўп кузатилади. Уларга жой танлаш ва лойиҳалаштиришда хатоларга ҳам йўл қўйилади. Ва табиийки бундай ҳолда фойдаланувчилар учун қатор ноқулайлик юзага келади.
Дейлик, сарлавҳада билдирганимиз - Гулистон шаҳрининг янги «Деҳқон бозори»даги ҳожатхона бўлмаларидаги эшикларнинг ички томонига ёпиштириб қўйилган «Холис эслатма» деган ёзувни олайлик. Унда Қибла- Кабатуллоҳга рўбару бўлиб қолмаслик учун озгина ўнгга бурилган ҳолатда ўтириш тавсия қилинади. Демак, қурилишда мақтаса арзигулик зарур ва замонавий санитария-гигиена талаблари даражасидаги шароит яратилгани ҳолда, ислом динимизда муқаддас саналадиган Каъба эҳтироми эсдан чиққан. Афсуски, бундай ҳожатхоналар юртимизнинг барча ҳудудларида, айниқса, мустақилликдан олдин бунёд этилган корхона ва идораларда кўплаб учрайди.
Бир вақтлар шундай вазиятлар ҳам бўлгандики, хизмат сафари билан келаётган якка ёки бир гуруҳ меҳмонларга шароит яратишда айни ҳожатхона муаммоси оғриқли масалага ва бу борада уялиб қолмаслик эса энг катта хавотирга айланар эди. Тўғри, аллақачон бу муаммолар барҳам топган. Лекин бу ўта зарур иморат қурилиши ва унда шароитлар яратишда ҳали камчиликлар бор. Масалан, мамлакатимиз туристик муҳитини янада яхшилашда дунёнинг турли минтақаларига хос талаблар қаторида ушбу мақола мавзусидаги объект этикети ҳам хоҳ у осиёлик, хоҳ европалик бўлсин - ҳамма сайёҳларнинг хоҳиш-истагига жавоб бериши керак.
Яна бир муҳим жиҳат ва кўплаб учрайдиган нуқсон шуки, ҳожатхоналарда ҳам ногиронлиги бор инсонлар учун махсус ҳожат ўриндиқлари мавжуд эмас. Ҳолбуки, аллақачон ҳаракат-таянч аъзолари бўйича ёки бошқа жисмоний имконияти чекланганлар учун алоҳида ҳожат «кресло»лари яратилган ва улар турли шакл ҳамда ўлчамларда ишлаб чиқарилмоқда.
Интернет орқали дунё ҳожатхоналари билан танишсангиз, бу борада турфа маълумотлар ва кишини лол қолдирадиган суратларни кўришингиз мумкин. Эҳтимол кимгадир эриш, кимгадир кулгили туюлар, аммо бор гапки, баъзи мамлакатларда ушбу санитар-гигиеник иншоотлар орасида ҳам санъат даражасидагилари (суратлар илова қилинмоқда) бор. Лекин улар хоҳ кошона, хоҳ ўртамиёна - қандай бўлмасин, ҳаммасида фойдаланувчилар яхши таассурот билан кириб-чиқишлари учун барча жиҳатлар эътиборга олинган.
Ҳожатхона хизмати бизнесга айланганига анча бўлди. Намуна қилиб кўрсатишга арзийдиган бундай тадбиркорлик субъектлари йилдан-йилга кўпаймоқда. Ёнилғи қўйиш шахобчалари, ошхоналар ва бошқа йўлбўйи объектларида айни хизмат хоналари барпо этилаётгани туфайли аста- секин автойўлларнинг дуч келган жойида тўхтаб, орқа-олдига қарамай ҳожат ушатишдек хунук ҳолатлар ҳам камайиб бормоқда. Аммо оммавий туалетларда бир қусур борки, бу ҳам бўлса, ҳар доим ҳам тозалик, озодаликка риоя қилмаслик. Бунда фойдаланувчиларнинг ҳам катта «ҳисса»си борлигидан эса кўз юмиб бўлмайди. Шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, мазкур жамоат хизмати маданиятининг оддий қоидаларига риоя қилмагани ҳолда, ҳожатхоналарни «ҳаммом»га айлантириб юборади...
Эндиги мушоҳада ҳожатхоналарнинг хизмат кўрсатувчи таркиби ҳақида. Бунда ҳамма жойда ҳам уларнинг махсус иш кийимда эмаслиги кузатилади.Айримларида эркаклар бўлмасида ҳам аёллар (аксарият ёши катталари) тозалаш ишлари билан шуғулланиши..., аниқки, фойдаланувчига ноқулайлик туғдирмай қолмайди.
Хуллас, алқисса шу: ҳожатхоналар ҳам ҳаётимиз, турмушимизнинг ажралмас бир бўлаги. Унга ҳам шинаму тоза-покиза уйимиздек эътибор керак. Туристик манзил ҳамда бекатлардаги туалетларимиз эса юртимиз ва халқимиз юзининг, покизаликка азалдан қанчалар юксак қадрият сифатида ёндашишимизнинг кунда эмас, ҳар соат, ҳар дақиқада намуна қиладиган, синовдан ўтказадиган муҳим жойларимиздан бири.
Демак, қистаб кирган одамга «Чапроққа қараб ўтиринг, ё «Бироз ўнгроққа бурилиб ўтиринг» деган энсани қотирувчи, муаммоли «эслатма»ларга ҳожат қолмасин десак, ҳожатхоналарни ҳам ҳам етти ўлчаб бир кесиб қурайлик. Токи, ундан фойдаланишга кирган кишининг кўнгли ҳам покиза бўлиб чиқсин.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг