Ҳовлидаги хазина

17:20 05 Март 2025 Жамият
330 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Фарғона водийсида ҳар бир қарич ернинг қадри баланд. Боиси, феъли ҳам табиатига мос ҳамюртларимиз ер билан «тиллашиш»нинг ҳадисини олган. Экин эккани жойи қолмаса дўпписини тўнтариб, унга бир ҳовуч тупроқни жойлаб, бир жуфт уруғ қадаб, кузда ҳосилини олиш уларга хос фазилат.

Худди шундай ҳолатни Андижон шаҳрида кузатган эдим. Вилоят марказидаги атиги бир сотих майдонга эга мўъжазгина хонадон соҳиби бетон қопламали саҳнга минглаб тувакчаларни жойлаб, помидор уруғи қадайди. Эрта баҳорда уларни сотиб, қўшимча даромад олади. Бунга ҳам қаноат ҳосил қилмай, юз дона тувакка кўчат экиб, парваришлаб, ҳосил етиштиради. Кузда мевасини сотса керакда, деб ўйлаётгандирсиз? Йўқ, уларни тузлаб, қишда сотади. Қарабсизки, бир йилда ўртача 10 млн. сўмгача маблағ ишлаб топади. Бу фойдаланилмай турган бетон устида ишлаб топилган даромад. Агар унинг томорқасида ер майдони бўлсами...

Бу борада Марҳамат тумани аҳолиси ҳам андижонликлардан асло қолишмайди. Ҳудуд узумчиликка ихтисослашганлиги боис ҳар бир ҳовлида сўритоклар мавжуд. Томорқа эгалари «Узумини енгу боғини суриштирманг», дея кўкрак кериб ўтирса ҳам бўладию, бироқ кафтдек ер ҳам бўш қолмасин, деб барча кучини меҳнатга сарфлашади. Бунинг учун ток остидаги ерга ҳам полиз экинларини экишиб, бир йилда уч мартагача ҳосил олишади.

— Февраль ойида ерга картошка уруғини қададик, —дейди Баҳористон кўчасидаги хонадонлардан бирида яшовчи Зумрадхон Ҳакимова. — Ток япроқ ёзиб, остига салқини тушгунча картошка етилиб қолади. Унинг ўрнига булғор қалампири билан бақлажон экамиз. Боиси, бу икки экинга ток остидаги салқин кор қилмайди. 4 сотих майдондан йил давомида 30 миллион сўмгача даромад оламиз. Муҳими, ҳосилни бозорга олиб бормаймиз, харидорлар уйимиздан олиб кетишади. Бир сўз билан айтганда, ҳовлидан кўчага чиқмасдан пул ишлаб топамиз.

Маҳаллада мингдан зиёд хонадонлар бор. Энг кам томорқа майдони 4 сотих, энг кўпи 10 сотихдан иборат. Ундан оқилона фойдаланиш орқали ҳар бир хонадон эгаси бир йилда ўртача 15-20 млн. сўм қўшимча даромад олиш имконига эга.

— Ерга меҳр берсанг у сени боқади, — дея суҳбатга қўшилди «Бобохуросон» МФЙ раиси Таваккал Шомуродов. — 4 сотих томорқаси бор одамнинг аслида бўш вақти бўлмаслиги керак. Ҳовлидаги юмушлари орқали ўзини ўзи банд қилаётган маҳалладошларимиз томорқа билангина чекланиб қолаётгани йўқ. Ахир, чорвачиликда ҳам яхшигина тажриба бор. Иссиқхонасида йил давомида қулупнайдан тортиб бодринггача ҳосил етилиб туради. Томорқа ер майдонларидан фойдаланишдаги имтиёзлар маҳалладошларни янада самаралироқ меҳнат қилишга ундади. Айниқса, солиқ тизимидаги манфаатдорлик туфайли даромадлари ортяпти. Яратилаётган шароитлар сабабли жорий йилнинг ўзида 74 нафар фуқаролар ўз-ўзини банд қилиш орқали даромад манбаига йўналтирилди. 36 нафар маҳалладошларимизга 5 млн. сўмдан 33 млн. сўмгача кредит маблағи ажратилиши натижасида тадбиркорлик фаолиятини бошлади.

Дилдорахон Қорабоева оилавий шароитидан келиб чиққан ҳолда ижтимоий реестрда турарди. Маҳалла еттилиги унинг ички имкониятларини ўрганиб кредит маблағи ажратишга қарор қилди. Ахир, салкам 10 сотихдан иборат томорқа майдонидан унумли фойдаланса нафақат ўзини, балки оила аъзоларини ҳам банд қилиши мумкинда.

— Қўшниларимиз бир қарич ерни ҳам бўш қўймай, ундан яхшигина даромад олишларини кўриб, ҳавас қилардиму маблағим йўқлиги учун улар билан бир сафда меҳнат қила олмаётгандим, — дейди у биз билан суҳбатда. — 30 млн. сўм кредит маблағи ажратилгач, аввало, мўъжазгина иссиқхона барпо этиб, қулупнай кўчатини ўтқаздим. Очиқ майдонга картошка уруғини қададим. Бу борада тажрибасизлигимни ҳисобга олган ҳолда шу йилнинг ўзида камида 15 млн. сўм даромад олишни кўзлаб турибман.

Марҳаматликларнинг шижоати бутун вилоят аҳолисига кўчган. Шу боис улар ўтган йили ҳовлисидаги томорқанинг ўзидан 979 минг тонна ҳосил йиғиб олишга эришди. Жорий йилда бу кўрсаткич янада ортади. Негаки, мавжуд 909 та маҳалланинг 880 тасидаги 564 мингта аҳоли хонадонларида экин экиш мумкин бўлган 25,6 минг гектар томорқа ер майдони мавжуд бўлиб, шундан 60 фоизида бир йилда уч мартагача ҳосил олинади. 2025 йилда йилига икки марта ҳосил оладиган хонадонларнинг 225 тасини уч марта ҳосил олишга ўтказилади. Бунинг натижасида ҳосил миқдори ортиб, аҳоли даромади камида 30 фоизга ошиши кўзда тутилган.

Узоқнинг буғдойидан яқиннинг арпаси яхши, деган нақл бор халқимизда. Бироқ бу ибора бугунги кунга келиб бироз маъносини йўқотган чоғи. Зеро, шундоққина ҳовлидаги томорқадан олинадиган даромаднинг ўзи катта хазина билан бўйлашаётган бугунги кунда арпа нархи ҳам сариқ чақа мисоли гўё... Шу боис ўз ризқини ўзга юртдан тераётган аксарият ҳамюртларимиз она уйига қайтмоқда.

— Хазинам оёқларим остида экану мен бўлса уни излаб қўшни давлатларда юрган эканман, — дейди ҳазиломуз оҳангда шу маҳаллада яшовчи Набижон Усмонов. — Ҳудудимизда томорқадан фойдаланиш бўйича тўпланган бой тажриба туфайли уйимга қайтиб келдим. Сабаби, ҳисоб-китоб қилиб кўрсам, у ёқларда ишлаб топган пулимни ўз уйимда ишлаб топиш имконим бор экан. Бу ҳам бўлса юртимизда камбағалликдан фаровонлик сари доирасидаги ташаббуслар натижасидир.

Мутахассисларнинг фикрича, Иккинчи жаҳон урушидан олдин мамлакатимиз ер майдонида гектаридан 12-15 центнердан ҳосил олинган. 1970 йилларга келиб бу кўрсаткич 40 центнерга етказилган. Бу ўз-ўзидан бўлмаган, албатта! Унинг замирида катта меҳнат, тажриба ва кўникма мавжуд. Худди шунингдек, томорқачиликда ҳам янги босқичга юз тутилмоқдаки, қисқа муддатда у аҳолининг ҳақиқий хазина манбаига айланиши, шубҳасиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?