Икки ҳудудда ўзбошимчалик билан норуда фойдали қазилмалар қазиб кетилди

17:30 16 Март 2025 Жамият
203 0

Самарқанд ва Бухоро вилоятларида норуда фойдали қазилмаларни ўзбошимчалик билан қазиб олиш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қўшработ тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда «Ш.Б.» МЧЖ раҳбари А.Х. ва бошқалар «Шова» МФЙ ҳудудидан ўтувчи сой бўйидан норуда фойдали қазилма ҳисобланган қум-шағал аралашмасини корхона махсус техникалари ёрдамида қазиб олиб, МЧЖ ишлаб чиқариш цехига етказиб бераётганликлари аниқланиб, 3 дона махсус техникалар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.

Шунингдек, ўтказилган терговга қадар текширувда МЧЖ масъул шахслари жами 35,8 минг куб ҳажмдаги қум-шағал аралашмасини ўзбошимчалик билан қазиб олиб, давлат ва жамият манфаатларига 3,9 млрд сўм зарар етказганликлари аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси ва Тоғ-кон геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган терговга қадар текширувда Бухоро туманидаги гипс кони ҳудудидан «С.м.», «W.g.», «А-Г.», «К.З.» ва «Б.Г.» МЧЖ масъул шахслари жами 33,5 минг куб ҳажмдаги гипс тошларини ўзбошимчалик билан қазиб олиб, давлат ва жамият манфаатларига 3,4 млрд сўм зарар етказганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 229-моддаси (ўзбошимчалик) ва 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?