Ихчам тўйлари билан ўрнак ёзёвонликлар
Ёзёвон туманидаги “Баҳор” маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Исмоилжон Болқоновни маҳалладошлари намунали оила соҳиби сифатида билишади. Ушбу оила аъзолари тўй ва маросимларни дабдабасиз, камчиқим ўтказиш борасида бошланган эзгу ташаббусни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади. Исмоилжон ота набираси Аъзамжоннинг никоҳ тўйига 100 нафар меҳмон — қариндош-уруғ, қўни-қўшни, куёв ва келиннинг дўстларини таклиф этди. Бобосининг таклифига тадбиркор набира Аъзамжон қаршилик қилмади. Бўлажак келин – қўли гул чевар ҳам катталарнинг маслаҳатини ёқлади. Натижада шовқин-суронсиз, ортиқча чиқимларсиз ўтган тўй барчага манзур бўлди. Янги ташаббус маҳаллада жуда тез оммалашди. Хуршид Парпиев, Исроил Абдураҳмоновлар ҳам шундай тўй ўтказиб, кўпчиликнинг дуосини олди.
Бундай ташаббус юртимиз миқёсида оммалаштиришга арзийди. Боиси биргина Ёзёвонда жорий йилнинг тўққиз ойида 104 та ажрим қайд этилган. Бу рақам атиги бир йил олдингига солиштирилганда ҳам 24 тага кўпайган. Ажримларнинг қарийб 50 фоизи 30 ёшгача бўлган оилалар. 78 нафар жуфтлик оилавий келишмовчилик туфайли ажрашган. Тумандаги 15 та маҳаллада ажримлар сони сезиларли даражада ошган.
– Шу йилнинг ўтган даврида 235 та низоли оилаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, 137 таси яраштирилди, – дейди Ёзёвон тумани ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Саида Усмонова. – 84 та ноқонуний оиланинг никоҳи расмийлаштирилди.
Аммо бу маълумотлар тўлиқ хотиржам бўлиш учун етарли эмас. Айтайлик, шу йилнинг тўққиз ойида туманда 594 та никоҳ расмийлаштирилди. Лекин бор-йўғи 113 та жуфтлик Ёзёвон тумани “Ёш келин-куёвлар мактаби”даги икки кунлик ўқувга жалб этилган, холос. Афсус, маҳалла хотин-қизлар фаоллари янги оила ҳақида тўй ёки тўйдан кейин эшитиши кишини таажжубга солади.
— Янги ташаббус туфайли битта оиланинг ихчам тўйга сарфлаган маблағи 17,5 – 18 миллион сўмни ташкил этди, — дейди “Баҳор” МФЙ раиси Маҳфуза Мамажонова. — Эндиликда маҳалладаги тўйларнинг ҳар ойлик ҳисоботини юритиш йўлга қўйилди. Ҳар бир оила тўй харажатини олдиндан билади. Унга қатъий амал қилишга одатланмоқда.
Маҳалладаги “Оқила аёллар” ҳаракатига 15 нафар онахонлар бошчилик қилади. Фахрий ўқитувчи Муқаддас Нишонова унга раҳбар. Беш нафар фарзандини ўқитиб, зиёли келинлари билан аҳил-иноқликда яшаётган онахоннинг гапини маҳаллада ҳеч ким икки қилмайди. Маҳалла нуронийлари ҳам фаол. Барча бир ёқадан бош чиқариб, яқин йилларда маҳалланинг 19 та ички кўчаси тўлиқ асфальт қилинди. Қарийб 400 та бетон таянч устунларига қуёш панелли кўча чироқлари ўрнатилди. Жорий йилда “Аёллар дафтари”даги 104 нафар хотин-қизлар тўлиқ рўйхатдан чиқарилди. “Камбағал оилалар реестри”га киритилган 12 та оиланинг 6 тасига амалий ёрдам кўрсатилди.
— 1113 та оилада 4 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дейди “Баҳор” МФЙ хотин-қизлар фаоли Гулбаҳор Ҳасанбоева. — Аммо шу йилнинг тўққиз ойида маҳаллада бирорта ҳам ажрим қайд этилмади. Жиноятчилик кўрсаткичи бўйича ҳам маҳалла “яшил” ҳудудда.
— Тўй ва маросимларда исрофгарчиликка чек қўйиш, одоб-ахлоқ ва миллий қадриятларни тарғиб этиш мақсадида янги 90 кунлик дастур ишга туширилди, — дейди Ёзёвон тумани “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик ҳаракати раҳбари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Мавлудахон Мамадалиева. — Шу мақсадда Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилгани айни муддао бўлмоқда.
2019 йилнинг 14 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинган. Қарор билан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги Низом тасдиқланган. Низомга кўра, оилавий тадбирларда 200 нафаргача, шу муносабат билан бериладиган ош маросимида 250 нафаргача иштирокчи қатнашиши мумкин. Эндиликда низом талаблари асосида миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган қўшимча расм-русум ҳамда шоуларни ўтказишга рухсат берилмайди. Ёзёвонликлар битта маҳалла мисолида бу эзгу ташаббусни юз фоиз ҳаётга татбиқ этиш мумкинлиги исботлади. Навбат кейинги қадамларга... Юртимиздаги ҳар бир маҳалла нуронийлари, фаоллари ва зиёлилар мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаши зарур.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг