Илон Маскни қойил қолдирган ўзбек ўғлони

13:11 07 Май 2025 Жамият
1887 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Жалолиддинмирзо Шуҳратов эртанги кун истиқболи учун улкан қадамлар ташлаётган ёшларимиздан. У Фарғонада туғилиб, вояга етди. Дастлабки таълимни Фарғона шаҳрида олди. Айни кунларда Германиянинг нуфузли «GISMA» университетида киберхавфсизлик йўналишида ўқийди.

Бугунги ахборот асрида сайёрамизда киберхавфсизлик нафақат технологик, балки стратегик аҳамиятга эга соҳалардан бирига айланди. Шу сабабли дунё бўйлаб машҳур компаниялар ушбу соҳада ёш ва иқтидорли мутахассисларни излайди. Эътиборлиси, сўнгги йилларда халқаро миқёсда бренд компаниялар сафида ўзбек ёшларининг нуфузи ортиб бормоқда.

— Мактабни тугатгандан кейин дастлаб АҚШнинг киберхавфсизлик соҳаси бўйича дунё ОТМлари рейтингида биринчи ўринда турувчи университетга 100 фоиз грант ютгандим, аммо баъзи сабабларга кўра, у ерда ўқиш насиб этмади, — дейди Жалолиддинмирзо Шуҳратов. — Шундан сўнг ота-онамнинг кўмаги ва рағбати туфайли Германияга йўл олдим. Олий таълимни шу ерда давом эттирмоқдаман.

Жалолиддинмирзо ҳозирги кунда океан орти мамлакатидаги дунёга танилган «Тесла» компанияси лойиҳаларида амалиёт ўтаб, илғор технологиялар ишлаш муҳитида катта тажрибага эга бўлмоқда. Ёш ўзбек мутахассисининг ютуқлари нафақат ҳамкасблари, балки компания асосчиси, дунёда инновация ва замонавий технологиялар соҳаси етакчиси бўлган Илон Маскни ҳам қойил қолдиргани қувонарлидир.

— Ўтган даврда менга 20 дан зиёд нуфузли хориж компаниялари мутасаддилари ҳамкорлик борасида амалий таклиф билан чиқди, — дейди иқтидорли ҳамюртимиз. — Ҳозирча ўз устимда янада кўпроқ ишлашни мақсад қилганман. Қолаверса, келажакда олган билимларимни ўз юртимнинг равнақ-ривожи учун сафарбар этмоқчиман. Боиси эндиликда киберхавфсизлик соҳасида мамлакатимизда барча қулайликлар муҳайё. Бу борада замонавий лабораториялар ташкил этилиб, илмий-амалий тажрибаларни ўзаро уйғунлаштириб бориш имконияти яратилди.

Жалолиддинмирзо бугунги ютуқлари тасодиф эмаслигини исботлаш учун доимо изланишда. Чунки жаҳон бозорида малакали ёш мутахассислар ўртасида рақобат нечоғли кучлигини яхши билади. Шу боис Германия университетидаги ўқиши, «Тесла»даги амалиёти билан тўхтаб қолиш нияти йўқ. Ўз устида тинимсиз ишлаб, киберхавфсизлик соҳасида янги-янги кашфиётлар яратиш, жаҳоннинг нуфузли компанияларида етакчи мутахассис сифатида фаолият олиб бориш энг катта орзуси. Мақсадлар аниқ, биринчи қадамлар ташланган. Эндиги навбат ютуқлар салмоғи ва кўламини босқичма-босқич ошириб боришга қаратилган.

— Умид билан тақиллатилган эшиклар бир куни албатта очилади,—дейди у. — Аммо қулфланган эшиклар калити билим ва астойдил қилинган меҳнатлигини унутмаслик лозим.

Дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган аждодларимиз ўз даврида илм-фанда барчага устозлик мақомида бўлгани бежиз эмас. Бугун ота-боболардан мерос ана шу мақомни қайтариб олиш вақти келди. Бунинг учун ўзбек ёшлари илм-фанда фаол бўлиши керак.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?