Ибн Сино номи билан аталувчи дарахт борлигини биласизми?

13:47 27 Октябр 2023 Жамият
499 0

Фото: “Халқ сўзи”

Дунёдаги кўплаб кўча-ю хиёбонлар, ўқув муассасалари, кутубхоналарга жаҳонда Авиценна номи билан танилган буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино номи берилган. Қатор шаҳарларда унинг ҳайкалини учратиш мумкин. Эътиборлиси, доимо ям – яшил бўлиб турувчи бир дарахт тури ҳам Авиценния деб аталган.

Бу номни унга 1707 -1778 йилларда яшаб ўтган таниқли швед олими Карл Линней берган. Тропик мамлакатларда ўсадиган бу дарахт ўзига хос япроқлари ва пушти гуллари билан ҳам ажралиб туради. Манбаларда айтилишича, унинг 8 тури бор. Айрим турларини хона шароитида ҳам ўстириш мумкин.

Карл Линнейга келсак, у Швециянинг овлоқ бир гўшасида туғилган. Замонавий биологиянинг асосчиларидан бирига айланган бу инсон ўсимликлар ва ҳайвонларнинг биринчи таснифини яратган. Швеция ва Норвегиянинг шимолий қисми Лапландияга ёлғиз ўзи экспедиция уюштириб, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг кўплаб турларини тадқиқ қилган. Олим маълум бир маънода орзулар оғушида яшаган. Дейлик, у Болтиқ бўйида, совуқ ўлкаларда тропик ўсимликларни ўстириш, пахта етиштириш, ипакчиликни йўлга қўйиш ниятида бўлган. Бутун бошли гербарийлар тўплами, илмий асарлари, 2,5 мингта нодир китобдан иборат кутубхонаси ундан қолган бебаҳо мерос саналади.

Қизиғи, ҳаётлигидаёқ дунё тан олган олим даражасига етганига қарамай, у ўртамиёна турмуш кечирган. Шифокорлик ортидан рўзғор тебратган. Доктор сифатидаги шон – шуҳратга эса дасторбош ёки бўйимодарон деб аталадиган ўсимлик барглари қайнатмаси воситасида бир неча беморни тузатгани эвазига эришган. Шундан сўнг уни швед қироллик саройига табиб вазифасига ишга олишган. Назаримизда, айнан шу далил Карл Линнейнинг қомусий олим Абу Али ибн Сино таълимотидан яхши хабардорлигини кўрсатади. Шубҳасиз, ўсимликларни тадқиқ қилиш, улардан фойдаланиб беморларни даволашда унга Авиценна қолдирган бой мерос қўл келган.

Қишин – ёзин ям – яшил турадиган Авиценния дарахтига келадиган бўлсак, бу ном замирида мажозий маъно борлиги кундай равшан, албатта. Буюк аждодимизнинг бой илмий – маънавий мероси асрлар оша ям – яшил дарахтдек яшнаб, соясидан дунёни баҳраманд этиб турибди. Бугун Бухорода бошланган анъанавий анжуман – “ХII Халқаро Ибн Сино ўқишлари” илмий – амалий конференциясида ана шу меросни янада чуқур ўрганиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?