Ҳаётни соддалаштиринг, умрни безанг

...Узоқ йиллар хорижда меҳнат муҳожирлигида бўлган бир танишимиз ниҳоят уйига қайтди. Фарзандларининг тўйини қилиб, элга тўкин дастурхон ёзди. Қозон-қозон ош дамланди. Тўйга ташриф буюрувчи гурас-гурас меҳмонларнинг алламаҳалгача кети узилмади. Ҳатто, тўй эгаси ишлаб қайтган юртдан ҳам меҳмонлар келди. Улар тўй баҳона юртимизнинг гўзал гўшаларини обдан томоша қилишибди. Шунданми, меҳмонлар жуда мамнун эди. Тўй куни эса уларнинг оғзи ланг очилиб қолди ва ажабланишди ҳам: “Бунча одам, бунча сарф-харажат?!.” Чунки улар мезбон йигитнинг хорижда қанчалик қийналиб ишлагани, тийинни тийинга улаб даромад топганига гувоҳ бўлишган эди-да! Ва улардан бири фикрини очиқчасига айтиб қўя қолди: “Сен аҳмоқ экансан, шунча қийналиб топган пулингни бир кунда сарфлаб юбординг-а!” Меҳмонлардан мақтов кутган ҳамюртимиз мулзам бўлиб қолди...
Бу ҳаётий воқеа ҳар биримизни мулоҳазага, мушоҳадага ундайди. Хўш, ўткинчи ҳою ҳавас, дабдабага берилиб, ўзимизни абгор қилмаяпмизми?
Тўғри, халқимизнинг анъаналари бисёр. Топганимизни баҳам кўриш азалий қадриятларимиздан. Аммо “Ҳамма нарсанинг ҳам ози ярар, кўпи зарар”, дейдилар. Ҳукуматимиз томонидан тўйларни ихчамлаштиришга, исрофгарчиликларнинг олдини олишга бўлган чақириқлар узоқ йиллардан буён давом этиб келади. Аммо биз-чи, ҳашамат, сохта обрў ортидан қувганимиз-қувган, маррадан эса дарак йўқ...
Дардни даволаш учун, биринчи навбатда, уни келтириб чиқарган омилни аниқлаш зарур. Ўзини кўрсатишга ўчлик ва дабдабабозликка бизни нима ундаётгани ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрсак. Унинг сабаблари турлича бўлиши мумкин ва ҳар бир кишининг бу саволга ўз жавоби бор. Ана шу сабаблардан бири — ўзидан қониқмаслик комплекси.
Заиф шахсиятни ҳашам ортига беркитишга уриниш
Ўзидан қониқмаслик комплекси машҳур руҳшунос Альфред Адлер томонидан илгари сурилган психологик атама бўлиб, ҳаддан ташқари рақобат ва ҳатто тажовузкорликка ҳам ундаши мумкин бўлган ички қониқмаслик ҳисси ва ишончсизлик туйғуси саналади. Мисол учун, вужудида ҳеч қандай нуқсон бўлмаса-да, узлуксиз равишда ўзини ноқис ва хунук ҳисоблаши оқибатида эстетик амалиётларга боғланиб қолаётган кишилар бугун дунёнинг ҳар ерида кундан-кунга кўпайиб бормоқда.
— Руҳиятида ўзидан қониқмаслик комплекси мавжуд киши ўзини ҳар доим бошқалардан кам ва қадрсиз ҳис қилади, — дейди Қарши давлат университетининг Психология кафедраси профессори Холмурод Каримов. — Натижада, бундай шахс муттасил ўзини ўзгалар билан қиёслаб яшайди. Ўзини ҳаммадан паст кўрадиган кишилар “мен”ини, ўзлигини исбот қилиш учун кўп чиранишади. “Кўрсатиб қўйиш” кайфияти уларни зарурат бўлмаса-да, ҳашамат ва дабдабага ундайди. Кучли руҳшунослар урғу бериб айтадиларки: “Қаерда ҳашамат бўлса, у ерда заифлик, ноқислик бор”.
Мазкур комплексни келтириб чиқарувчи сабаблар кўп. Шулардан бири — ижтимоий босим. Мисол учун, гўзаллик, интеллект, бойлик... масалаларида жамият белгилаб олган стандартлар бу нарсалари тўкис бўлмаган кишиларда етишмовчилик ҳиссини, ноқислик кайфиятини уйғотиши мумкин.
Одатда, бу комплекснинг келиб чиқиши кишининг болалик даврларига бориб тақалади. Ота-оналарнинг фарзандига салбий муносабати, намуна бўлиш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ўрнига, уни муттасил равишда қоралаш, бошқа болалар билан қиёслаш каби “тарбиявий метод” бола шахсиятини бузади. Унда руҳий тушкунлик пайдо қилади. Қарабсизки, бу бола эртага ким бўлишидан қатъи назар, бошқалар томонидан тан олиниш ва мақталиш эҳтиёжини туйиб яшашга маҳкум бўлади.
Олимнинг гапида жон бор. Қулайлик, иссиқ-совуқдан ҳимояланиш, зийнатланиш учун эмас, бошқалардан устун кўриниш учун заиф шахсиятини ҳашамдор либослар ортига беркитишга уринадиган кимсаларни ҳаётда кўп учратамиз. Бундайлар улов сотиб олса ҳам, эҳтиёжига кўра эмас, бошқаларга “кўрсатиб қўйиш” учун минишади. Серҳашам уйи ҳам, қарзга ботиб қилган дабдабали тўйи ҳам “уялиб қолмаслик”, “одамлар нима дейди?”, “ким деган одам бўламиз?” каби андишалар туфайли, аслида... Лекин қачонгача?
Нега уялиш керак?
Холис назар ташласак, инсон нима учун уялиши лозим ўзи? Бор имконини ишга солиб, ҳалол меҳнат қилаётган кишининг бой эмаслиги уятли ишми? Одмироқ бўлса-да, тоза-озода кийиниб юрган инсон энг сўнгги модадаги кийимларга жавонини тўлдириб ташламаётгани учун нега хижолат бўлсин, ахир?
— Жисмоний тарбия дарси учун спорт кийими олиб бера олмаганим туфайли қизимнинг кайфияти тушиб, мендан ранжиб, аразлаб қолди, — дея куйинади фарзандининг тарбияси, келажагини ўйлаб қайғураётган она Умида Мўминова. — Бизнинг ёшлигимизда бугун болаларимиз эга бўлиб турган имкониятлар, қулайликлар йўқ эди. Аммо уларга ўхшаб арзимас нарсалар учун тушкунликка тушавермасдик. “Қизим, ўтган йилдан қолган спорт формангни кийиб тура қол, бинойидек турибди” десам, “Йўқ она, янгисини олиб берасиз, ҳамманинг янги формаси бор”, дея оёқ тираб туриб олди. “Бу ой чиқимимиз кўп бўлди, спорт кийимингни кейинги маошдан оламиз” десам-да, кўнмади.
Унга астойдил тушунтиришга уриндим: “Менга қара, қизим! Ҳаётинг давомида шуни ҳеч қачон эсингдан чиқарма, ўз шахсиятига эга, мустақил фикрли инсон бирор буюми эски ёки оддийроқ бўлгани учун зинҳор ўзини айбдор, эзилган ҳис қилмайди. Телефони кимникидандир арзонроқ бўлгани туфайли ўзини ноқис санамайди. Машинаси унақа эмас, бунақалиги учун ўзини ўзи камситмайди. Агар кимдир шу каби сабаблар туфайли ўзини паст, ночор ҳис этаётган бўлса, бу одам руҳан қашшоқдир. Нима олса ҳам, нима қилса ҳам, бу шуур уни ҳеч қачон тарк этмайди. Ўзгаларда бор нарсалар унда бўлмагани учун ўзини паст санаб умри ўтади.
Сен уяладиган ишга қўл урдингми, ўзингни айбдор санасанг? Ўғрилик, номуссизлик, одобсизлик қилганмидингки, эзиласан? Агар бундай ишлардан йироқ экансан, ўзингни ноқис санашга ҳожат йўқ, қизим, бу гапларимни асло унутма!” дедим.
У ҳеч нарса демади. Балки насиҳатимни ҳозир қабул қилгиси келмаётгандир. Аммо керакли пайтда керакли сўзларни уқтиришдан чарчамайман. Онгига сингишсин, вақти келиб ўзи тушуниб етар.
Фарзандимга инсон одобсиз бўлса, номуссизлик-ғарликдан, ўғриликдан уялиши кераклигини айтдим. Бироқ у жамиятда, кўча-кўйда гапимнинг тасдиғини топа олармикин? Ахир, ёшлар катталарга бемалол ҳурматсизлик қилмоқда, лекин бу ишидан заррача уялаётгани йўқ. Аммо телефонининг русуми эскилигидан эса орланишади.
...Ҳа, бойлик, ҳашамат ортидан қувиб, бировнинг ҳақига тажовуз қилмаётгани, ноқонуний йўлларга ўзини урмаётгани учун шукрона келтириши керак инсон, аслида. Ахлоқсизлик, ўғрилик, фирибгарлик, қаллоблик ва шу каби шармандали ишларга қўл уриб юрганлар уялсин! Аммо афсуски, ўлчовларимиз ўзгариб кетган.
БМТнинг барқарор ривожланиш муаммоларини ҳал этиш йўлларини қидириш муассасалари томонидан дунёнинг энг бахтли мамлакатларини аниқлаш бўйича тадқиқотлар ўтказиб келинади. 2012 йилдан буён 150 дан зиёд давлатлар орасида олиб борилаётган изланишлар натижасида дунёнинг энг бахтли давлатлари рўйхати маълум қилиб турилади. Ана шу рўйхатда иккинчи ўринни қўлдан бермай келаётган давлат — Дания. Бу юрт фуқароларининг бахтлилик сири ўрганилганда, бир неча омиллар аниқланган. Шулардан бири, одамлар орасида ўзаро бир-бирига нисбатан ишонч туйғуси борлиги бўлса, яна бир муҳим омил — аҳоли турмуш тарзида ўзаро рақобатнинг йўқлиги экан. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулоти 56 минг доллардан зиёд бўлган Дания аҳолиси анчагина мутавозе ҳаёт кечириши, жамият орасида серҳашамликка интилиш, кимўзарчилик кайфияти йўқлиги эътироф этилган...
Дарвоқе, қўлимизда бори бахт учун етарли, аслида. Инсонларни бахтсиз, тушкун, сарсон-саргардон қилаётган нарса ўз эҳтиёжлари ортидан эмас, ўзгалар эга бўлган нарсаларни-да қўлга киритиш учун умр тугамагунча тугамайдиган, мағлубияти аниқ жангга ўзларини ураётганларидир.
Истеъмолчиликдан ишлаб чиқарувчиликка ўтиш пайти келди
Дабдабабозликларнинг яна бир сабаби — ҳаётимизда истеъмолчилик кайфиятининг устунлиги.
Саноат ривожланиши инсонларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилди. Унинг инсониятга келтирган фойдаларини санаб тугата олмасмиз балки. Аммо Жалолиддин Румий таъбири билан айтганда, “Ҳар бир муяссариятда маҳрумият ва ҳар бир маҳрумиятда муяссарият бор”. Яъни эришиш бўлган жойда йўқотишлар ҳам бўлади. Саноатнинг инсониятга тақдим қилган манфаатлари баробарида, атроф-муҳитни ифлослантириш каби зарарлари ҳам кам эмас. Шу билан бирга, “истеъмолчилар жамияти”нинг шаклланишида ҳам саноат ва маркетингнинг роли катта.
“Истеъмолчилар жамияти” (consumer society) атамаси инсонларнинг эҳтиёжларидан кўра, истакларини қондиришга ундайдиган ва мунтазам равишда янги маҳсулотлар сотиб олиш ташвиқ қилинадиган жамоавий ҳаёт тарзини англатади. Бундай жамиятда ишлаб чиқаришдан кўра, истеъмолчилик авж олади. Социологларнинг фикрича, “истеъмолчи жамият”да кишиларнинг шахси ва социал мавқеи ҳам эга бўлган ва истеъмолдаги моли билан баҳоланади. “Истеъмолчилар жамияти” инсонларни узлуксиз равишда янги буюмлар сотиб олишга ва эскиларини чиқитга чиқаришга ташвиқ этади. Экологик муаммоларга ва ижтимоий табақаланишга ҳам йўл очади.
Юқоридаги таърифларни ўқиган бўлсангиз, бу тушунчалар бизнинг ҳаётимизга ҳам бегона эмаслиги, балки турмуш тарзимизда яққол акс этиб турганини илғагандирсиз. Ўз-ўзидан, мамлакатимиз аҳолиси истеъмолчи бўлишдан кўра кўпроқ ишлаб чиқарувчи жамиятга айланиши учун нима қилиш керак, деган савол туғилади. Фикримизча, бунинг учун бир томондан, тадбиркорликни ривожлантириш лозим бўлса (шундай ҳаракатлар авжида), бошқа томондан, халқимиз мафкурасини шакллантиришга жиддий эътибор қаратиш зарур. Одамлар кўр-кўрона оммага эргашиб эмас, онгли равишда қарорлар қабул қилиб, ўз ҳаёт стандартларини белгилашга одатланишсин. Шунчаки ҳашамат ва дабдаба учун сарфлаётган пулларини даромад келтирадиган бошқа ишларга тикишга ўтсин. Фарзанд тўйи учун бир неча ўн миллионлаб пул сарфлаётган ота-оналар, тўйни қисқа доирада ихчамгина ўтказиб, қолган пулни шу фарзандининг яхшироқ таълим-тарбия олиши учун сарфлашса, яхшимасми? Яхшилигини ҳамма билади... Аммо биз тўй учун йиғинамизу лекин боламизга китоб олиб беришга келганда, тежамкор бўлиб қоламиз. “Шошмай тургин” деб, бошқа муҳимроқ ишларимиз борлигини рўкач қиламиз.
...Ижтимоий тармоқда бир ота ўз тажрибасини гапириб бераётганига шоҳид бўлдим. Айтишича, фарзанд тўйи ва шу каби дабдабали маросимлар учун кетадиган пулларни ҳисоблаб, тўй ўрнига, боласининг келажаги учун, унинг номига сармоя йиғиб бормоқда экан. Ҳозирда фарзандининг ҳисобидаги маблағи отасиникидан анча кўп эмиш... Ўзига тўқ, иқтисодий имкониятлари кенг, дунёнинг анча-мунча мамлакатларини кўрган, кўплаб халқларнинг ҳаёт тарзлари билан танишган бир дўстимиз айтган эди: “Бирор нима олмоқчи бўлсам, “шу менга керакми?”, дея ўзимдан такрор-такрор сўраб кўраман. Шундан сўнг, кўпинча ўша нарсани олмайман. Чунки у аслида, зарурат ёки эҳтиёж эмас, шунчаки хоҳиш, оний истак бўлиб чиқади”.
Муаммонинг ечими қаерда?
Дарҳақиқат, инсон гоҳида ўзини тергаб турса, мантиқий қарорлар қабул қилишга одатланади. Етти ўлчаб, бир кесадиган бўлади. Эго, яъни нафс деган жонивор жиловлаб турилмаса, инсонни инсон бўлиб яшашга қўймайди, чунки нафснинг хоҳиш-истаклари чегара билмайди. Унинг талабларини қондирганимиз сари хотиржамлигимизни йўқотиб борамиз. Аксинча, инсон қанчалик ҳаётини соддалаштирса, шунчалик хотиржамликка эришади. Илм-фанда тараққиётнинг чўққисига чиққан ва эгосини исталганча эркин қўйиб, маънавий-руҳий муаммолар гирдобига етарлича ботган ғарб олами ҳам эндиликда ҳаловатни оддийликдан, яъни минимализмдан қидира бошлади.
— Минимализм — ҳаётнинг турли йўналишларида одмилик ва ози билан қаноатланишни асос қилиб олган ҳаёт тарзи ва фалсафасидир, — дейди профессор Холмурод Каримов. — Бу мафкура, асосан, кераксиз ашёлардан ва ортиқча истеъмолдан тийилиб, янада мазмунли ва мақсадли яшашга ундайди. Фақатгина буюмлар сонини озайтириш билан чекланмай, айни пайтда ҳаёт тарзи, дунёқараш ва муносабатларда соддалашиш, одмилашишга чақиради.
ХХ асрнинг ўрталарида ўзига тўқ инсонлар қимматбаҳо матолардан тикилган ҳашамдор кийимлар, нафис заргарлик буюмлари ва яхши турмуш даражаси билан ажралиб туришга уринарди. XXI асрга келиб бадавлат шахслар, жумладан, миллиардерлар ва йирик компания эгалари ўртасида оддийлик ва экологик жиҳатдан исроф этмаслик одати пайдо бўлди. Оддий матолардан тикилган кийимлар кийиш, ялтир-юлтир безаклардан қочиш ва маҳсулотларни онгли равишда истеъмол қилиш тренди тарқала борди. Шу тариқа юқори мавқега эга бўлган одамлар атроф-муҳитга камроқ зарар етказиш ҳақида ҳам қайғура бошлади. Бу эса ортиқча материализмдан халос бўлишни англатар эди. Зеро, француз ёзувчиси ва журналисти Антуан де Сент-Экзюпери айтганидек: “Мукаммалликка қўшиладиган нарса қолмаганда эмас, балки олиб ташланадиган ҳеч нарса қолмаганда эришилади”.
Камтарона ҳаёт бизга нима беради? Мисол учун, дижитал минимализм техник воситалардан онгли равишда фойдаланишни тарғиб қилади. Мақсад — техник воситалардан мутлақо воз кечиш эмас, аксинча, улардан ҳаёт сифатини ошириш учун унумли тарзда, маълум ўлчов ва меъёрда фойдаланишдир. Имкон қадар камроқ ишлатиб, ана шу меъёрни топиб олиш хаёл фаромушлиги, экранга тобелик ва муттасил диққат тарқоқлигининг олдини олади. Хотирингизни жамлашга ва иш унумдорлигини оширишга ёрдам беради. Ушбу ихчамлаштириш, соддалаштириш фалсафаси меъморчиликда, уй жиҳозлаш, вақтни тақсимлаш, гап-сўзда, хуллас, ҳаётнинг ҳар жабҳасида амал қилиш мумкин бўлган таълимотдир. Ҳатто, инсонлар билан муносабатларда ҳам акс этиши мумкин. Мисол учун, сизга зарар келтириши мумкин бўлган муносабатлардан воз кечасиз ва янада мазмунлироқ, фойдалироқ муносабатлар ўрнатасиз. Натижада маблағингиз, вақтингиз тежалади. Стресслар озайиб, хотиржамлик ортади.
Демак, ҳаётимизни бўрттириб кўрсатиш, мода кетидан қувиш ва ҳоказо исрофгарчиликларга ҳожат йўқ. Биз буюм йиғишнинг ўрнига илм олиш, тажриба орттириш ҳамда шахсий ривожланишга кўпроқ вақт ва сармоя ажрата олсаккина, излаганимизни топамиз. Бахту саодат, бойлик, руҳий хотиржамлик, обрў-эътибор — буларнинг бари воситаларда эмас, балки ўзимизда. Ҳа, ўзимизда! Инсонни энг юксак нуқтада кўриш иштиёқи билан яшаган ва ижод қилган буюк гуманитар шоир Алишер Навоий икки сатрда бир олам маънони жамлаган:
Ўз вужудингга тафаккур айлагил,
Ҳар не истарсен ўзунгдин истагил.
Ғолиб БАҲРОМОВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг