«Ҳаётнинг ўзи катта театр...»
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Элимизнинг севимли санъаткори, таниқли кино ва театр актёри, Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадсоли Юсупов билан Фарғона шаҳри кўчаларида бирга юрсангиз, ҳамма кулиб қараётганини сезиб қоласиз. Бу бироз ноқулай, аммо ёнингиздаги инсоннинг халқимиз орасида машҳурлигини тушуниб етгач, ушбу ҳолат табиий эканлигини англайсиз.
Бу актёр драматург Шароф Бошбеков асари асосида саҳналаштирилган «Темир хотин» спектаклидаги Қўчқорбой роли орқали машҳурликка эришган. М. Юсуповнинг хотирлашича, катта танлов бўлган ва асар муаллифидан бу ролни ўзи сўраб олган.
— Ҳаётнинг ўзи катта театр, — дейди устоз санъаткор. — Тошлоқ туманидаги 15-умумий ўрта таълим мактаби саҳнасида кичик-кичик ролларим билан танилганман. Таниқли журналист, синфдош, партадош дўстим Набижон Собиров (тажрибали журналист узоқ йиллар мобайнида «Халқ сўзи» газетасининг Фарғона вилояти бўйича мухбири сифатида фаолият кўрсатган) билан тадбирларда бадиий чиқишлар қилиб турардик. Ўша йиллари республика телевидениеси орқали ҳар ҳафтанинг шанба куни эфирга узатиладиган «Телевизион миниатюралар театри»нинг рейтинги жуда баланд бўлиб, мен Эргаш Каримов, Набижон эса Ҳасан Йўлдошев ижросидаги парчаларни мактаб саҳналарида қойилмақом тарзда ижро этардик. Устозлар, тенгдошларимиз роса олқишлашарди.
Тошкент театр ва рассомчилик институтининг тайёрлов курсига ўқишга кириш учун 24 ўринга 120 нафар талабгор курашиб, мазкур гуруҳга қабул қилиндим. Астойдил ўқидим ва 7 нафар абитуриент қаторида талаба бўлдим. Ўқишдан сўнг бир муддат институтда ҳам фаолият олиб бордим.
Кейин Фарғонадаги қадрдон театрга ишга қабул қилишди. Бу даргоҳда кўплаб спектаклларни саҳналаштириб, элу юрт назарига тушдик. Айниқса, театримиз раҳбариятининг Шароф Бошбеков каби машҳур драматурглар билан яхши муносабатда эканлиги репертуаримизнинг ранг-баранглигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этарди. Эсимда, бир гал Шароф ака театримизга келиб, янги ёзган «Темир хотин» асарини ўзи ўқиб берди. Актёрларга образларни танлаш имконияти берилди. Пьесадаги Қўчқорбой роли юрагимни «жиз» эткизди. Шу ролни менга беришларини театрнинг тартибига биноан ёзма равишда билдирдим. Қолаверса, Шароф Бошбеков билан юзма-юз суҳбатлашиб, бош ролни ижро этиш истагида эканлигимни айтдим. Одатига кўра, таниқли драматург мийиғида кулиб қўйди. Бу афтидан розилик аломати эди.

Шу тариқа Қўчқорбой образи менга катта обрў-эътибор келтирди. «Темир хотин» спектакли туфайли дастлаб мамлакатимиз, кейинчалик Марказий Осиё миқёсида ўтказилган фестивалларнинг ғолиби бўлдик. Менга ҳар икки анжуманда «Энг яхши эркак роли» йўналишида ғолиблик насиб этди. Қувонарлиси, «Темир хотин» муаллифи Шароф Бошбековнинг «Спектакль саҳналаштирилаётганида Қўчқорбой образини сизнинг талқинингизда тасаввур қилмагандим. Энди эса ушбу образни сизнинг талқинингизсиз тасаввур қилолмайман», деган эътирофи бўлди. Айни кунларда мени элга машҳур қилган вилоят театридаги фаолиятимни якунлаганман.
Бир неча йиллардан буён Фарғона ихтисослаштирилган санъат мактабида ёшларга актёрлик йўналишида сабоқ бериб келяпман. Шу боис театрдан кетганим ҳам билинмайди. Ёшлардаги актёрликка бўлган иштиёқни кўриб, кўнглим таскин топади. Камтарона меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган бахтли инсонлар тоифасиданман. Ҳали-ҳануз кўча-кўйда, турли учрашувларда қаҳрамонларимиз исми билан мурожаат қилиш ҳоллари бўлади. Бундан беҳад мамнун бўламан.
— Ўтган йили Фарғона ихтисослаштирилган санъат мактабида ташкил этилган театр студиясида шогирдларим билан бирга бир неча асарларни саҳналаштиришга муваффақ бўлдик, — дейди устоз санъаткор. — Айни кунларда ҳам ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари асосида янги саҳна асарлари устида ишлаяпмиз. Мактабда истеъдодли ёшлар кўп. Шу боис шогирдларимнинг келажагидан кўнглим тўқ, ижодий ютуқлари кўп бўлишига ишонаман.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг