Икки эл фарзандига муносиб эҳтиром

18:24 17 Май 2024 Жамият
110 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Ўзбек ва қозоқ халқларининг дўстлиги борасида азалдан кўп ибратли ҳикматлар мавжуд. Академик шоир Ғафур Ғулом бу икки халқни бир китобнинг икки саҳифасига ўхшатган бўлса, қозоқ оқини Асқар Тўқмағамбетов биродарлигимизни тавсифлаб, ўз шеърида «Бир дарахтнинг сояси тушга қадар меники, тушдан кейин сеники», дея лутф этган.

Чинданам, яратганнинг инояти билан қадим-қадимдан қўшни яшаб, орзу-ҳавас, эртанги кундан умид ва мақсадларимиз қоришиб кетган халқлармиз. Мустақилликнинг синовли йилларида бу янада яққолроқ кўзга ташланди. Сўнгги йиллардаги дўстона алоқалар эса ўзаро ҳамжиҳатликда янги даврни бошлаб берди, десак асло муболаға эмас. Айниқса, маданий алоқалар борасида ўнлаб мисолларни келтириш мумкин.

Қозоқ халқининг буюк фарзанди, давлат арбоби Айтеке бий Байбек ули таваллудининг 380 йиллиги Навоий вилоятида кенг миқёсда нишонланганлиги шулардан бири бўлиб, тарихи ва қадриятлари бир икки халқ қардошлик алоқаларининг яна бир тасдиғидир.

— Айтеке бий Байбек ули Нурота туманида туғилиб, Самарқанддаги Улуғбек ва Шердор мадрасаларида таҳсил олган, — дейди тадқиқотчи Раҳим Қодиров. – Йигирма беш ёшида Бухоро ва Самарқанд ҳудудида истиқомат қилувчи қозоқ ва қорақалпоқ халқларининг бош бий даражасига эришган. Она тилидан ташқари араб ва форс тилларини мукаммал билган. Шунингдек, мантиқ, тарих, астрономия ва математикани пухта ўзлаштириб, кўчманчи халқларнинг ҳаётига ҳуқуқий нормаларни шариат қоидалари асосида татбиқ этган. Бунда унинг «Жетти жарға» ижтимоий-ҳуқуқий кодекси муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ўша даврда чўлликларнинг ер, оила ва никоҳ, ҳарбий бурч, судлов ҳамда есирлик каби муносабатлари унинг доирасида тартибга солинган.

Улуғ давлат арбобининг таваллуд айёми муносабати билан ташкил этилган халқаро маданий тадбирга қўшни Қозоғистон Республикаси ҳамда мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларидан тадқиқотчилар, уламолар, кенг жамоатчилик вакиллари ташриф буюрди.

Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамкулов бошчилигидаги меҳмонларни Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов қабул қилиб, унда мазкур тадбир улуғ аллома хотирасига улкан эҳтиромни ифода этиши билан бирга, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва тарихий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ҳамда сайёҳлар алмашувида янги-янги имкониятлар тақдим қилишини эътироф этди. Айтеке бий икки халқнинг бирдек фахри эканлиги алоҳида таъкидланди.

Шундан сўнг меҳмонлар Айтеке бий таваллуд топган ва бугун мангу ором олаётган Нурота туманига йўл олиб, дастлаб қадим шаҳарнинг Чашма меъморий мажмуасини зиёрат қилдилар. Бу ерда ташкил этилган халқ амалий санъати намуналари билан танишиб, фольклор дасталарининг қардош халқларнинг уйқаш анъаналарини ифода этган чиқишларини томоша қилдилар.

Айтеке бий қадамжоси зиёрат қилиниб, унинг халқларимиз давлатчилиги тарихида тутган ўрни алоҳида эътироф этилди.

— Тарихий манбаларда Айтеке бий фидойи ватанпарвар инсон сифатида қайд этилади, — дейди ўлкашунос олим Рамазон Эгамов. — Ўн еттинчи асрдаёқ ўзбек ва қозоқ хонликларини мустамлакалик қисматидан огоҳлантириб, қозоқ жузларини ташқи таҳдидларга қарши бирлашишга даъват этган. Ватанпарварликни унинг «ўз халқини бахтга элтмасдан ҳақиқий ўғлон бахтга эриша олмайди, ўз фидойи фарзандини вояга етказмаган халқ ҳам ҳақиқий бахтга эриша олмайди», деган сўзларида кузатиш мумкин.

Айтеке бий таваллудининг 380 йиллигига бағишланган халқаро маданий тадбир доирасида Навоий шаҳридаги «Спорт саройи»да спортнинг волейбол, шахмат турлари бўйича мусобақалар, икки қардош халқнинг миллий ҳунармандчилик санъати намуналарининг кўргазмалари ташкил этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер