«Ҳунарни асрабон нетгумдир охир»...

19:04 02 Май 2025 Жамият
241 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бугун болалар ўйинчоқлари билан савдо қиладиган дўконларга кирган киши дафъатан шошиб қолади. Пештахталар ранг-баранг ўйинчоқлар билан лиқ тўла. Улар орасида турқини кўрса бола тугул катта ёшлиларни ҳам чўчитадиган, аллақандай махлуқларни эслатувчи қўғирчоқлар ҳам кўп.

— Кейинги йигирма йил ичида дўконларда чет эллардан келтирилаётган қўрқинчли, жангари фильмлар қаҳрамонларини эслатувчи ўйинчоқлар кўпайиб кетди, —  дейди Раъно Эшонқулова. — Ваҳоланки, миллийлигимиздан йироқ бу каби буюмлар болаларимиз руҳиятига салбий таъсир қилади. Уларнинг жиззаки, тўполончи, бераҳм, шафқатсиз бўлиб ўсишларига у ёки бу даражада таъсир ўтказади.

Суҳбатдошимизнинг айтганича бор. Ўйинчоқлар ҳали эс-ҳушини танимаган болажонлар учун яхши овунчоқ бўлишидан ташқари улар дунёқарашининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этадиган восита ҳамдир. Жажжи ўғил-қизларимиз онгу шуурига улар қиёфасидаги эзгулик, яхшилик, оқиллик, меҳнатсеварлик туйғулари сингади. Зеро, халқ эртакларида ҳам шундай эзгу фазилатлар улуғланган.

Айтмоқчи, Бухоро шаҳрида яшовчи Раъно Эшонқулованинг бу мавзуда куйиниб гапириши бежиз эмас. У 35–36 йилдирки, қўғирчоқсозлик билан шуғулланиб келмоқда. «Ҳунарманд», шунингдек, Ўзбекистон Бадиий академияси Бухоро вилоят ижодкорлар уюшмалари аъзоси.

— Қўғирчоқ бу ўйинчоқ, — дейди у. — Боланинг атак-чечаклиги пайтидаёқ у яқин ҳамроҳ, эҳтимолки, дўстга айланади. Уни сеҳрли, мафтункор эртаклар оламига олиб киради. Миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, этнографияни қўғирчоқлар воситасида жажжи ўғил-қизларимиз онгига сингдиришимиз керак, деган ўй менга тинчлик бермайди. Болаларнинг руҳиятига ижобий таъсир кўрсатадиган, миллий қадриятларимизга мос қўғирчоқлар тайёрлашга ҳаракат қиламан.

Раъно опанинг бу борадаги изланишлари зое кетаётгани йўқ. У мамлакат миқёсида ўтказилиб келинаётган ҳунармандлар кўргазмаларида фаол қатнашмоқда. Хорижда ҳам шарқона нафосат, ҳаё-ибо мужассам миллий қўғирчоқларимизни танитмоқда. Хусусан, АҚШнинг Вермонд штати Бурлентон шаҳрида 2015 йилда бўлиб ўтган фестивалда, 2016 йилда Канаданинг Торонто шаҳрида ташкил этилган Қўғирчоқлар анжуманида, 2017 йилда Буюк Британия пойтахти Лондонда ўтказилган халқаро қўғирчоқлар фестивалида ўз ижодий ишлари билан қатнашган.

— Бу фестиваллар чоғида кўргазмамиз олдидан одамлар қадами узилмаганини ҳалигача мароқ билан эслайман, — дейди у. — Шарқона эртаклар мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб ясаган қўғирчоқларимиз уларни ўзига оҳанрабодек тортиб олганди.

Қўғирчоқбозлик кишидан китоб мутолаасини, тарихни билишни талаб қилади. Чунки билим тасаввурни бойитади. Тасаввур эса халқ амалий санъатининг бошқа йўналишларида ижод қилаётганлар қатори қўғирчоқбозга қилинган тақдир туҳфасидир.

Дарвоқе, Раъно опанинг шогирдлари кўп. У бу ҳунарга қизиқиши, иштиёқи бўлган ўғил-қизларга қўғирчоқ ясаш сир-асрорларини қунт билан ўргатади. Уларни мустақил ишлашга ундайди. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг «Ҳунарни асрабон неткумдир охир...» деган ўлмас мисраларини такрорлашни хуш кўради. Кузатгани шуки, қўғирчоқ ясашни ўрганган ёшлар ҳаётда кам бўлишмайди. Улар орасида кейинчалик мусаввир, кандакор, кулол бўлиб етишганлари ҳам бор.

Яқинда Р. Эшонқулованинг шогирдлари, халқ амалий санъати усталари, соҳа мутахассислари Бухоро тасвирий санъат музейида тўпландилар. Бу ерда тажрибали ҳунарманднинг кўргазмаси ташкил этилди.

— Раъно – ўз ишининг устаси саналади, — дейди тадбир қатнашчиси, «Ипак йўлидаги карвонсаройлар» француз ассоциациясининг Бухородаги филиали директори ўринбосари Ирина Мавланова. — У билан узоқ йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Ясаган қўғирчоқлари нафақат болалар, балки ёши катталарда ҳам қизиқиш уйғотади. Шарқ эртакларидаги афсонавий қаҳрамонлар қиёфаси хорижий сайёҳларга ҳам хуш кайфият бағишламоқда.

Бу назаримизда, фидойи ҳунарманд юртдошимиз меҳнатига берилган энг катта баҳодир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?