Илм-фан, яратувчанлик ва ижодий ёндашув мамлакатни инновацион ривожланиш йўлидан етаклашга қодир

12:13 26 Ноябрь 2020 Жамият
2030 0

Бугунги Ўзбекистон кечагисидан тубдан фарқ қилиши барчамизга аён. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланиб, халқимиз томонидан қўллаб-қувватланаётган ислоҳотлар мамлакатга янги қиёфа бахш этмоқда. Уларнинг жадал суръати эса учинчи Ренессансга пойдевор қўйишдек улуғвор мақсад билан изоҳланади.

Тарих сабоқлари

Ҳар қайси давр ўзининг машҳур шахслари — халқни илҳомлантириб ютуқларга бошловчи етакчилар, донишманд олимлар ва маърифатпарвар инсонлар фаолиятига таянади. Жумладан, янги Уйғониш даври ҳам. Билимли, ижодкор ва илғор фикрловчи шахслар бўлмас экан, тараққиётга эришиш мушкул. Илм-фан, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, маданият — хуллас, барча соҳада янгилик яратишга қодир бўлган кишиларгина жамиятни ўзгартира олади.

Бундай инсонлар қатлами эса ўз-ўзидан шаклланиб қолмайди. Янги билимлар, ғоялар ва фалсафий қарашлар асосида янги фикр юзага келади. Замондан орқада қолган қолоқ таълим тизими эса келажакка пойдевор қўядиган авлодни тарбиялаб, уни улкан бунёдкорликка чорлай олмайди.

Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимига киришганидан буён амалга оширилган, пухта ўйланган қадамларнинг мазмун-моҳияти ҳам шунда. Тараққиётнинг энг устувор йўналишларини белгилашда давлатимиз раҳбари иқтисодий соҳа билан бирга илм-фан, инновация, таълим-тарбия, саломатлик ва спорт, маданият ва санъатни энг олдинги қаторларга қўйиши бежиз эмас, албатта. Зотан, тарих сабоғи ҳар доим кишига нимани айнан қандай ўзгартириш лозимлигини уқтириб туради.

Афсус, юртимиз ўтмишида шундай давр ҳам бўлдики, асл қадриятлар ўрнини сунъий равишда сингдирилган “қолиплар” эгаллади. Илм-фан, санъат, таълим ва маърифат сиёсийлаштирилиб, кейинги ўринларга суриб қўйилди.

Биргина боланинг шахсини шакллантирувчи ўқитувчиларга бўлган муносабатни олайлик. Улар ўз устида ишлаш, янги педагогик технологияларни ўқиб-ўрганиш, халқаро тажрибани, соҳадаги энг сўнгги янгиликларни мунтазам кузатиб бориш ўрнига қоғозбозликка, асл вазифасига кирмайдиган турли юмушларга кўмилиб қолганди. Боз устига, олаётган ойлик маоши ҳаминқадар бўлган муаллимни рўзғор тебратиш ташвиши ҳам қийнарди. У мактабдан ортиб ўзини ўтга-чўққа уришга ҳам мажбур эди. Ана шундай ҳолатда ўқитувчилардан таълим-тарбиянинг юқори сифатини талаб қилиш мумкинмиди?! Виждон тарозисига солинса, бунга уларнинг физиологик имкониятлари етмаслигини барчамиз ҳам билардик. Шунга қарамай, баркамол авлодни камолга етказишни улардан талаб қилдик. Бу, таъбир жоиз бўлса, саҳрода чанқаб аранг кетаётган инсондан сув сўраш билан баробар эди...

Бундай ҳолат секин-аста кадрлар тайёрлашнинг сифати ва даражасини пасайтирди, нафақат ижтимоий соҳа, балки иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ҳам орқага кетишига сабаб бўлди.

Президентимиз ана шундай мураккаб ҳолатда ниҳоятда оқилона йўл тутди. Ўқитувчиларнинг оғир ва машаққатли, шу билан бирга, ғоят шарафли меҳнатини муносиб қадрлаш учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ҳамда имкониятларини сафарбар этишга киришди. Пировардида, маърифат фидойиларининг ойлик маошлари оширилди, улар мажбурий меҳнатдан, ортиқча қоғозбозликдан, қўйингки, ёшларга мукаммал билим беришлари учун халал берадиган ҳар қандай юмушдан халос этилди. Бу ҳаётий қувватини тобора йўқотиб бораётган танага қуйилган янги қон каби таъсир қилдики, натижада соҳада жонланиш кўзга ташланмоқда. Муаллимлар эртанги кунимиз эгаларини, бунёдкорларини тарбиялайдиган буюк ва қудратли куч эканликларини ҳис қила бошлади.

Ёшлар тарбияси — ватан тақдири

Давлатимиз раҳбари Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали тадбирдаги нутқида буюк юнон олими Аристотелнинг “Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади”, деган сўзларини бежиз эслатмади.

Эрамиздан аввал айтилган бу фикр таълим ва тарбия масаласи ҳамиша, энг қадимги даврлардан бошлабоқ, долзарб аҳамият касб этганидан далолат беради. Ривожланган давлатлар айнан илм-фан ва таълимга катта эътибор берилгани туфайли ҳам тараққиёт ва фаровонликка эришган.

Мазкур ҳаётий ҳақиқат неча марталаб исботланган.

Яна бир ёрқин мисол тариқасида Гумбольдт ислоҳотини келтириш мумкин. У тарихда инсониятга таълимнинг янги моделини туҳфа қилган энг самарали, натижадор ислоҳотлардан бири сифатида қолган. Муаллифи — Пруссиянинг таълим вазири Вильгельм фон Гумбольдт уни XIX аср бошида жорий қилган эди.

Ўша вақтда Пруссияда умумий бошланғич таълим мавжуд бўлишига қарамай, давлат у билан жиддий шуғулланмаган, яъни мактаблар қурмаган, уларга маблағ ажратмаган, ўқитувчилар кўпинча маошсиз қолиб кетишган. Шунинг учун қишлоқларда тасодифий одамлар — иш тополмаган усталар, уруш ногиронлари ҳам дарс бераверган. Саводли бўлса, бўлгани.

Наполеонга қарши урушда мағлуб бўлган давлатнинг ўзи ҳам хароб аҳволда эди. Шунда энг мураккаб иқтисодий муаммоларни фақат кескин ислоҳотлар ёрдамидагина бартараф этиш мумкинлиги маълум бўлди. Уларни эса фақат эркин, ўқимишли одамлардан ташкил топган жамият олдинга силжита олар эди. Айнан шундай одамлар иқтисодиётни ривожлантиришга, давлат ва жамиятни янгилашга қодир эди. Пруссия таълим вазирининг фикрига кўра, янгича таълим тизими одамларни, уларнинг тафаккурини ўзгартириши керак эди.

Гумбольдт моделини таҳлил қилган олимларнинг таъкидлашича, ушбу модель ўқимишли кишилар юқори баллар олиши, кўп мақолалар чоп эттириши ва кўпроқ мукофотларга сазовор бўлиши сингари кўрсаткичларга эга эмас, балки илм-фан ва ишлаб чиқаришни ҳам, тадбиркорлик ва маданиятни ҳам олдинга суришга қодир бўлишлари керак, деган фикрга асосланади.

Шундай қилиб, ўша даврдаги ислоҳотлар ижодий фикрловчи одамлар етишиб чиқишига олиб келди ва улар келгусида мамлакатни инновацион ривожланиш йўлига олиб чиқди.

Албатта, ҳар бир давлат ўз тарихини ўзи мустақил яратади. Лекин мозийдаги воқеаларни ўрганмоқ ва унинг энг ибратли жиҳатларини ҳаётга жорий этмоқ фақатгина ижобий самаралар келтириши, шубҳасиз.

Ҳунар — оқар булоқ, билим — ёнар чироқ

Ўзбекистонда таълим билан боғлиқ муаммоларга энг юқори даражада эътибор қаратилаётгани ҳам уларнинг нечоғли муҳимлигидан далолат беради. Президентимиз ҳар бир йиғилишда, вилоятларга сафарлари ва зиёлилар билан учрашувларда ҳамиша болалар боғчалари, мактаблар, техникумлар ва олий таълим муассасаларининг аҳволи масаласини кўтариши бежиз эмас. Негаки, соҳадаги ҳолат яхши эмаслиги маълум бўлиб қолди. Энди эса уни тубдан, тўлиқ ва принципиал жиҳатдан ислоҳ қилишга киришилди.

Мамлакатимизда таълим тизимининг барча бўғинида асосий камчиликларни бартараф этишга қаратилган меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалий саъй-ҳаракатлар белгилаб олинди. Уларнинг ҳаммаси интеллектуал, маънавий-ахлоқий, маданий ва инновацион тараққиётга эришиш учун мустаҳкам пойдевор яратишни мақсад қилган. Ушбу ҳужжатларни босқичма-босқич ижро этиш давлат ва жамиятни ўзгартиришга хизмат қиляпти, халқимизнинг ишончини мустаҳкамлаб, халқаро ҳамжамиятнинг эътирофига ҳам сазовор бўляпти.

2019 йилнинг сентябрида давлатимиз раҳбари Тошкентдаги Президент мактабига ташрифи чоғида фахрий меҳмонлар дафтарига жумладан, шундай фикрларни ёзган: “Янги Ўзбекистонимизни юксак тараққиёт босқичига кўтаришдек эзгу ниятимизга янгича ва мустақил фикрлайдиган, ўз Ватанини жондан ортиқ севадиган, унинг ёруғ келажаги учун садоқат билан хизмат қиладиган, фидойи ёшларни тарбиялаш орқали эришамиз”.

Тарихан қисқа муддат ичида ана шу эзгу мақсадга эришиш учун салмоқли ишлар қилинди. “Мактабгача таълим — мактаб таълими — олий таълим” узвий тизими шакллантирилди. Ўсиб келаётган авлоднинг ҳар томонлама ривожланиши учун шароит яратишга йўналтирилаётган сармоялар сезиларли даражада оширилди. Нафақат шакли, балки мазмуни жиҳатидан ҳам янги болалар боғчалари, мактаблар, техникумлар ва олий ўқув юртлари пайдо бўлди, уларда пухта билим ва илғор тафаккур, замонавий кўникма ва малакалар шакллантирилмоқда. Ўн бир йиллик мактаб таълими қайта тикланди. Республикамиз бўйлаб Президент мактаблари, ихтисослаштирилган, ижод ва хусусий мактаблар очиляпти. Уларда иқтидорли болаларни аниқлаб, ҳар томонлама ривожлантириш орқали янги давр кадрларини тайёрлаш учун мустаҳкам асос яратилмоқда.

Ёшларни касбга йўналтириш ишларига эътибор кучайтирилди, амалий машғулотлар ҳажми кўпайтирилди, шунингдек, моддий-техник база янгиланиб, халқаро андозалар даражасидаги илғор технологиялар жорий этилмоқда.

Бугун янгидан бунёд этилаётган мактаблардаги шароитларга бир бор назар ташласак, бу борада амалга оширилаётган ишларнинг маъно-мазмунини янада теран англаймиз. Кенг ва ёруғ, шинам хоналар, замонавий жиҳозланган лабораториялар, электрон доскалар, глобал тармоққа уланган компьютерлар, сўнгги русумдаги ўқув қуроллари ва ускуналари... Улар ҳар бир ёшнинг қувваи ҳофизасини юзага чиқариши, пухта билим олиши учун хизмат қилади.

Янгиланаётган Ўзбекистоннинг мактаб таълими яна бир жиҳатдан ўзига хоски, унда таҳсил олаётган йигит-қизлар нафақат умумтаълим фанларига оид билимларни эгаллайди, балки катта ҳаёт учун зарур бўлган касб-ҳунарларни ҳам ўрганиб, мустақил фаолият юрита оладиган мутахассис сифатида мактабни тамомлайди.

Бу нима учун муҳим, деб сўрашингиз мумкин. Бунинг муҳимлиги шундаки, эртага олий ўқув юртида ўқишга кириш учун ҳаракат қилган йигит-қизлар билимлар рақобатига дош беролмай, омадсизликка учраган тақдирда умидсизликка тушмайди. Негаки, у мактабдаёқ ўзи хоҳлаган касбни пухта эгаллаган ва керак бўлса, шу касб бўйича ишга жойлашиш имкониятига эга.

Халқимизда “Ҳунар — оқар булоқ, билим — ёнар чироқ”, деган пурҳикмат мақол бор. Зеро, қўлида ҳунари бор инсоннинг хонадонида қут-барака ниҳоясиз булоқ суви мисоли доимо оқиб туради. Билим юксак манзилларга, баланд марраларга элтувчи йўлларни худди чироқ каби ёритади. Севган касб-ҳунари, юксак билими бор инсон ҳаёт йўлларида қоқилмайди, ўз орзу-мақсадларига етади.

Мамлакатимизда ҳар бир болага шахс сифатида ёндашилиб, уларнинг замонавий билим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун барча шароит яратилгани замирида ана шундай эзгу муддао мужассамдир.

Буюкларга муносиблик бахти ва масъулияти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 6 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони етакчи тармоқларни сифат жиҳатидан янгилаш ва мамлакатни тараққий эттиришга хизмат қилади.

Бу эса давлат ва жамият ривожидаги, миллий инсоний капитални шакллантиришдаги босқичлардан бири бўлиб, истиқболимиз учун жуда муҳимдир. Биргаликда, умумий саъй-ҳаракатлар ёрдамида олдимизга қўйилган мақсадларга етишимизга сира шубҳа йўқ.

Ишончимиз шунинг учун ҳам мустаҳкамки, ота-боболаримиз жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк инсонлар бўлишган. Абу Али ибн Сино, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбек, Имом Бухорий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Маҳмуд Замахшарийнинг номлари бутун дунёга машҳур.

Илм-фан, адабиёт ва дин соҳаларида эришилган катта ютуқлар, озодлик ва тараққиётга тўсқинлик қилувчи билимсизлик устидан қозонилган ғалаба ана шу буюк тарихий шахсларнинг номлари билан боғлиқ. Улар жаҳон Ренессанси — Уйғониш даврида муҳим роль ўйнаган, илм-маърифат ва ҳунармандчилик ривожига улкан ҳисса қўшишган. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан қадим замонлардан бошлаб одамлар билим ва кўникмаларнинг, турмуш даражасини оширишни таъминловчи ахлоқий-маънавий тарбиянинг мазмун-моҳиятини англаб етишган. Аждодларимиз бизга — кейинги авлодларга ҳажми ва аҳамиятига кўра бебаҳо мерос қолдиришган.

Демак, ҳар биримизнинг бугунги кундаги муқаддас бурчимиз — уларнинг ишини муносиб давом эттиришга қодир бўлиш, яъни билимларимизни тўхтовсиз бойитиб бориш, янги кашфиётларни амалга ошириш, ўз соҳамиз бўйича маҳорат сирларини эгаллашда янги-янги чўққиларни забт этишдан иборат.

Айниқса, бугун ҳар бир ёш авлод вакили буюк аждодларга муносиблик бахти ва ўз навбатида, масъулияти ичра яшаши лозим. Тўғри, ҳар қандай жамиятда иқтисодий ва ижтимоий муносабатларни бир қадар тез ўзгартириш, бу борада янги қонунлар қабул қилиб, туб ислоҳотлар ўтказиш мумкин. Бироқ ҳар доим ҳам ўша янгиланишларга одамларнинг муносабатини, уларнинг бу борадаги тафаккури, кўникмалари, урф-одатларини дабдурустдан ўзгартириб бўлмайди.

Тан олишимиз керак: бугунги ислоҳотлар, уларнинг замиридаги улуғ мақсадларни англаш, идрок этиш баъзилар онгида оғиркарвонлик билан кечаётгани ҳам бор гап. Улар мактабни тамомлаган ўғлининг эртанги истиқболи ҳақида қайғуриш ўрнига “Фарзандимиз шунча йил ўқиди, бўлди-да. Ўқиган билан шаҳар олиб берармиди? Унинг ўрнига ишласин: тўрт-беш сўм пул топса, оила бюджетига ёрдамлашган бўлади” ёки “Қиз бола — бировнинг хасми, ўқиган билан фойдаси йўқ, барибир уйда ўтиради, унинг бахтини бойламай, бирортасига узатиб, тезроқ қутулайлик”, дея саёз фикрлаётган ота-оналар ҳам, афсуски, учрайди.

Бироқ олий таълим олмаган, бирор соҳанинг мутахассиси бўлмаган йигит-қизлар катта ҳаёт йўлларининг пасту баландликларида қоқилиши, учраган тўсиқларни енгиб ўтишга қийналиши мумкин. Шундай экан, аввало, ота-она болага мактабданоқ тўғри йўл кўрсатиши, мурғак қалбнинг орзу-мақсадларига қанот бўлиши керак. Зеро, бунинг учун мамлакатимизда барча шарт-шароит яратилмоқда.

Хусусан, юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича устувор вазифаларга мос кадрларни тайёрлаш мақсадида ўрта-махсус ва олий таълим тизими ҳам тубдан ўзгармоқда. Мисол учун, мамлакатимизда кейинги бир неча йил давомида 43 та янги олий таълим муассасаси фаолият бошлагани, нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари очилаётгани ёш йигит-қизларимиз парвози учун кенг майдон яратмоқда.

Рақамли саводхонлик — глобал эҳтиёж

Замонавий таълим тизимини нимасиз тасаввур этиб бўлмайди? Албатта, рақамли ва компьютер технологияларисиз. IT-технологияларни жорий этиш ва ривожлантириш — бу ҳеч бир истисносиз барча соҳаларда сифат жиҳатидан янгича ҳаётнинг ажралмас бир бўлаги.

Экспертлар фикрича, бугун рақамлаштириш жараёнининг ютуқларини, унинг услубларию механизмлари, имкониятларини ҳисобга олмасдан инсон фаолиятининг бирор соҳасини ривожлантириш мушкул.

Жорий йил Ўзбекистонда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб эълон қилинган. Шу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар, айниқса, пандемия сабабли рўй берган фавқулодда синовлар даврида қанчалик асқатгани ва ўзини тўлиқ оқлагани кундек равшан.

Тўғри, онлайн ва масофавий таълимнинг ижобий ва салбий жиҳатларини таҳлил қилиб, у бўйича турлича муносабат билдириш мумкин. Аммо коронавирус оддий, кундалик ишларимизни ҳам ҳаёт ва саломатлик учун хавфли қилиб қўйган мураккаб бир шароитда ахборот алмашиш ҳамда билим олишда айнан шундай усул қўл келди ва у ягона имкониятга айланди. Ўзбекистон фойдали ва ноёб бўлган бу тажрибани янада бойитмоқда, мазкур йўналишни ривожлантирмоқда, эришилган натижалар билан ўртоқлашишга ҳам тайёр.

Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида киритган, ўзаро келишилган ўқув дастурлари асосида аҳолини ўқитиш, соҳа мутахассисларини тайёрлашга қаратилган ШҲТнинг рақамли саводхонликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш тўғрисидаги таклиф дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди.

Жумладан, германиялик Марказий Осиё бўйича эксперт, "Berliner Telegraph" журнали мухбири Анна Вольтхат янги тараққиёт босқичига ўтган ШҲТда Ўзбекистоннинг алоҳида ролини қайд этар экан, республика раҳбарининг ушбу таклифи иқтисодий ўсишни таъминлашда ахборот технологияларининг роли ортиб бораётган бир шароитда жуда муҳим эканини таъкидлади.

Беларусь давлат университети халқаро муносабатлар факультети профессори Виктор Шадурскийнинг сўзларига кўра, ШҲТ мамлакатлари учун дастур ишлаб чиқиш ғояси давлатлар ва халқларни бирлаштирувчи аниқ ташаббус бўлиб, у замонамизнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларини ҳал этишга қаратилган.

Ахборот-коммуникация технологияларини реал ҳаётга жорий этиш жараёнида нафақат аҳолининг катта қисмида компьютер жиҳозларидан фойдаланиш кўникмалари мавжуд эмаслиги, балки рақамлаштиришнинг аҳамиятини тушунмаслик ҳам халақит беряпти, деб ҳисоблайди эксперт. Замонавий тараққиётнинг рақамли жиҳатлари аҳамиятини тан олмаслик алоҳида шахслар учун ҳам, бутун мамлакатлар учун ҳам аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. АКТдан фойдаланишни билмаслик бугунги кун одами учун “саводсизлик”дир, у айниқса, меҳнатга лаёқатли ёшдаги инсонлар учун кечирилмас ҳол.

— Ўзбекистон етакчиси томонидан таклиф этилган халқаро дастурни мамлакатларимизда 1920 — 1930 йилларда амалга оширилган саводсизликни тугатиш дастури билан қиёслаш мумкин, — дейди В. Шадурский. — Бу борада аниқ ва тушунарли ишлар кўп. Шунинг учун Президент Шавкат Мирзиёевнинг компьютер саводсизлигига қарши курашга даъватини ҳамма эшитиши керак.

Бугунги давр янги қоидалар, янгича ўқитиш услублари ва янги ахборот ташувчиларини таклиф этмоқда. Технологиялар базавий эҳтиёжга, интернет эса “глобал мия” билан алоқа ўрнатиш усулига айланди. Бизнинг мамлакатимиз ўзгарган дунё билан бирга қадам ташлаш учун етарли салоҳиятга эга. Мана, биргина “учинчи Ренессанс” иборасини олинг — у ҳам қоғозда ёзилган ҳолда эмас, балки экранларда кўпроқ кўзга ташланади. Аммо ҳозир ҳам, худди беш юз, минг йил илгаригидек, Уйғониш даврининг негизида билим ва иқтидор, изланиш ва яратувчанлик, синчков ақл-фаросат ва эркин фикрдан иборат мустаҳкам, бузилмас пойдевор ётади. Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади”, деган ғоясининг чуқур фалсафаси ҳам шунда.

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?