Икки қардош халққа оид архив ҳужжатлари кўргазмаси

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро шаҳрида Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги, вилоят ҳокимлиги ва Абу Али ибн Сино номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида «Ўзбекистон ва Озарбайжон икки қардош халқ» мавзусида архив ҳужжатлари кўргазмаси ташкил этилди. Тадбирда Озарбайжон Миллий архив бошқармаси вакилларидан иборат делегация ҳам иштирок этди.
Сирасини айтганда, икки халқ ўртасидаги қардошлик алоқалари чуқур илдизга эга. Шу ўринда бир мисол. Бухоролик мозийшунослар Муҳаммаджон Юсуф ал-Қорабоғий номини ҳурмат билан тилга олишади. У асли озарбайжонлик, аммо умрининг кўп қисмини Бухорода ўтказган. Ал-Қорабоғий XVI аср иккинчи ярми — XVII аср биринчи ярмидаги Марказий Осиё ижтимоий-фалсафий ва илмий тафаккури ривожига муносиб ҳисса қўшган улуғ авлиё, ҳикмат ва калом илмлари устози, тилшунос, тасаввуфшунос олим ва шоирдир. Мавлоно Юсуф Қорабоғий Бухоро тумани, Сепулон қишлоғида яшаган ва шу ерда 1645 йилда вафот этган. Қабри Бухоро тумани, Лоша қишлоғига борар йўл ёқасида.
Бевосита кўргазмага тўхталадиган бўлсак, унда икки халқ ўртасидаги азалий дўстликни ифодаловчи кўплаб тарихий фотосуратлар ўрин олган. Улар кишини бир зум яқин ўтмишга етаклаб, икки республика етакчилари, адабиёт ва санъат намояндалари, оддий одамлар ўртасидаги дўстона алоқаларни ёдга солади. Бу анъана бугунги кунда изчил давом этаётганидан далолат беради.
Тадбир иштирокчилари қаторида вилоят озарбайжон маданий маркази вакилларини ҳам кўриш мумкин эди.
— Ўзбекистон – бизнинг Ватанимиз, — дейди марказ раҳбари Марал Мамедова. — Марказимиз ўз атрофига 200 нафардан зиёд қавмимиз вакилларини жамлаган. Барча миллат ва элатлар билан тинч-тотув яшаб келяпмиз. Бугунги тадбир икки халқ ўртасидаги дўстлик, қардошлик ришталари янада мустаҳкамланаётганидан дарак беради.
Кўргазмада қатнашган Озарбайжон Миллий архив бошқармаси бошлиғи Аскер Адил ўғли Расулов ҳам бу каби тадбирларнинг аҳамиятига алоҳида урғу берди.
Кўргазма доирасида «Ўзбекистон – Озарбайжон алоқалари архив фото ҳужжатларида» китоб-альбомининг тақдимоти ўтказилди.
Озарбайжонлик меҳмонлар миллий маданий марказлар фаолият юритаётган «Дўстлик» уйида бўлишди. Улар кўҳна Бухоронинг диққатга сазовор жойларини ҳам томоша қилишди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг