Ҳовлимизда қуёш эртароқ чиқади

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Вобкент тумани Латифсобунгар қишлоғида истиқомат қилувчи Файзиевлар хонадонида бўлган кишининг баҳри дили очилади. Бу ердаги озодалик, саранжом-саришталик, томорқага бўлган эътибор ҳавасингизни келтиради.
— Ҳовлимизда беш сотихли иссиқхона барпо этганмиз. Помидор, бодринг, булғор қалампири, қизил лавлаги етиштириб кам бўлаётганимиз йўқ, — дейди хонадон соҳиби Абдулла Файзиев. — Томорқадан олти ойда салкам 50 миллион сўм қўшимча даромад олдик. Йил охирига бориб томорқадан олинган фойдани 100 миллион сўмга етказмоқчимиз.
Хонадон аъзолари помидор кўчати етиштириш ҳадисини олишган. Улар эрта баҳорда ўнлаб маҳалладошларига нисбатан арзон нархларда кўчат сотишди. Икки сотихдан иборат мўъжаз боғдаги ўрик ва олмадан турли шарбату мурабболар тайёрлайди. Оғилда соғин сигир, новвос боқилаётганини кўриш мумкин. Плёнка остига экилган ошқовоқ, очиқ ерда етиштирилаётган помидор ҳам бозорга чиқарилади.
Томорқанинг бир қаричини ҳам бўш қўйишга одатланмаган оила аъзолари баъзан қўни-қўшни билан суҳбатда: «Бизнинг ҳовлимизда қуёш эртароқ чиқиб, кечроқ ботади», дея озгина муболаға ҳам қилиб қўйишади.
Сирасини айтганда, эрта турганга нима етсин? Қолаверса, яхши яшаш кўп жиҳатдан оиладаги аҳилликка боғлиқ. Хонадон соҳибига турмуш ўртоғи Умрия опа, ўғли Анвар елкадош. Невараларни айтмайсизми? Ёзув-чизувдан бўш маҳал улар ҳам экинлар парваришига баҳоли қудрат кўмак беришади. Абдулла ака шу боисдан ҳам томорқани қишлоқ ёшларини меҳнатсеварликка ўргатадиган дарсхонага ўхшатади. Бу дарсхонада сабоқ олиб улғайганлар бирор нарсага зориқиб қолмайди.
Сир эмас, орамизда бир парча ерни қаровсиз қолдирган, томорқаси бўла туриб картошка, пиёз, помидор сотиб олгани кунора бозорга тушадиган кишилар ҳам учраб туради. Шундайларга Файзиевлар хонадонини ибрат қилиб кўрсатса арзийди. Зеро, юртимизда ҳовлисига қуёш эртароқ чиқадиган оилалар сафи кўпайсин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг