Ҳиндистонда вакцинаси мавжуд бўлмаган ўлимли вирус тарқалиши қайд этилди

10:56 26 Январь 2026 Дунё
145 0

Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳри яқинида давоси ва вакцинаси мавжуд бўлмаган Нипах вируси тарқалиши аниқланди. Бу ҳақда The Economic Times хабар бермоқда.

Ғарбий Бенгалия штатида вирус билан зарарланишнинг бешта ҳолати қайд этилган бўлиб, улардан учтаси ўтган ҳафта рўйхатга олинган. Жабрланганлар орасида шифокор, ҳамшира ва тиббиёт муассасаси ходими бор.

Яна икки нафар ҳамшира Калькутта яқинидаги хусусий шифохонада Янги йилдан кейин дарҳол вирусга чалинган. Аёлларда юқори ҳарорат кўтарилган ва нафас олиш билан боғлиқ муаммолар кузатилган.

Зарарланганлардан бири комага тушган. У таҳлиллар ўтказилишидан олдин вафот этган беморни даволаш жараёнида вирусни юқтирган бўлиши мумкин. Айрим ОАВлар мазкур аёл ҳам вафот этгани ҳақида ёзмоқда. Шунингдек, 100 нафар инсон карантинга олингани маълум қилинган.

Қайд этилишича, аввал ҳам Ҳиндистоннинг Керала штатида Нипах вируси тарқалиши кузатилган. 2024 йилда ушбу ҳудудда вирус юқтирган икки нафар бемор ҳалок бўлган.

Нипах — ўта хавфли, ўлимга олиб келувчи вирус бўлиб, унга қарши вакцина ёки самарали даво усули мавжуд эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти уни юқори хавфли патогенлар қаторига киритган. Ўлим кўрсаткичи 40–70 фоизни ташкил этади, чунки вирус мия шишини келтириб чиқаради. Инсонларда юқиш ҳолатлари кам учрайди, кўпинча вирус кўршапалаклар ёки ифлосланган мевалар орқали юқади.

Асосий аломатлар — юқори ҳарорат, бош ва мушак оғриқлари, кучли чарчоқ. Касаллик йўтал, нафас қисилиши ва ўпка яллиғланиши (пневмония) билан ҳам кечиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер