Ҳаёт мактаби
«Амир Темур», десак, кифоя — бус-бутун улуғ тарих манзаралари кўз олдимиздан бир-бир ўтади. Мўғуллар истилоси даврида ўзимизнинг мустақил давлатимиз бўлмаган тангу тор даврлар, пароканда юрт, қадриятлар топталиши, маънавий ҳаётимиздаги турғунлик, миллат ривожидаги тўхталишлар, дунё цивилизацияси доирасидан четга чиқиб қолиш каби ҳолатлар эсга тушади.

Ҳа, оғир кунларни кўрди бу жабрдийда халқимиз... Хайриятки, барчаси ортда қолди.
Халқимизнинг пешонаси ёруғ ҳамиша. Миллатнинг бахтига, Соҳибқирон дунёга келди, у тарих майдонига кириши билан ҳамма нарса ўзгара бошлади. Аллоҳ ато этган салоҳиятни, ақл-идрокни, фаҳму фаросат, тафаккурни тўлиғича англаган Темурбек тақдир унинг зиммасига қандай вазифа юклаганини теран ҳис қилди. Ва бутун кучини улуғ мақсадларга йўналтиришга қаратди. У халққа, одамларга суянди. Шуниси эътиборлики, ёшлигида унинг ёнига кирганлар, дўст бўлганлар, бутун умр Соҳибқирондан ажралмади, балки юртга ва элга садоқат билан хизмат қилди. Бунга тарих гувоҳ.
Амир Темур хизмат қилган одамни — у саркарда бўладими, олимми, аскарми, ҳокимми, миробми, муҳандисми — асло эсдан чиқармасди. Пири Мир Саййид Барака ўзи ўстириб вояга етказган, элнинг хизматига қўшган кишиларни ҳеч қачон хор қилмасликни маслаҳат берарди. Чунки бир ниҳолни мева берадиган дарахтга айлангунича парваришлаш қанчалик машаққатлар талаб этса, бир ёшни тарбиялаб камолга етказиш учун ундан-да кўп меҳнат цингади, лоақал шу меҳнатни қадрлаш учун ҳам уларни авайлаш керак.
Соҳибқироннинг кечиримли зот бўлгани таърифига эса қалам ожиз...
Яқинда давлатимиз раҳбари худди шундай, ҳокимларимизни хор қилиб қўймаймиз, деганида Соҳибқирон тутумининг ҳаётий ва таъсирчан кучини англадик. Ҳоким деганда, умуман, инсонлар назарда тутилди бу ерда, деб тушунмоқ керак.
Ўзбекистон мустақил бўлиб, жаҳон майдонига қадам қўяр экан, табиийки, ўтмишдаги давлатларимиз тажрибаларини ўрганишга ўзида эҳтиёж сезади, уларга суянади. Бу жиҳатдан, Соҳибқирон тузган Турон салтанати (Амир Темур ўзини «Турон султони» деб атаган, бу сўзларни тошга ўйдириб ёздирган, бу тош хориж музейида сақланади) тажрибалари биринчи ўринда туради.
Буюк саркарда ўз ҳаётида тажрибага катта эътибор берарди. Турмушда орттирилган билимнинг бебаҳо эканини, тажрибали одам ҳеч қачон ишда панд еб қолмаслигини, шундай кишиларга суяниш лозимлигини, шу билан ўзининг тажрибаси ҳам ортиб боришини англаб етди. «Қарори қатъий, тадбиркор, ҳушёр, жанг кўрган, шижоатли бир мард киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқ эканини ўз тажрибамда кўрдим, — деб ёзади Соҳибқирон «Тузуклар»да. — Чунки тажрибали бир киши минглаб кишига иш буюради».
Давлатимиз раҳбари шижоати ва зукколиги билан бугун мамлакатимизда ўн минглаб, юз минглаб ва ундан ортиқ иш ўринлари яратилмоқда. Бунда ўша Соҳибқирон айтган «тажрибали бир киши» хизмати кўзга яққол ташланиб турибди.
Амир Темурнинг ҳаёти, ҳарбий юришлари, ул зотнинг одамлар билан муомала-муносабатлари, хорижий мамлакатлар билан ўзаро дипломатик алоқалари — шахсий фазилатлари ва фаолиятининг ҳар бир жабҳаси биз, авлодларга ибрат мактаби. Ул зотнинг ҳар босган қадами бизга сабоқ.
Давлатимиз раҳбари шу мактабдан сабоқ олишимиз кераклиги, айниқса, ёшларимиз ўқиб-ўрганишлари зарурлиги, бунинг учун шароитлар яратиш лозимлиги ҳақида жон куйдириб, йўл-йўриқ, кўрсатмалар бераётгани алоҳида эътиборга сазовор. Бу — ниҳоятда тўғри ва оқилона йўлдир. Зеро, Соҳибқироннинг ҳаётий тажрибалари, амалга оширган эзгу ишлари, бунёдкорлиги, илм-фанга ривож бериши, ҳарбий санъатни жаҳоний даражага кўтариши билан биргаликда, шу қизғин умр қаймоғи жам бўлган «Темур тузуклари» номи билан машҳур маданиятимизнинг нодир ёдгорлиги бугунги кунда ҳам катта аҳамиятга эгадир.
Жаҳон тарихида давлат тузиш, юрт бошқариш ҳақида Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам кўп китоблар ёзилган. Платоннинг (милоддан аввал XV-XIV асрлар) «Давлат», Абу Наср Форобийнинг (IX аср) «Фозил шаҳар кишиларининг қарашлари», Низомулмулкнинг (XI аср) «Сиёсатнома» («Сияр ул-мулк»), Хожа Самандар Термизийнинг (XVII аср) «Дастур ул-мулк», Ғарбда Флоренцияда ёзилган Никколо Макиавелли (XVI аср)нинг «Подшоҳ», Пруссия қироли, Вольтернинг ҳомийси бўлган Фридрих II нинг (XVIII аср) «Антимакиавелли» китоблари шулар жумласидан. Бу китобларда давлат тузиш, юртни бошқариш, уни обод қилиш, тинч сақлаш тўғрисида жуда керакли маслаҳатлар, чуқур мулоҳазалар, ўринли фикрлар ўртага ташланган.
Лекин «Темур тузуклари» мутлақо бошқа асар. Унинг ўзига хослиги, фарқи нималарда кўринади?
Юқорида келтирилган китобларнинг муаллифлари (қирол Фридрих II бундан мустасно) юрт бошқармаган файласуфлар ва тарихчилар бўлиб, улар салтанат саройларида турли лавозимларда ишлашган, ўзларининг зукко қобилиятлари, тиниқ идроклари ва ўткир кузатувчанликлари билан назария асосида давлат қурилиши тажрибаларини умумлаштириб, ўз рисолаларини яратганлар, лекин давлат тузиш жараёнларида фаол иштирок этмаганлар.
Амир Темур эса барини ўзи бошдан кечирди, куйиб-ёнди, ўзи бошқарди, шу жараённинг ичида қайнаб, пишди. «Қора меҳнат»дан қочмади, ўзини баланд олмади, одамларга яхши муомалада бўлди. Қалби тоза инсонларни излаб топди, ўз атрофига йиғди, дўстлашди, музокаралар олиб борди. Ўзи айтмоқчи: «катталарини оға ўрнида, кичикларини фарзанд ўрнида» кўрди, ҳамфикрларнинг бошларини қовуштиришдан толмади. Натижада катта мустақил салтанат тузишга эришди, давлат асосларини пухта ишлаб чиқди. Ушбу жараёнда ҳаётий зарурат, воқелик унинг олдига жамиятни олға сурадиган, унга ривож берадиган тузуклар-қонунлар яратишни вазифа қилиб қўйди...
Бир мисол келтирамиз. Мамлакатда ободончилик ишлари бошланиб кетди. Шунда янги ерларни ўзлаштиришда олиқ-солиқлар тартибини кўриб чиқиш зарурати туғилди. «Мамлакатни тартибга келтириш ва юксалтириш, унинг ободончилиги, хавфсизлигини амалга ошириш тузуки»да Соҳибқирон раиятдан мол-хирож йиғишда эҳтиёт бўлишни таъкидлаб, одамларни оғир аҳволга солишдан ёки мамлакатни қашшоқликка тушириб қўйишдан сақланиш зарурлигини аниқ кўрсатиб қўйди. Ушбу тузукда шундай сатрлар бор: «Кимки бирон саҳрони обод қилса ёки кориз қурса, ё бирон боғ кўкартирса ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч қандай солиқ олмасинлар...»
Бу ҳаётий адолат ҳозир ҳам ўзининг долзарблигини йўқотгани йўқ.
Агар тузукларда қаламга олинган мавзуларни назардан ўтказсак, уларда жамиятнинг, мамлакат ҳаётининг, воқеликнинг барча соҳаcи эътиборга олинганини кўриб, ҳайратда қоламиз, бир четда қолган мавзу йўқ. Чунки давлат ишида майда нарсалар бўлмайди. Ҳар қандай кичик нарса ҳам муҳим. Ҳаммаси муҳим, ҳаммаси зарур! (Қиёс қилиб, давлатимиз раҳбари шуғулланаётган ишларга бир кўз ташлайлик: Орол денгизи ўрнида кўкаламзор майдонлар барпо қилиш, чарм-пойабзал ишлаб чиқаришни яхшилаш, уюшмаган ёшларни меҳнатга жалб қилиш, тадбиркорликни кучайтириш, тарихни ўрганиш, ишсизларни иш билан таъминлаш, ёшларни тарбиялаш, балиқчиликни ривожлантириш, Алишер Навоий ижод мактабини очиш, фуқаронинг қандай яшаётганини кўриш учун уйига ташриф буюриш, тўйига таклиф этса, боришни унутмаслик... ва бошқа эзгу юмушлар).
«Тузуклар»да аскарни энг қуйи мартабадан олий мартабагача тарбиялаб кўтариш тузуки ўрин олган. Демак, Амир Темурни бир оддий аскарни тарбиялаш ва уни қандай қилиб қуйидан юқорига кўтариш ташвишга солади ва уни мамлакат ҳаётида муҳим ишлардан бири деб ҳисоблаб, «Тузуклар»га киритади. Унда, жумладан, шундай сўзлар бор: «Сипоҳийлардан (аскарлардан) кимки астойдил қилич чопса, ойлигини оширсинлар», «Қайси сипоҳий душман қаршисида қилич чопиб яраланса, уни тақдирлаб, инъом берсинлар», «Қайси сипоҳий хизматда юриб қарилик ёшига етаркан, уни ойлик ҳақдан маҳрум этмасинлар», «Ёши кекса сипоҳийларни ҳурматлаб азиз тутсинлар, улардан фойдали маслаҳатлар олсинлар, чунки уларнинг айтадиган гаплари ўз тажрибаларида кўриб билганларидир. Уларни салтанат корхонасининг устунлари деб билсунлар. Улардан кейин ўғилларини ўринларига ўтқазсинлар...» Яна «Қилич чопиб ўзларини кўрсатишса, биринчи марта — ўнбоши, кейин юзбоши, кейин мингбоши қилиб тайинласинлар...»
Мана, салтанат соҳибининг оддий бир фуқаро ҳақидаги ғамхўрлиги. Ва буни давлат қонунлари қаторига қўшиши. Шуни айтиш керакки, оддий аскар ҳақидаги бу тузук вазирларнинг хизмат қилиш тузукидан анча аввал келмоқда.
Амир Темурнинг давлат тузиш, унда интизом ўрнатиш ва ҳоказоларга катта аҳамият бергани «Темур тузуклари» мундарижасидаёқ кўзга яққол ташланади. Мана қаранг: мамлакат ишлари, сипоҳ сақлаш, сипоҳга улуфа (ҳақ) бериш, ўғиллар ва набираларга улуфа ажратиш, вазир танлаш, саркардаларга ноғора ва байроқ бериш, амирлик мартабаси, уларни инъом-совғалар билан тақдирлаш, дўсту душманга муомала, аскарнинг бегига, бекнинг ўз аскарига муомаласи қандай бўлиши кераклиги... Ҳатто сипоҳийлар, амирлар, мингбошиларнинг мамлакатда уруш ёки тинчлик пайтларидаги йиғинлар ва базм-мажлисларда қандай ўтириб-туришлари ҳам «Тузуклар»да баён қилиб берилган. Бундай ҳолатлар китобда кўп.
«Темур тузуклари» — ҳаёт мактаби. Аллоҳга шукрки, шундай китоб ўзимизда бор, улуғ бобомизнинг бизларни ўйлаб, ғамимизни чекиб, ёзган китоби. «Салтанат қуриш, давлат тутиш бобида ўзим қўллаган ишларни бир неча «Тузук»ка боғладим, — дейди Амир Темур, — салтанатни бошқариш ҳақида қўлланма ёзиб қолдирдим».
Аслини олганда, «Темур тузуклари» инсонга комилликка эришиш йўлларини ёритиб берган нодир асардир. Ундаги йўл-йўриқларга, чуқур панд-насиҳатларга, кенгашларга, тажрибаларга риоя қилиб яшаган инсон Ватанини севгувчи, оқил, эл учун жонфидо, ботир ва қаҳрамон, ҳақиқий юрт фарзанди бўлиб камол топади.
Давлатимиз раҳбари бу китобни «Темурбеклар мактаби»да ёшларимиз ўқишсин, ўқиганда ҳам билиб, тушуниб ўқисин, деб бежиз қайғураётгани йўқ. Буюк зотнинг ҳаётий тажрибалари ёшларга ибрат, йўл кўрсатувчи бўлсин, демоқда. Бу ғоят тўғри. Китоб, айниқса, ҳарбий санъатни, жанг русуми, майдон вазиятини яхши эгаллаш бобида ҳам ёшларга, нафақат ёшларга, балки катталарга, ҳарбий хизматчиларга ёрқин намуна. Ватанимиз ҳимоячилари ушбу ноёб қўлланмадан савқ-ул жайш, яъни стратегия ва таъбият-ул жайш — тактика сир-синоатларини чуқур ўрганиши мумкин.
«Темур тузуклари» кенг қамровли ва донишманд китоблигини назарда тутиб, уни нафақат «Темурбеклар мактаби», балки барча умумтаълим мактабларида ҳам ўқитилса, мақсадга мувофиқ бўларди, деган фикрдамиз. Китоб мактаб дастурининг 9-синф доирасида ўқитилиши мумкин. Ўқувчилар тарихимизни ўрганиш асносида, Амир Темурнинг ҳаётий тажрибаларини ҳам билиб олишади. Бу эса ёшларимизга умр бўйи йўл-йўриқ бўлади, асқатади, албатта.
«Бу тузуклардан, — деб орзу қилган эди Амир Темур бобомиз, — (авлодларим) салтанат ишларини бошқаришда қўлланма сифатида фойдалангайлар, токи мендан уларга етадиган салтанат зарару таназзулдан омон бўлгай...»
Соҳибқирон бобомизнинг орзу-умидлари эса бугун рўёбга чиқмоқда.
Муҳаммад АЛИ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси,
Давлат мукофоти лауреати.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Машарипов ва Ашурматов тўп сураётган жамоа бош мураббийи истеъфога чиқарилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг